Ўзбекистон | 17:00 / 19.04.2021
12749
9 дақиқада ўқилади

Интернетдаги муҳокамалар, сифат ва янги шартномалар — Ангрен шина заводига пресс-тур

15 апрел куни «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти томонидан журналист ва блогерлар учун Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги шина заводига пресс-тур ташкил қилинди.

Расмий номи «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖ бўлган бу завод 2014 йилда ташкил этилган. 2018 йилда эса заводда бирданига автомобиль ва қишлоқ хўжалиги шиналари, резина-мато ва резина-симли конвейер ленталари ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган.

Маълумот берилишича, ҳозирга келиб шиналар ва конвейер учун ленталар ҳам ишлаб чиқараётган завод Германия, Голландия, Италия, Япония ва Хитойдан олиб келинган замонавий ускуналарга эга.

Заводнинг режалаштирилган ишлаб чиқариш қуввати 3,0 миллион дона автомобиль шиналари, 200 минг дона қишлоқ хўжалик шиналари ва 100 минг погон метр конвейер ленталарини ташкил этади.

2019 йилдан бугунги кунга қадар корхона томонидан қиймати 266 млрд сўм бўлган 704,1 минг дона автомобиль шиналари, 16,9 минг дона қишлоқ хўжалиги шиналари ва 72,9 минг погон метр конвейер ленталари ишлаб чиқарилган.

Нима учун янги қурилган корхона маҳсулотлари харидоргир бўлиб кетмаяпти?

Саёҳат давомида журналист ва блогерлар завод директори Ғуломжон Ибрагимовга ушбу савол билан ҳам мурожаат қилишди.

Завод директори эса йўл-йўлакай саволга қуйидагича жавоб берди:

«Биз ҳали янги заводмиз. Бутун дунёда 14 та йирик корхона мавжуд. Бу йирик корхоналарнинг айримларида, 27 та давлатда 67 тадан заводлари бор. Иккинчи ўринда турувчи заводнинг 47 та заводи бор.

Бу корхоналар ҳар йили бозорда маҳсулот сотиш ва ўз маҳсулотини ушлаб туриш учун 18 тадан 107 тагача янги турдаги шина ишлаб чиқади.

Бу ҳолатни Европа, Америка, Япония ва МДҲ давлатлари ишлаб чиқарувчиларининг барчасида кўриш мумкин.

Ғуломжон Ибрагимов, Ангрен шина заводи директори

Заводимизга 2015 йилда асос солинган, 2019 йилда Давлат комиссиясига топширилган. Биз бозорга 2015 йилдаги протектор билан кириб келдик. Шунинг оқибатида бизда маҳсулотларни сотишда муаммолар юзага келди.

Пандемиянинг бизга берган ёрдами шундай бўлдики, бизда маҳсулотларни бозорга мослаштириб олиш учун вақт пайдо бўлди».

Корхонага нега 40 млрд сўм ccуда берилганди?

2020 йилда корхонага Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 40 млрд сўм ссуда берилганди. Пресс-тур давомида завод раҳбарига бу ссуда нима учун берилгани ва у қандай сарфлангани юзасидан ҳам савол берилди.

«Бир нарсани айтишим керак. Корхона барибир давлат корхонаси. Корхона ҳам бир оиладай гап. Давлат ҳам оиласига ёрдам қилганидай, корхонага ёрдам қилди.

Ўша пуллар ҳисобига биз ишларни ташкил қилдик. Ҳам маҳсулот олиб келдик. Биз шу ишларни қилмаганимизда корхонанинг иши ривожланиш ўрнига ортга кетган бўларди.

Дунёда шиналарнинг русуми, ҳажмига нисбатан танлов талаблари ортиб боряпти. Шина қанчалик юмшоқ бўлса, бозорда унга бўлган талаб ошиб бораверади. Шина қанчалик юмшоқ ва қалин бўлса, нархи ҳам ошиб бораверади.

Берилган ёрдамни шундай ишлатдикки, завод технологиясини ўзгартирмасдан, қўшимча валлар олиб келиб, ишлаб чиқаришни ўзгартирдик», – деди Ибрагимов саволга жавобан.

Халқаро стандартлар, сифат ва янги шартномалар ҳақида

Шина заводига саёҳат давом этар экан, завод мутахассислари журналист ва блогерларни бир қатор маълумот ва статистикалар билан ҳам таништириб борди.

Маълум қилинишича, заводда «Bars» бренди остида ишлаб чиқарилаётган шиналар бугун қатор халқаро стандартлар талабларига мос келиши тасдиқланган.

Жумладан, Чехия Транспорт вазирлиги ҳузуридаги резина технологияси ва синов институти (IGTT a.s.) Европа стандартларига мувофиқлигини текширганда «Bars» шиналари Марказий Осиё ва табиий иқлим шароитларига мос, деб тан олинган.

Бунда шиналар ҳар қандай йўл қопламаси билан йўлларда фойдаланиш учун жавоб бериши қайд этилган.

2020 йилнинг ноябр ойида эса «General Motors» корпорацияси талабларига мувофиқ, компания ва маҳсулотларни сертификатлашда техник ёрдам кўрсатиш учун «LingLong» ва «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖ, миллий «Bars» бренди остида шина ишлаб чиқарувчиси ўртасида 4 йиллик шартнома имзоланган.

Бу шартнома Американинг «General Motors» корпорацияси томонидан белгиланган BIQS талабларига мувофиқ «UzAuto Motors» АЖ томонидан ишлаб чиқарилган йўловчи автомобиллари учун шиналар етказиб беришни кўзда тутади.

«Ҳозирда корхона Хитойнинг «LingLong» компанияси техник кўмаги остида мазкур талабларни бажариш бўйича ишларни якунига етказиш арафасида турибди ва жорий йилнинг сентябридан бошлаб Damas автомобиллари учун йил якунига қадар 60 минг дона автомобиль шиналари етказиб берилади. 2023 йилга келиб эса «UzАuto Motors» АЖга 7 турдаги 37,4 млн доллар қийматидаги 1,2 млн дона автомобиль шиналари етказиб бериш режалаштирилган.

2021 йилда корхона томонидан умумий қиймати 538,6 млрд сўм бўлган 1,6 млн дона автомобиль шиналари, 30 минг дона қишлоқ хўжалиги шиналари ва 73,5 минг погон метр конвейер ленталари ишлаб чиқарилиши ва шу билан биргаликда янги турдаги жами 47 хил харидоргир маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ўзлаштириш режалаштирилган бўлиб, ишлаб чиқариш қувватларини ўзлаштириш режаси 40 фоизга етказилади.

2021 йилда қиймати 581 минг долларлик маҳсулотлар экспорти режалаштирилган бўлиб, ҳозирда «АВТОВАЗ» (Россия Федерацияси) компаниясидан 10 минг дона ва «Giant Motors» (Озарбойжон) компаниясидан 76 минг дона автомобиль шиналари учун буюртма келиб тушган.

Шунингдек, завод 3 турдаги қишлоқ хўжалик шиналарини ишлаб чиқаради. Резина-мато ва резина-симли 60 дан ортиқ турдаги конвейер ленталарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди», – деди завод мутахассислари.

Жўрабек Мирзамаҳмудов, «Ўзкимёсаноат» АЖ раиси

Пресс-тур давомида корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг Ўзбекистонга импорт қилинаётган маҳсулотлардан кўра арзонроқ экани таъкидланди.

Жумладан, бир муддат Тошкент вилояти ҳокими бўлиб ишлаган ва ҳозирда ушбу заводга директорлик қилаётган Ғуломжон Ибрагимов бу ҳақда шундай деди:

«Корхонада ишлаб чиқарилаётган автомобиль шиналари республика ҳудудига импорт қилинаётган аксарият маҳсулотлардан сифат кўрсаткичлари бўйича юқори бўла туриб, нарх жиҳатидан уларга нисбатан арзон.

«Биринчи резинотехника заводи» МЧЖ конвейер ленталари маҳаллий гигантларнинг ишлаб чиқариш циклларида кучли ўринни эгаллади, улар сифат хусусиятлари ва чидамлиги билан машҳур.

Жамиятда ишлаб чиқарилаётган автомобиль шиналари (ўртача нархи – 25 доллар экв.) сифат кўрсаткичлари бўйича Корея Республикасидан импорт қилинаётган маҳсулотлар (ўртача нархи – 40-45 доллар экв.) билан бир хил даражада бўлиб, нарх жиҳатидан уларга нисбатан арзон ҳамда Хитойдан импорт қилинаётган сифат даражаси паст маҳсулотлар билан бир хил нархда реализация қилинмоқда».

Заводнинг сифат назорат бўлимида фақат аёллар ишлайди

Маълум бўлишича, шина заводининг сифат назорат бўлимида фақат аёллар ишлар экан. Табиийки, завод саёҳатига келган барчани бу маълумот қизиқтириб қўйди ва унинг сабаби ҳақида сўралди.

«Чунки аёлларда кўриш қобилияти эркакларникига қараганда анча яхши бўлади. Бутун жаҳон аёллар IQ’сида ҳам аёллар баландроқ юради. Шу сабаб дунёдаги бошқа кўплаб заводларда ҳам сифат назоратида аёллар ўтиришади», – деди заводнинг сифат назорати бўлими бошлиғи Элзод Турсунов.

Пресс-тур якунида «Ўзкимёсаноат» АЖ ва шина заводи раҳбарлари, «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров иштирокида матбуот анжумани ҳам ўтказилди.

Унда журналист ва блогерлар заводнинг фаолияти ва келгусидаги стратегик мақсадлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Шина заводига сафар ва матбуот анжумани тафсилотларини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид