Иқтисодиёт | 18:39 / 13.09.2021
15593
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда камбағаллар сонини ҳисоблаш тартиби маълум қилинди

Ўзбекистонда камбағалликнинг расмий чегараси белгиланди. Минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиладиган бўлди. Камбағаллар сони ҳисоблаб чиқилдими?

Aвгуст ойида “Минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик мезони (ёки чегараси) сифатида фойдаланиладиган бўлди.

Kun.uz иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Илҳом Норқуловга Ўзбекистонда камбағаллар сонига оид савол билан мурожаат қилди.

Вазир ўринбосарига кўра, кам таъминланган ва МИХдан кам даромад топаётган оилалар рўйхати шакллантирилгач, камбағаллар сони ҳисоблаб чиқилади.

“Йил якунига бориб бу йилда 10 мингдан ортиқ уй хўжаликларида амалга ошириладиган сўровномалардан келиб чиқиб расмий минимал истеъмол харажатлари қиймати жорий этилади. Бу камбағаллик чизиғи сифатида ишлатилади.

Камбағаллик даражаси тўғрисидаги рақамларга келадиган бўлсак, сўровлар натижасида бу ҳам эълон қилинади. Бирма-бир ҳар битта одам ҳисоблаб чиқилмайди. Лекин 2022 йилдан минимал истеъмол харажатлари меъёри ягона ижтимоий реестрга интеграция қилинади. Фуқаролар унга онлайн ариза беради. Кам таъминланган ёки минимал истеъмол харажатидан кам даромад топаётган оилалар рўйхати шакллантирилгандан кейин камбағаллар сонини ҳисоблаш имконияти бўлади.

Бу икки хил метод асосида бўлади: умумий сўровдан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинади ва камбағаллар сонини ижтимоий реестр орқали 2022 йилда ҳисоблаш имкони бўлади. Лекин бу учун мана шу йилдаги сўровномаларни тугатишимиз керак”, – деди Илҳом Норқулов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими 2020 йилнинг май ойида ишга туширилган эди.

Ушбу тизим кенг жорий этилиши билан ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш бўйича бюрократик босқичлар бекор қилиниши айтилганди.

Мавзуга оид