Ўзбекистон | 12:58 / 21.09.2022
5722
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга юқори ҳосилли буғдой навларининг 20 минг тонна уруғлиги келтирилди

Россия селекциясига мансуб эртапишар, юқори ҳосилли буғдой навлари 20 минг тонна уруғлиги Жиззах вилоятидаги агрокластер томонидан олиб келинди.

Фото: Kun.uz

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарига кўра, бугунги кунда ушбу уруғлик донни белгиланган тартибда тозалаш, саралаш, дорилаш ва қадоқлаш бўйича тадбирлар олиб борилмоқда. Уруғлик донни республика бўйлаб кузги муддатларда экиш учун ғалла етиштирувчи агрокластер ва фермер хўжаликларига тўғри тақсимлаш ҳамда етказиб бериш ишлари Уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан ташкиллаштирилмоқда.

Импорт қилинган мазкур уруғлар ҳисобига Ўзбекистон шароитида ғалла ҳосилдорлиги 10-15 фоизга ошиши кутилмоқда. Бунда уруғ ўз вақтида олиб келиниши катта аҳамиятга эга, эрта экилган уруғ юқори ҳосил олинишига пухта замин яратади.

Уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан 2023 йил ҳосили учун уруғлик ғалла майдонларида ўтказилган дала апробацияси натижаларига кўра, 77,8 минг гектар ер майдонлари яроқли деб топилган ҳамда 270 минг тоннадан ортиқ уруғлик дон жамғарилган. 

Соҳа олим ва мутахассислари кўп йиллик таҳлилларига кўра, Россия Краснодар ўлкасидаги П.Лукяненко номидаги Дон миллий маркази селекциясига мансуб республика тупроқ-иқлим шароитига мос, табиат турли стресс омилларига чидамли серҳосил буғдой навлари юқори авлодли уруғликлари ҳисобига бошоқли дон экинларидан юқори ва барқарор ҳосил етиштириш имкониятларини бермоқда.

Мавзуга оид