Ўзбекистон | 19:10 / 31.08.2022
29666
3 дақиқада ўқилади

Бахтиёр Саидов ўқитувчилар тоифаси масаласида изоҳ берди

Халқ таълими вазирининг Kun.uz'га айтишича, 15 йиллик узлуксиз стажи бўлгани учун шу йил баҳордаги аттестацияда қатнашмаган олий тоифали ўқитувчиларнинг тоифаси умрбод сақланиб қолади.

Фото: Facebook / BaxtiyorOdilovichSaidov

Халқ таълими вазирлиги 15 йилдан ортиқ меҳнат стажига эга олий тоифали педагоглар ҳукумат қароридаги ўзгариш сабаб малака тоифасини йўқотаётганини рад этди.

Вазир Бахтиёр Саидовнинг Kun.uz'га айтишича, бу борадаги ўзгариш нотўғри талқин қилинмоқда.

“Устозларнинг хавотирга ўрин йўқлигига эътиборларини қаратмоқчиман.

Халқ таълими вазири сифатида шуни алоҳида таъкидлаб ўтаманки, жорий йил март-май ойларида малака тоифаси олиш учун ўтказилган аттестация даврида амалда бўлган тартибга асосан, 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга бўлган олий малака тоифага эга педагогларнинг аттестациядан ўтиши мажбурий бўлмаган ва уларнинг олий тоифа малакаси умрбод сақлаб қолинади.

Шунингдек, албатта, ушбу тоифадаги педагог ходимларимизнинг ойлик иш ҳақлари олий малака тоифага тегишли лавозим окладидан тўланади”, – деди ХТВ раҳбари.

Вазирлик эълон қилган пресс-релизда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмаслиги таъкидланган.

“Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сонли қарори билан Ҳукуматнинг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сонли қарорига киритилган тегишли ўзгартиришга кўра, олий малака тоифа (бош ўқитувчи лавозими)га эга бўлганидан сўнг олий малака тоифани 15 йил давомида сақлаб келган ва узлуксиз иш стажига эга бўлган педагог кадрлар навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмаслиги белгиланган.

Жорий йил март-май ойларида малака тоифаси олиш учун ўтказилган аттестация даврида амалда бўлган тартибга асосан, 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга бўлган олий малака тоифага эга педагогларнинг аттестациядан ўтиши мажбурий бўлмаган ва уларнинг олий тоифа малакаси умрбод сақлаб қолиниши белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунига асосан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмаслиги белгиланганлиги муносабати билан, 2022 йил март-май ойларида ўтказилган аттестация даврида 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга бўлган олий малака тоифали ўқитувчиларнинг мавжуд тоифалари умрбод сақланиб қолишини маълум қиламиз”, – дейилади вазирлик ахборотида.

Қўшимча қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сон қарори билан белгиланган, олий тоифа олганидан кейин бу тоифани 15 йил давомида сақлаб келган ва узлуксиз иш стажига эга ўқитувчиларни навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этмаслик тартиби 2022 йил 2 августдан бошлаб кучга киради.

Мавзуга оид