Жамият | 16:06 / 06.05.2022
47178
13 дақиқада ўқилади

Нега кўпкари мумкин-у, хўроз уриштириш мумкин эмас? — мутахассислар изоҳи

Самарқанд шаҳрида очилган хўроз аренасида ўтказилган рейд муҳокамаларга сабаб бўлди. Рейдда ИИБ ва ДХХ ходимлари махсус ниқобларда хонадонга кириб, қимор ташкилотчисини қўлга олган, у аренага кириш учун 220 кишидан 30 минг сўмдан пул олгани айтилмоқда. Kun.uz мухбири мавзу юзасидан самарқандлик фаол, ИИБ матбуот котиби ва ҳуқуқшунос билан суҳбатлашди.

Фото: Getty Images

Самарқанд шаҳрида, фуқаро хўроз уруштириш учун ўз уйида очган аренада тезкор тадбир ўтказилди. Вилоят ИИБ ва ДХХ ходимлари ўтказган тадбирда аренага кириш учун 220 кишининг ҳар биридан 30 минг сўмдан пул олган бир гуруҳ шахслар қўлга олинди.

Вилоят ИИБ хабарига кўра, бу шахслар томонидан қиморга тикилган қарийб 2 млн сўм пул ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган. Маълум қилинишича, арена 2016 йилда очилган, 2020 йилдан “Самарқанд миллий анъана” оилавий корхонаси сифатида фаолият олиб борган.

Ўйинлар давомида ташкилотчи, пул йиғувчи (кассир), пуллик хизматчи, иш юритувчи ва қўриқчи фаолият кўрсатган. Ташкилотчи қамоққа олиниб, тергов бошланган.

Бу тезкор тадбир муҳокамаларга сабаб бўлгач, Kun.uz мухбири ёзувчи Каримберди Тўрамурод, Самарқанд вилояти ИИББ матбуот котиби Жаҳонгир Саъдуллаев ва ҳуқуқшунос-блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг фикрлари билан қизиқди.

— Каримберди ака, сиз шу вилоятда яшайсиз, бу лавҳани ҳам кўрган бўлишингиз керак. Мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

Каримберди Тўрамурод
Фото: Facebook

— Очиғи, мен шокдаман! Жавобим кулгили туйилмасин. Бир неча хўрозни ушлаш учун ички ишлар қўшинлари, терроризмга қарши кураш бўлими ҳамда ДХХ жангчилари жалб этилган!

Бир нарсага ҳайронман: Нега шундай оламшумул операцияга Самарқанд гарнизони ҳарбийлари, айниқса, Самарқанддаги танк қўшинлари жалб қилинмади?

Мусодара қилинган хўрозларнинг тақдирини тахмин қиляпман, аммо қўлга киритилган жуда кўп миқдордаги пулларнинг: ҳазилми, нақд 1 миллион 995 минг сўмнинг (!) тақдиридан хавотирдаман! Қизиқ, тепада саналган идораларга бу операция қанчага тушди экан? Қўлга киритилган хўрозлар ва пуллар бу харажатларни қоплармикан?

Энг қизиғи, уйида “хўрозлар жанги”дек тақиқланган ва қонли томоша кўрсатиладиган амфитеатр қурган одам ўша ҳудуд участка нозирининг қўшниси экани айтилмоқда. Саволлар туғилади-да: Кўзи ожиз одамни қандай қилиб “участкавой”ликка қўйишган? Кўзи кўр бўлмаса, нега шунча вақт аренани кўрмаган?

Бир фильмда айтилганидек: “Савол бериш осон, аммо жавоб бериш қийин”. Масалан, Самарқанд вилоят ИИБ 4-5 та хўрозни ЎЗ КУЧИ БИЛАН тутолмасмиди?

Бор-йўғи хўроз уриштирувчилар йиғилган жойга шунча маскадаги қора кийимлилар бостириб бориши шартмиди? Ахир мен ўша ерда бўлсам, аниқ юрагим ёрилиб ўлардим. Бўғоз аёл бўлса, аниқ бола ташларди. Агар ИИБ 4-5 та хўрозни ушлашга кучи етмаса, ИИБ сафига хўроз тута оладиган 5-6 синф болаларини олишлари шарт!

— Жаҳонгир, Самарқанд вилояти ички ишлар ходимлари томонидан уюштирилган хўрозбозларга қарши рейдга нима учун ДХХ вакиллари ҳам жалб қилинган? Тақиқланган бўлса ҳам азалдан бўлган миллий ўйинда қандай миллий таҳдид бор?

Самарқанд вилояти ИИББ матбуот котиби Жаҳонгир Саъдуллаев

— Мавзу муҳокамасига ўтишдан олдин бир фикр берсам. Қиморнинг якуни фалокат ёки ўлим бўлган берк кўча. Барчамиз ичимизда ўзимизга савол берайлик, сиз шу каби жойларга фарзандингизнинг боришини ёки қатнашишини истармидингиз?

Саволга келсак, биласизми, фуқаролар хавфсизлиги, юрт осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олишда ҳамкорлик, ўзаро маълумот алмашиш муҳим омил ҳисобланади. Шу сабаб Самарқанд вилояти ҳудудида ўтказиладиган тезкор тадбирлар, профилактик тадбирлар ёки рейдлар фақатгина бир ташкилот, яъни ИИБ томонидан эмас, балки вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказиб келинади. Бу ерда фақатгина хўрозбозлар эмас, расмий саҳифаларимизни кузатсангиз, деярли барча тадбирларимиз ДХХ ёки прокуратура органлари билан ҳамкорликда ўтказилади. Айнан хўрозга урғу бериш хато деб ўйлайман. Ҳаттоки тунги ва кундузги рейдларимиз ҳам ҳамкорликдаги режалар асосида ўтказилади.

Қандай таҳдид бор деганингизга келсак, ҳар бир жиноят бу жамият учун, фуқаролар учун таҳдид. Биз шу таҳдидларнинг олдини олиш ёки уларга барҳам беришга масъулмиз. Бу айримлар учун бир қарашда кулгили ёки оддий ҳолат каби кўринса-да, бу каби қиморхоналарни жамият учун жуда хавфли деб ҳисоблайман. Сабаби бу каби қиморхоналар аниқлангандан сўнг, у ерда 300 дан ҳатто 1000 га яқин одамлар борлиги, ачинарлиси улар орасида балоғатга етмаганлар ҳам мавжудлиги маълум бўлади. Ёшлигидан ҳайвонни қийналиши учун пул тикадиган боладан катта бўлганда нима кутиш мумкин?

Кўпинча қиморхоналарда тезкор маълумотлар базаларида рўйхатда турган, қидирувдаги шахслар, жиноят содир этишга мойил фуқаролар ҳам аниқланади. Уларни текшириш давомида ҳақиқатан ҳам қидирувдагилар, ёнида гиёҳванд моддалар, ўткир тиғли жисмлар сақлаб юрганлар аниқланиб, содир этилиши мумкин бўлган бир қатор жиноятларнинг олди олинади.

Мисол тариқасида айтишим мумкин, 2021 йилда вилоят ҳудудида жами 10 та қиморхона ташкил этиш билан боғлиқ жиноий фактлар аниқланган бўлиб, шундан 3 та ҳолатда хўроз уриштириш аренаси ташкил этиш орқали қиморхона фаолияти йўлга қўйилган. Энди эътибор беринг, шу ареналарда 1000 га яқин, аниқ айтадиган бўлсак, 987 нафар фуқаро аниқланиб, улардан 44 та ўткир тиғли жисм, 145 грамм ҳар хил турдаги гиёҳвандлик моддалари ҳужжатлаштириб олинган. Масалан, 2021 йил 8 феврал куни Каттақўрғон шаҳрида йирик қиморхона фаолиятига чек қўйилган. Унда 3 нафар фуқаронинг чўнтакларидан марихуана гиёҳвандлик моддалари борлиги аниқланиб, расмийлаштириб олинган.

“Миллий халқ ўйинлари” ниқоби остида ўртага пул тикиб парранда ва ҳайвонларни уриштирувчи фуқароларнинг борлиги ачинарли. Бундай ҳолларда уларнинг мақсади ҳайвонларга шафқатсизларча муомалада бўлиб, кўпроқ моддий бойлик орттиришни кўзда тутади. Ҳатто, ҳайвонларни ўлгунга қадар уриштириш турлари ҳам бор. ИИБ ва ДХХ ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирдаги ҳолат азалий миллий ўйинларимиздан фарқ қилади, миллий ўйин ва қиморхона ташкил қилишни ўзаро фарқлай билишимиз лозим. Биз ўтказган ушбу тадбирда фуқаро уйида ташкил қилган хўроз аренасига кирувчилардан 25-30 минг сўмдан пул олган. Ўйинлар давомида ташкилотчи, “чўтал” йиғувчи, яъни кассир, кунлик хизматчи, иш юритувчи ва қўриқчилар ҳам фаолият юритган. Ушбу қиморхона ташкилотчисига нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

— Хушнудбек, ҳуқуқшунос сифатида айтсангиз, нима учун кўпкари миллий ўйин, қадрият сифатида улуғланади-ю, хўроз уриштириш таъқиб қилинади?

Хушнудбек Худойбердиев
Фото: Facebook

— Жавобларимни умумлаштиришга ҳаракат қиламан, чунки бунинг сабаблари кўп ҳамда ўйинларнинг тарихий илдизи ва миллий қадриятларга боғлиқ. Бошқа томондан бу икки тадбирнинг ўтказилиш формати ҳам муҳим. Тарихий илдизларга қарасак, азал-азалдан от йигитнинг йўлдоши бўлган. Отда чопиш, чавандозлик, эпчиллик каби хислатлар билан бирга афсоналарда ҳам улар ёнма-ён келган. Алпомиш, Гўрўғли ёки Равшаннинг отини мисол қилиб келтирсак бўлади. Диёримизда эркак кишининг хўрози бўлсин деган нақл йўқ. Лекин йигит кишининг оти бўлсин, от минишни билсин, деган қарашлар бор.

Ўтказилиш формати – энг нозик қисми. Хўроз уриштириш – бу қимор. Бу ерда инсонларнинг соғлиги, жасурлиги аҳамиятга эга эмас. Чунки бунда одамларнинг ўзи иштирок этмайди. Жонзотларни жангга тайёрлашади ва уларни уриштириб қўйиб, ҳамма томоша қилади. Бунинг ортида эса қимор ётади, яъни пул тикилади. Хўроз уриштириш спорт эмас.

Кўпкарида ўртага соврин мусобақа ташкилотчилари томонидан ёки тўйда бўлса, тўй эгалари томонидан қўйилади. Бунда қимор аралашмайди, унда қатнашиш учун бадал пули тўламайсиз. Ставка қилинмайди. Ставка қиладиганлар ҳам бордир. Лекин азалдан бу нарса бўлмаган, чавандозлар, полвонлар ҳалоллик рамзи бўлиб келган. Шунинг учун унга қимор аралашмаган. Хўроз уриштириш эса қимор. Бу жиноий нуқтайи назаридан ҳам тасдиқланган.

Нега ички ишлар хўроз уриштирилаётган жойга бориб ҳаммани ушлайди-ю, кўпкарида бундай қилмайди? Чунки биринчиси яққол қимор. Кўпкари эса спорт мусобақаси. Кўпкари инсонларни, чавандозларни соғлом турмуш тарзига чорлайди. Албатта, бу хавфли, жароҳат олиши мумкин. Лекин хавф нуқтайи назаридан исталган яккакураш баҳсларида жароҳат олиш ҳолатлари бўлади. Бу ерда йигит кишининг жасурлиги ётади. Хўроз уриштиришда сиз нимжон ва ҳеч қачон спорт билан шуғулланмаган бўлишингиз ва шу хўроз уриштириш – қимор ортидан пул топиб юришингиз мумкин. Мана шулар менимча халқимизда икки ҳолатга турлича муносабатни шакллантирган бўлса керак.

Қонун нуқтайи назаридан бу аниқ, муҳокамага ҳожат ҳам йўқ. Кўпкари қимор эмас, лекин унда ҳам қимор қилиш мумкин. Аммо биз билган кўпкариларда қимор аломатлари йўқ. Хўроз уриштириш эса қимор, унда ставка қилинади ва бунинг қонунчиликда жавобгарлиги ҳам аниқ.

— Жаҳонгир, Каримберди ака айтганидек, юзлаб кишининг бир давра атрофида бирлашиб хўроз уриштиришидан нафақат ўша ҳудуд “участковойи”, балки каттароқ раҳбарлар ҳам бохабар бўлмасликлари иложсиз. Нега лавҳада фақат хўрозбозларга нисбатан чоралар ҳақида гап кетади-да, ички ишлар ходимларига қўлланган чоралар ҳақида гап-сўз йўқ?

– Тўғри айтасиз. Бу каби фактларни ижтимоий тармоқларда ёритган вақтимизда тармоқдагилар томонидан “наҳотки шу қиморхонани профилактика инспектори кўрмаган бўлса” ёки “у ҳам хайрихоҳ” деб, фикрлар билдирилади. Жиноятларни шартли равишда содир этилганидан сўнг фош этиладиган (босқинчилик, қотиллик, ўғрилик ва бошқалар) ва ташаббус билан аниқланадиган каби турларга ажратадиган бўлсак, юқоридаги каби тадбирларимизнинг аксарияти айнан профилактика инспекторларининг маълумотлари асосида ўтказилади. Худди шундай, биз муҳокама қилаётган тадбир ҳам ҳудуд профилактика инспекторининг хабари асосида ўтказилган.

Бу турдаги жиноятлар бевосита ички ишлар органларининг ташаббуси билан аниқланадиган жиноятлар сирасига киради. Агар профилактика инспекторининг ҳудудида олди олиниши мумкин бўлган турдаги жиноятлар содир этилса, албатта хизмат текшируви тайинланиб, унинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлигига ҳуқуқий баҳо берилиб, шахсий таркиб ўртасида муҳокама қилинади. Ёки тизимимиздаги шахсий хавфсизлик ходимлари томонидан бу каби ҳолатларга ходимларнинг алоқадорлиги, хайрихоҳлиги аниқланса, тезкор тадбир ўтказилиб, ходимларнинг ҳаракатларига баҳо берилади.

Мисол тариқасида, ўтган йили маҳалласида олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг профилактикасини етарли даражада олиб бормаган кўплаб профилактика инспекторлари интизомий жазоланган, лекин қиморхона ташкил қилиш, фоҳишахона сақлаш, умуман “қанотим остига оламан”, “кришовать қиламан” деган ҳолатлар аниқланмаган. Яъни ўтказиладиган ҳар бир тезкор тадбир олдидан у тўғрисида обдон маълумотлар олинади, таҳлил қилинади, тадбир тайёрланади. Ходимми ёки бошқа ташкилотлар амалдорларими бу ишларга алоқадорлиги шу вақтнинг ўзида юзага чиқади ва алоқадорлар ҳам четда қолиб кетмайди. Қонун устувор, жазо муқаррар.

Сўзимни якунида фейсбукдаги саҳифамга ушбу тадбир лавҳасини қўйганимда кўзга кўринган, жамият ҳаётида фаол бўлган, ортида минглаб мухлислари бўлган бир ёзувчининг ушбу жиноятга эътиборсизларча муносабатда бўлиб, гўёки арзимас, кам аҳамиятли қилмиш сифатида баҳолаши менинг қалбимни жунбушга солди.

Ҳозирги замон бизни содир этилган ҳар қандай ғайриижтимоий ҳаракат ёки жиноятга (унинг оғирлик даражасидан қатъи назар) фавқулодда ҳолат сифатида муносабатда бўлишимизни талаб этади. Ким учундир арзимас кўринган мазкур жиноятларни ўз вақтида барвақт олди олиниб, илдизига болта урилмас экан, келгусида турли ўта оғир уюшган жиноятларнинг болалаши учун замин яратади.

Ислом дини қиморни қаттиқ қоралагани ва юқоридаги фикрларимиз “хўроз уриштириш аренаси” (қиморхона)ни кулгу ва арзимас ҳодисага йўяётганларнинг фикрларига, бу мавзудаги баҳсларга нуқта қўяди деб умид қиламан.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид