Жаҳон | 16:59 / 28.07.2021
18970
2 дақиқада ўқилади

"Толибон" делегацияси Хитой ташқи ишлар вазири билан музокара ўтказди

Хитой ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, "Толибон" ҳарбий ва сиёсий куч сифатида Афғонистонда ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Пекинда "Толибон" сиёсий офиси раҳбари мулла Абдулла Ғани Бародар билан музокара ўтказди. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзян маълум қилди.

"28 июл куни ХХР ташқи ишлар вазири Хитойга ташриф буюрган Абдулла Ғани Бародар билан учрашув ўтказди", - деди у.

Чжао Лицзяннинг сўзларига кўра, учрашув давомида Ван И Пекин Афғонистоннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини билдирган.

"Биз мамлакатингиз ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қиламиз", - деган у.

Ван И шунингдек, Хитой ҳукумати Афғонистонда "Толибон" ҳаракати кўмагида тинчлик ўрнатилишига умид қилишини қайд этган.

Ван Ининг таъкидлашича, "Толибон" ҳарбий ва сиёсий куч сифатида Афғонистонда ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Чжао Лицзяннинг сўзларига кўра, учрашув давомида Абдулла Ғани Бародар Хитой ҳукуматига ХХРга ташриф буюриш имкониятини бергани учун миннатдорлик билдирган. У шунингдек, ХХР ҳукумати билан келгусида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилган.

Аввалроқ Ariana News телеканали "Толибон" расмий вакили Муҳаммад Наимга асосланиб, ҳаракат раҳбариятининг тўққиз кишидан иборат делегацияси Хитойга икки кунлик ташриф билан келгани ҳақида хабар қилганди.

Мавзуга оид