Спорт | 15:50 / 18.10.2022
50586
9 дақиқада ўқилади

Бензема Ҳолливуд юлдузи каби яшайди: шахсий самолёт, Дубайдаги зиёфатлар, фил билан футбол

Карим Бензема болалигини Лион шаҳрининг пана-пастқам жойларида ўтказган. 

Фото: Instagram

Ўтган асрнинг 60-70-йилларида француз ҳукумати синов тариқасида кўп квартирали арзон турар жой биноларини қуриш лойиҳасини ишга туширади. Шу тарзда гўзал француз шаҳарлари чеккасида, бир-биридан фарқ қилмайдиган, кўп қаватли, зерикарли, кулранг уйлар пайдо бўлади. Бундай тажриба французларга унчалик ёқмади ва аҳоли яшаш жойларини тезда муҳожирлар эгаллаб олишди. 

80-йилларда Лион чеккасидаги шундай ҳудудлардан бирида Жазоирнинг кичик қишлоқчасидан кўчиб келган Бензема оиласи қўним топди. Бироз кейинроқ оилада Карим дунёга келди. 

Лион чеккасидаги бундай ҳудудларда болалар учун фақат битта хавфсиз кўнгилхушлик бўлган – футбол. Карим ҳам барча тенгдошлари қатори кўчада тўп тепиш билан кун ўтказарди. 

Катта бўлгач, «Лион» ўринбосарлари жамоасида узоқ ушланиб қолмади ва асосий таркибга ўқдек учиб кирди. Аммо унинг учун деярли ҳеч нарса ўзгармади. Қаттиққўл ота-онаси у соат 22:30 дан кейин кўчага чиқишига рухсат бермасди. Тунги клублар, қимматбаҳо машиналар ва шубҳали кимсалар Карим учун ёт бўлиб қолаверди. 

2009 йилда «Реал»га ўтгандан сўнг, унинг турмуш тарзи тубдан ўзгарди: ота-онаси Лионда ака-укалари билан қолишди, банк ҳисоб-рақамига эса йилига 4 млн евро туша бошлади. 

Ниҳоят, Карим ўзи хоҳлагандек яшашга имкон топди. Бир неча йил ўтгач, GQ нашрига берган интервьюсида Карим ҳаётдаги шиорини сўзлаб берди: «Мен ҳаётни яхши кўраман. Ҳар бир дақиқадан завқ оладиган тарзда яшашга ҳаракат қиламан». 

Бензема саёҳат фанати. У шахсий самолёт сотиб олди ва муҳим вазиятларни ёзиб олиш учун профессионал видеографни ёллади 

Каримнинг асосий севимли машғулоти саёҳат қилишдир. Бир томондан олганда сийқаси чиққан гапдек туюлади, аммо ёшлигини пана-пастқам жойларда ва машғулотларда ўтказган йигит ҳар қандай кўнгилочар тадбирдан хурсанд бўлиши табиий ҳол. 

Карим йилига камида икки марта Дубайга боради, ёзда Америкага, дам олиш кунлари эса Ибица оролига (ҳа, унинг диди шундай). 2016 йилда Карим ҳатто шахсий Gulfstream G200 Business Jet самолётини сотиб олди. Унинг нархи 4 миллиондан 20 миллион еврогача ва ҳатто «Реал» футболчиси учун ҳам бу жуда ҳашаматли эди. 2016 йилда Карим йилига 6 миллионга яқин маош олган, 2019 йилдан бери 7,5 – 9 миллион атрофида оляпти. Ўша пайтда самолёт эгаларининг элита клубида фақат Криштиану, Месси ва Неймар бор эди. 

Карим нафақат саёҳатни, балки ҳаёт лаҳзаларини фото ва видеога муҳрлашни ҳам ёқтиради (Instagramʻда 33,5 миллион обуначиси бор). У ҳатто профессионал видеограф ва фотосуратчи Мероже исмли йигитни ҳам ишга ёллаган. 

«Карим қаёққадир кетаётган бўлса, уни сездирмасдан суратга оламан. Уни ҳамма жойда кузатиб бораман: уйда, спорт залида, машинада. Шунинг учун менда жуда кўп материаллар бор. Бир дақиқалик видео тайёрлаш учун бир ярим соатлик материални суратга оламан», дейди Мероже. 

Мероже билан ҳамкорлик қилиш орқали Карим ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сонини кўпайтира олди. 

Бензема ва Дубайнинг «севги ҳикояси»: у ерда туғилган кунини нишонлайди, 500 долларлик зарҳал бифштекс еган ва полиция машинасини ҳайдаган 

Карим Дубайга тез-тез бориб туради. 

«Нега мен Дубайга тез-тез бораман? Менга муҳит ёқади. Қуёш нур сочган, ҳамма нарса чиройли ва замонавий. У ерда ҳамма нарса қиммат, лекин бой одамлар учун ажойиб жой», деб тушунтиради форвард. 

4 йиллик мунтазам парвозлар давомида Бензема Дубайдаги барча кўнгилочар жойларга кириб чиққан. 

Хаёлга келадиган биринчи жой – машҳур ошпаз Salt Bae ресторанида кечки овқат. Турк ошпази оддий бифштекс тайёрлашни ажойиб шоуга айлантирган ва унинг ўзига хос ҳаракатлари (гўштга туз сепиш жараёни) You Tubeʻда миллионлаб марта томоша қилинади. Шу сабабли Instagram аҳли учун Salt Bae ресторанида овқатланиш Бали оролида таътилни ўтказиш каби муҳим. Карим 500 долларга олтин кукуни сепилган гўштга буюртма берди. Ошпаз унга гўштга қарамасдан кесишни буюрди. 

Дубайда у ҳатто полиция машинасини бошқарди. Дастлаб у полиция машинасида олинган видеони жойлаб, мухлисларни қўрқитиб юборди (Мадридда форвард мунтазам равишда жаримага тортилади ва ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади). Сўнгра ҳаммани тинчлантирди. Полициячилар уни таниб қолиб, «Ламборгини» машинасини бошқаришга рухсат беришганини айтди. 

Бенземанинг Дубайдаги энг севимли жойи бу машҳур италян дизайнери Роберто Кавалли франшизаси бўлган Cavalli тунги клубидир. Ҳар йили 23 декабрда, Бензема ўзининг туғилган кунини шу жойда нишонлайди. У клубни бир кунга ижарага олиб, шовқинли зиёфат уюштиради. 

«Карим ўз зиёфатлари ҳақида кўп гапирарди, лекин улар бунчалик шовқинли эканини билмасдим. Мен Карим билан бир оғиз гаплашишга улгурдим. У асосан меҳмонлар билан банд бўлди ва жуда кўп завқланди», — деб эслайди Модрич. 

Бензема милтиқдан ўқ отишга ишқибоз, жониворларни яхши кўради ва фил билан футбол ўйнаган 

Бензема милтиқ отишни яхши кўради. У Мадриддаги уйи ертўласида тир бўлишини орзу қилади, аммо бунга болалари тўсқинлик қилмоқда. Шунинг учун, Бензема полигонларда шуғулланади. 2018 йилда у Майами ўқчилар клубида ўзини намоён этган. 

«Бугун меҳмонимиз франциялик ҳужумчи Карим Бензема эди. У мерганлик маҳоратини кўрсатди! Умид қиламизки, Карим яна биз билан бирга бўлади», деб ёзганди клубнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси. 

Бензема жониворларни ҳам яхши кўради (хайриятки, у мерганлик ва жониворларга бўлган қизиқишини бирлаштирмаган). 

Муаммо шундаки, Карим ноёб жониворларни ёқтиради, улар билан суратга тушади. Бу одати туфайли ҳайвонларни муҳофаза қилиш тарафдорларидан дакки еб туради. 

2017 йил феврал ойида Бензема Мартиника миллий боғида ёввойи игуана билан суратга тушганди. Бу жонивор одамларга ўрганмаган ва қўлга олинса тушкунликка тушиб қолади. 

Сўнгра Дубайда болалари – етти ойлик Иброҳим ва тўрт ёшли Мелиянинг йўлбарс боласи билан ўйнаётгани суратларини қўйди. 

«Йўлбарсчанинг онаси қаерда? Уни нима қилмоқчисиз? У табиий муҳитда бахтиёр яшаши мумкинлиги ҳақида ўйламадингизми?» деб ёзди иш берувчилар касаба уюшмасининг собиқ раҳбари Лоренс Паризо. 

Карим усталик билан жавоб қайтарди: «Ҳурматли Паризо хоним, шошилинч хулоса чиқаришдан олдин кўпроқ маълумот олишингиз керакдир. Албатта, агар бу сизнинг шахсий амбицияларингизни қондириш учун бўлмаса». Паризо твитига 1,5 минг, Каримнинг жавобига 13 минг лайк босилди. Ғолиб аниқ. 

2019 йил декабр ойида Бензема ва дўстлари Дубайдаги миллий боғ бўйлаб саёҳат қилишди. Бу ноёб қўриқхона ҳудуди 225 квадрат километрни ташкил этади. Йигитлар филни пайқаб қолишди ва суратга олиш учун тўхташди. Кимдир тўп олиб келди ва улар фил билан квадрат ўйнашди. Ўша куни Мероже йўқ эди, шунинг учун ижтимоий тармоққа сифатсиз видео юкланди. 

Атрофда жониворлар бўлмаса, Карим экстремал спортга юзланади. 2015 йил январ ойида «Реал» Дубайда «Милан» билан назорат ўйинини ўтказди. Шундан сўнг Бензема ўзининг севимли шаҳрида бир неча кун қолди. У қандай қилиб Анчелоттидан рухсат олгани номаълум, бироқ йигит парашютдан сакрамоқчи эканини айтмаган бўлса керак. 

Карим машҳур Skydive Dubai парашютдан сакраш марказига чопди. У ерда улкан аэропорт қурилган ва 4 минг метр баландликдан парашютда сакраш мумкин. Чипта нархи (фотосуратчи билан бирга) 550 долларга тенг. Каримга омад кулиб боқмади. У фотосуратларни Instagramʻга жойламади, аммо Marca воқеадан хабар топди ва бу ҳақда ёзди. Натижада «Реал» уни жаримага тортди. 

Карим – америкалик рэпер Тупак Шакур ижодининг ишқибози. «Олтин тўп»ни қабул қилиш маросимига ҳам айнан унинг шамойилида келди. Буни кўпчилик пайқади. 

2017 йилда иккинчи фарзанди туғилганидан кейин Карим ўзини анча босиб олди: зиёфатлар камайди, фарзандлари тарбияси билан кўпроқ шуғуллана бошлади, машғулотларда фаоллашди. Лекин Дубайга қиладиган саёҳатлари – тиғиз жадвалидаги ягона заиф нуқталари бўлиб қолаверди.

Мавзуга оид