Деновдаги портлашга бино остидан ўтган ўрта босимли газ қувури сабаб бўлгани айтилди
Деновдаги савдо маркази остидан туман ҳокимлиги биноси қозонхонасига ўрта босимли газ қувури ўтган ва ундан сизиб чиққан газ портлашга сабаб бўлган. Бу ҳақда “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали директори М.Мансуров вилоят ҳокимлигида ўтказилган муҳокамада маълум қилган.
Қайд этилишича, 2021 йил 14 декабр куни вилоят ҳокимлигида Деновдаги “Инденим” савдо мажмуасида содир бўлган портлаш сабаблари муҳокама қилинган. Мажлисда қатнашган “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали директори М.Мансуров ҳолат бўйича изоҳ берган.
Унинг айтишича, ҳодиса рўй берган жойда Ҳукумат комиссияси билан бирга беш кун давомида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ раҳбарияти ҳамда газ таъминоти соҳаси мутахассислари, махсус техника ва асбоб-ускуналарни жалб қилган ҳолда, ўрганиш ўтказган. Текширувларда 2013 йилда қурилган савдо мажмуасининг остидан Денов тумани ҳокимлиги қозонхонасини газ билан таъминлайдиган ерости ўрта босимли газ қувури ўтказилгани аниқланган.
М.Мансуровнинг қўшимча қилишича, амалдаги қурилиш нормаларига кўра, иншоотнинг хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлаш учун бинолар ўрта босимли газ қувурининг хавфсизлик зонасини ҳисобга олган ҳолда қурилиши лозим. Деновдаги савдо мажмуасини қуришда бунга эътибор берилмаган.
Савдо мажмуаси газ қувурининг айнан ўзида қурилгани сабабли ер остидаги коммуникациялар созлигини текшириш учун кириш йўли бўлмаган. Ўтказилган текширувларда мажмуа остида ҳосил бўлган дайди токлар металл қувурларнинг ташқи коррозиясига ва газ қувурида нуқсонлар пайдо бўлишига олиб келгани аниқланган. Бу эса ўз навбатида газ сизиб чиқишига ва газ-ҳаво аралашмаси чақнашига сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 7 декабр куни Денов шаҳридаги савдо марказида кучли портлаш содир бўлган. Оқибатида 9 киши жароҳатланган, икки киши ҳалок бўлган. Бундан ташқари, кучли портлаш сабабли савдо мажмуаси атрофидаги 65та хонадон ва яна бир қатор ижтимоий объектлар турли даражада зарарланган. Шундан 6та уйнинг деворлари ёрилиб, улар яшаш учун мутлақо яроқсиз ҳолга келган. Портлашдан икки кун ўтиб, вайрон бўлган савдо мажмуаси бузиб ташланган.
Эътиборлиси Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Дониёр Масалиев “Инденим” савдо мажмуасидаги портлашга “газ-ҳаво аралашмаси билан боғлиқ чақнаш” сабаб бўлгани ҳозирча дастлабки тахмин экани, портлаш сабабларини ўрганиш учун ўндан зиёд экспертиза тайинлангани ушбу экспертизаларнинг натижалари тайёр бўлганидан сўнг жамоатчиликка бу ҳақда маълумот берилишини таъкидлаганди.
Мавзуга оид
23:26 / 06.11.2024
Бошқирдистонда кўмир ортилган 22 та вагон релсдан чиқиб кетди
17:04 / 22.10.2024
Қўшработда икки қаватли уй портлади. Бир оиланинг 4 аъзоси ҳалок бўлган
12:00 / 12.10.2024
Сергелидаги портлаш: 4 нафар айбланувчининг ҳар бири 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди
18:11 / 07.10.2024