Жаҳон | 21:39 / 12.09.2024
15023
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон кўчманчилар ўйинларидаги кўпкари финали можаро билан якунланди

Қирғизистон спортчилари тақдирлаш маросимида кумуш медалларини ечиб ташлаб, ўз давлати байроғини баланд кўтариб, саҳнадан чиқиб кетди.

Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилаётган Жаҳон кўчманчилар ўйинларининг кўпкари мусобақаси финали можаро билан тугади.

12 сентябр куни ҳал қилувчи баҳсда Қозоғистон ва Қирғизистон кўпкаричилари беллашди. Ўйин мезбонларнинг 5:4 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Беллашув асабий руҳда ўтиб, мезбонлар вакили рақибини қамчи билан урганидан кейин тўполон ва муштлашув туфайли тўхтатиб турилди.

Қирғизистон спортчилари тақдирлаш маросимида кумуш медалларини ечиб ташлаб, ўз давлати байроғини баланд кўтариб, саҳнадан чиқиб кетди.

Кейинчалик, Қирғизистон кўпкари федерацияси финалда қайд этилган натижага норозилик шикоятини ёзди. Улар баҳсни бошқарган қозоғистонлик ҳакам ўз ҳамюртлари фойдасига бир қанча баҳсли қарорларни қабул қилган деб ҳисобламоқда. Шунингдек, қирғизистонликларга маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан босим бўлганини таъкидламоқда.

Жаҳон кўчманчилар ўйинларида Ўзбекистон ҳам иштирок этмоқда ва 11 олтин, 12 кумуш, 11 бронза медали билан учинчи ўринни эгаллаб турибди. Қозоғистон терма жамоаси 33 олтин, 25 кумуш, 28 бронза билан пешқадамлик қилмоқда. Мусобақалар 13 сентябр куни якунланади.

Мавзуга оид