Ўзбекистон | 12:14 / 30.04.2022
81947
2 дақиқада ўқилади

 “Улар нега халқига хиёнат қилди?” — профессор Зарифбой Ибодуллаев “Guangzhou”даги ишларга кўз юмган ватандошлар ҳақида

Бир неча кун аввал “Guangzhou medical of China” МЧЖ мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари билан боғлиқ фаолият бўйича жиноят иши қўзғатилган эди.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаев Kun.uz’га берган интервьюсида “Guangzhou”даги ишларга кўз юмгани учун унинг ўзбекистонлик ходимларидан дарғазаблиги ҳақида гапирди.

“Мен “Guangzhou” клиникаси ОАВда реклама қилиб бошланган илк кунлардаёқ ҳайрон қолгандим. Чунки унда айтилаётган фактларни реалликка умуман солиштириб бўлмайди.

Клиниканинг 42 та филиали бор экан. Хўш, бу филиалларнинг барчасига айтилган дори воситалари, масалан, женшенни Хитойдан етказиб бериш учун ҳар куни камида 6 та самолёт тинмай Ўзбекистонга учиши керак эмасмиди?

Нега бу ишлар шу пайтгача вазирлик ёки божхоначилар томонидан назорат қилинмади?

Зарифбой Ибодуллаев

Бундан ташқари, майли, бу клиникада бошқарувчилар хитойликлар экан, лекин ишчилар ўзбеклар-ку! Нега улар халқини алдашди? Нега улар ўз халқига хиёнат қилишди?

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардаги бўш дори қутиларига эътибор берган бўлсангиз, уларнинг аксариятига “аспирин” ва “индамитацин” дея ёзилган. Бу дорилар шунчаки оғриқни қолдириш учун. Одамлар ана шу дориларни ичган ва оғриғим қолди, дея юраверган.

Ахир ўша дори қутиларини ким бўшатган? Ким дори тайёрлаган? Ўзимизникилар эмасми?

Нега давлат ва депутатлар буни назоратга олмади?” – дея ҳукумат ва депутатларни саволга тутди Зарифбой Ибодуллаев.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид