Ўзбекистон | 08:38 / 04.01.2023
4181
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Покистон 500 млн долларлик лойиҳалар бўйича келишувга эришди

Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг жорий йил Покистонга ташрифи доирасида бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ушбу мамлакатнинг асосий вазирликлари ва идоралари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари раҳбарлари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича Қўшма дастурни қабул қилиш ва келгусида амалга ошириш, Имтиёзли савдо битими юзасидан келишиш ишларини якунлаш ва уни кучга киришини таъминлаш, Транзит савдоси тўғрисидаги битим имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш каби икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди

Тўқимачилик саноати, қурилиш материаллари, минерал ўғитлар, маиший техника ишлаб чиқариш, уй-жой қурилиши, фан-техника, туризм соҳаларида умумий қиймати 500 миллион доллардан ортиқ бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш, кимёвий маҳсулотларни ўзаро етказиб беришга келишилди.

Томонлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш, шакар ва сут маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш ва ишлаб чиқарилишини ташкил қилиш, қўшма шоли етиштирувчи фермер хўжаликлари ва эчки фермаларини ташкил этиш масалаларини назарда тутган ҳолда, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини алоҳида таҳлил қилди.

Покистон томони муҳокама қилинган ташаббусларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга, фитосанитария назорати бўйича ягона қоидаларни жорий этишга, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнига техник ва маслаҳат ёрдамини кенгайтиришга ҳамда минтақавий транспорт-логистика лойиҳаларини амалга ошириш доирасида ҳамкорликни кучайтириш ва минтақадаги манфаатдор давлатларни ҳам ушбу жараёнга жалб этиш юзасидан муносабатларни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Мулоқот якунлари бўйича Ўзбекистон томони қўшма сармоявий лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Мавзуга оид