Ўзбекистон | 15:23 / 28.07.2021
6130
7 дақиқада ўқилади

Ҳокимлар сайлови: тажриба-синовсиз хулосага кела олмаймиз

Фото: Халқ демократик партияси

Ҳокимлар сайлови масаласида бирон-бир ҳудудда тажриба қилиб кўришимиз зарурлигига тўхталган эдим. Бу таклиф турлича талқин қилинди. Шунинг учун ушбу масалани кенгроқ тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Давлат бошқарувини ислоҳ қилиш янги Ўзбекистон олдида турган энг муҳим вазифалардан бири. Давлат бошқарувини чинакамига демократлаштириш ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва самарали ҳал этишда долзарб аҳамиятга эга. Бу аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни яхшилаш ва коррупциянинг кескин қисқаришига замин яратиш, ресурсларни тўғри йўналтиришга хизмат қилади.

Давлат бошқаруви идоралари ва ҳокимликларнинг тузилмаси тубдан такомиллаштирилиши, ходимлар сонининг мақбуллаштирилиши ҳамда бошқарув идоралари ҳар бир бўғинидаги раҳбар ва ходимларнинг ваколат чегараси аниқ белгилаб берилиши тараққиётнинг янги босқичига етаклайди. Бу, ўз навбатида, бир бирини такрорловчи ва ҳозирги кунда долзарб бўлмаган давлат функцияларини аниқлашга шароит яратади.

Тан олиш керак, кейинги йилларда давлат бошқаруви тубдан такомиллаштирилмоқда, ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти ўртасида ўзаро тийиб туриш, ваколатларни тақсимлаш тизими яратилди. Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва давлат қўмиталари раислари номзоди Бош вазир тақдимига биноан Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланиши ва Президент томонидан тасдиқланиши тартиби белгиланди.

Шу билан бир қаторда Ҳукумат аъзолигига номзоднинг соҳани ривожлантириш бўйича яқин муддатга ва истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури билан депутатлар олдида чиқиш қилиш тартиби жорий этилди. Ҳукумат аъзосининг ўз ҳаракат дастури ижросини амалга оширишига доир масалалар юзасидан ахбороти Олий Мажлис палаталари, уларнинг қўмиталарида мунтазам эшитиб борилиши амалиёти йўлга қўйилди. Қонунчилик палатасида давлат бошқаруви органлари мутасаддиларининг ахборотини эшитиш бўйича “Ҳукумат соати”ни ўтказиб бориш ҳукумат аъзоларининг халқ вакиллари олдида ҳисобдорлигини таъминлади. Яъни, марказда бошқарувни янада демократлаштириш йўлида туб ислоҳотлар давом этмоқда.

Аммо бу жараён жойларда изчил тус олди, деб айта олмаймиз. Манфаатлар мувозанатини таъминлаш нуқтаи назаридан ислоҳотларни қуйига тушириш вақти етди, назаримизда. Очиғини айтиш керак, халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимларни, маҳаллий ижро идоралари фаолиятини таъсирчан даражада назорат қила олмаяпти.

Шунинг учун ҳам маҳаллий ҳокимлар сайлови ҳақида Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг декабрь ойида «Келгусида биз маҳаллий ҳокимларни бевосита халқ томонидан сайлаш масаласи ҳақида ҳам ўйлаб, муҳокама қилиб кўришимиз керак. Ҳар бир ҳудуд ўз раҳбарини ўзи сайласа, раҳбарларнинг халқ ва жамият олдидаги масъулиятини кескин оширишга эришиш мумкин», дея таъкидлаган эди.

Мақола бугун, 28 июл куни «Ўзбекистон овози» газетасида чоп этилди

Бу муҳим фикр сиёсий ислоҳотларга катта чорлов сифатида янграган эди. Ўтган давр мобайнида ушбу масала жамоатчилик томонидан фаол муҳокама қилиб келиняпти, бироқ тизимли ва реал таҳлил кўзга ташлангани, жўяли хулосаларга келинганича йўқ.

Ҳокимлар сайланиши керак, бу — устувор демократик тамойил. Маҳаллий ижро органлари сайлови бугунги ислоҳотлар талаби.

Бу жамиятдаги ислоҳотлар жараёнига фақат ва фақат катта ҳисса қўшади. Аввало, аҳолининг ҳуқуқий ва сиёсий фаоллиги ортишига муҳим таянч яратилади.

Кейинги пайтларда айрим маҳаллий “зодагонларимиз”нинг хурмача қилиқлари ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган турли гап-сўзлардан ҳаммамизнинг хабаримиз бор. Тўғри, уларнинг баъзилари нотўғридир, бироқ баъзилари асосли. Ахборот ошкоралиги замонида яшаётганимиз сабабли хабарлар тез тарқамоқда, жамият психологияси кўз олдимизда ўзгариб бормоқда, одамлар ноқонуний ҳаракатларга зудлик билан муносабат билдирмоқда. Бироқ айрим амалдорлар учун ҳамма нарса аввалгидек қолмоқда. Уларнинг тўраларча қарашлари одамларнинг норозилигига учрамоқда, жамиятдаги ижтимоий ислоҳотлар жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бугун ҳоким бир вақтнинг ўзида ҳам ижроия ҳокимияти, ҳам давлат ҳокимиятининг вакиллик органи бўлмиш халқ депутатлари Кенгашини бошқаради.

Бу тартиб ўша йилларда, яъни мустақиллик йўлига энди қадам қўйган пайтимизда, ҳали маҳаллий бошқарувнинг мустаҳкам тизими шаклланмаган бир вақтда зарурий чора бўлгандир. Аммо ҳокимларга кенг ваколат берилганлиги, ўзи раҳбар бўлган ҳудуддаги фуқароларга ҳисобдор эмаслиги оқибатида уларнинг айримлари ўша ҳудудда ўзларини ҳокими мутлақ сифатида тутадиган бўлишди. Одамларни менсимаслик, ўз устидан назоратни йўқотиб, катта-кичик йиғилишларда ўзгаларни камситиш, ҳақоратлаш каби иллатлар баъзи бир ҳокимлар учун одатий ҳолга айланди.

Демократик мамлакатларда давлат бошқарувининг барча бўғинларида ҳокимиятлар бўлинишининг конституциявий тамойили ҳаётга жорий этилган бўлиб, ўзаро тийиб туриш ва қарши таъсир этиш тизими самарали амал қилади. Бу тизим манфаатлар мувозанатини сақлаб туришнинг муҳим омили саналади. Ўзаро тийиб туриш ва қарши таъсир этиш тизими жорий этилмас экан, маҳаллий давлат бошқарувида том маънодаги адолат бўлишини кутиш мушкулдир.

Тўғри, масаланинг бошқа томони ҳам бор. Агар ҳокимлар сайланадиган бўлса, ҳудудларда чигаллик, тушунмовчилик ҳолатлари юз бериши мумкин. Вакиллик ҳокимиятининг назорат қилишга берилиб кетиши ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг натижадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Аммо “мумкин”, деган эҳтимол билан бошқарувни ислоҳ этиш жараёнини тўхтатиб бўлмайди. Бу масалада аниқ таҳлил, хулосага асос бўладиган реал тажриба керак, деб ўйлайман.

Бунинг учун энг яқин ва хавфсиз йўл шуки, инфратузилмаси ривожланган битта ёки бир нечта шаҳар ва туманларда ҳокимларни сайлаш бўйича тажриба ўтказиш керак. Синаб кўрмагунимизча, бунга тайёр ёки тайёр эмаслигимизни била олмаймиз. Бу биринчи тажриба бўлади, хатолар ҳам бўлар, албатта, лекин секин-аста шу хатолардан сабоқ оламиз. 

Фикримизча, фуқаролик жамияти айнан шу йўлдан бориши керак. Шунда депутатнинг мақоми ҳам ошади. Маҳаллий Кенгашларда партиялар йўналишларига мувофиқ равишда қарашлар ва фикрлар хилма-хиллиги юзага келади. Бундай муҳитда партиялар ўртасида ҳокимиятга интилиш бўйича ҳақиқий конструктив рақобат бошланади.

Ҳудудларда бошқарувни такомиллаштириш долзарб ва муҳим масала. Ҳокимларни сайлаш бўйича муайян ҳудудда тажриба-синов ўтказилиши халқимизнинг, айниқса, сайловчиларнинг катта қисмини ташкил этаётган ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллиги, ижтимоий кайфиятига ижобий таъсир кўрсатган бўларди.

Улуғбек Иноятов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Ⓣ

Мавзуга оид