Ақл бовар қилмайдиган ҳодиса: 10 километр баландликдан қулаб тирик қолган қиз
1972 йилда Югославиянинг JAT авиакомпаниясига тегишли самолёт Стокҳолмдан Белградга учаётганда террорчилар томонидан портлатиб юборилади. Оқибатда самолёт денгиз сатҳидан 10 минг баландликда иккига бўлиниб кетади. Самолёт қисмлари ерга зарб билан урилиб бўлакланиб кетган. Қутқарувчилар йўловчиларнинг жасадларини йиғиштириб олаётганда 22 ёшли стюардессани тирик топишади.
Авиаҳалокатлар орасида Югославиянинг JAT (Jugoslovenski Aerotransport) авиакомпаниясига тегишли бўлган McDonnell Douglas DC-9-32 самолёти билан содир бўлган ҳодиса алоҳида ажралиб туради.
Бу самолёт Швеция пойтахти Стокҳолм шаҳридан Югославия пойтахти Белградга учаётганда номаълум шахслар томонидан портлатиб юборилади.
Оқибатда самолёт осмоннинг ўзида иккига бўлиниб кетади ва 10 160 метрдан Чехословакия ҳудудига қулаб тушади. Қутқарувчилар самолёт бортида бўлган йўловчилар ва экипаж аъзоларининг жасадларини йиғиштириб олаётганда 22 ёшли стюардессани тирик топиб олишади.
Стюардесса оғир тан жароҳатлари олиб, икки оёғи, бир нечта қовурғаси синган бўлса-да, тирик қолган эди. Шифокорлар қизнинг ҳаётини сақлаб қолишади.
Кейинчалик самолётни портлатганлар Хорватияни озод қилиш ҳаракати аъзолари экани маълум бўлади.
Ҳодисадан олдинги вазият
Иккинчи жаҳон урушидан кейин Болқон яриморолида Югославия социалистик федератив республикаси тузилади. Бу давлат таркибида олтита иттифоқдош республика – Сербия, Хорватия, Черногория, Словения, Босния ва Герцоговина ҳамда Македония бор эди.
Иккинчи жаҳон урушигача мустақил бўлган Хорватия, қолаверса, бошқа иттифоқдош республикалар ҳам серблар қўл остида яшашга рози эмасди. Худди СССРдаги каби улар иттифоқ таркибида куч билан ушлаб турилган.
Ўша пайтларда Хорватияни озод қилиш ташкилоти аъзолари бўлган хорватлар тез-тез қўпорувчилик ҳаракатлари содир этиб турарди. Стокҳолмдан Белградга учаётган самолётни портлатиб юборган кимсалар ҳам айнан хорватлар бўлишган.
Ҳалокат
1972 йил 26 январ куни маҳаллий вақт билан соат 13:30 да Югославиянинг JAT (Jugoslovenski Aerotransport, халқаро номи — Yugoslav Airlines) авиакомпаниясига тегишли бўлган McDonnell Douglas DC-9-32 самолёти Стокҳолм-Копенгаген-Загреб-Белград йўналишида парвоз қилади.
Соат 14:30 да самолёт Копенгагенга қўнади ва борт кузатувчилари гуруҳи алмашади. Соат 15:15 да McDonnell Douglas Дания пойтахтидан ҳавога кўтарилади. Ўшанда унинг бортида 5 нафар экипаж аъзоси ва 23 нафар йўловчи бор эди.
Соат 17:00 да самолёт Хорватия пойтахти Загребга қўниши керак эди. Бироқ у манзилга етиб бормайди.
Парвоздан 45 минут ўтиб самолёт 10 160 метр баландликка кўтарилган пайтда самолёт бортида қаттиқ портлаш овози эшитилади. Унинг учувчилар кабинаси жойлашган тумшуқ қисми асосий корпус-фюзеляждан узилиб кетади. Иккига бўлинган самолёт қулай бошлайди.
Қулаётган самолёт бўлаклари ГДР ҳамда Чехословакия (ҳозир бу икки давлат йўқ. ГДР ГФРга қўшилган, Чехословакия иккига ажралиб кетган) чегарасидаги қишлоққа тушади.
Самолёт қулаб тушган жойга биринчи бўлиб қишлоқ одамлари кейин қутқарувчилар келади. Самолётда бўлганларнинг жасади ҳар томонга сочилиб ётар, унда бўлганларнинг барчаси ҳалок бўлганига ҳеч ким шубҳа қилмасди.
Қутқарувчилар самолёт бўлаклари орасидан одамларнинг жасадларини йиғиштира бошлашади. Шу пайтда қутқарувчиларга ёрдам бераётган маҳаллий аҳоли вакили Бруно Хонке самолёт бўлаклари орасида тирик қолган бир қизни кўриб қолади. У 22 ёшли стюардесса Весна Вулович эди.
Бруно қизни шифокорларга топширганида у комада эди. Стюардессанинг иккала оёғи, бир нечта қовурғалари синган, танасининг бошқа аъзолари ҳам турли даражада шикастланган эди.
Ҳалокат сабабларини ўрганиш
Тез орада ҳалокат сабабларини аниқлаш устида ишлар бошлаб юборилади. Тирик қолган қиз комада бўлгани учун ҳали ундан маълумот олишнинг иложи йўқ эди.
Энг аввал учувчиларнинг қони текшириб кўрилади ва уларда маст қилувчи ичимликлар асорати топилмайди. Шунингдек, учувчилар самолёт қулаётган пайтда ўз ўрнида бўлгани маълум бўлади.
Текширувлар давомида самолётнинг техник ҳолати ҳам яхши бўлгани аниқланади. Самолёт янги бўлиб, ҳалокатдан бир йил аввал парвозларни бошлаганди.
Самолёт бир маромда парвоз қилгани ва портлашгача ғайритабиий ҳолат кузатилмагани, учувчилар томонидан диспетчерларга фавқулодда хабар жўнатилмагани аниқланади.
Бироқ самолётнинг тумшуқ ва фюзеляж қисмлари битта жойда эмас, бир-биридан қарийб бир километр узоқликка тушган эди. Мутахассислар самолёт парвоз вақтида портлатилган деган хулосага келишади.
Шундан сўнг ўша куни парвоз қилган йўловчиларнинг шахси текшириб чиқилади. Йўловчилар орасида хорватларнинг ултраўнг миллатчи «Усташи» ташкилоти аъзоси бўлган ва портлашни ўша амалга оширган деган хулосага келинади. Бироқ портлашни айнан ким содир этгани ноаниқлигича қолади.
Кейинчалик, орадан уч ой ўтиб, стюардесса ўзига келганидан сўнг самолёт бортида кучли портлаш бўлгани ҳақида айтади. Шу тариқа самолёт парвоз вақтида портлатилган деган тахмин ўз исботини топади.
Кейинчалик ҳодиса юзасидан суриштирув ўтказган Чехословакия давлат хавфсизлик хизмати ходимлари самолёт бўлакларини синчиклаб ўрганади. Уларнинг хулосасига кўра, портловчи мослама унча катта бўлмаган. Террорчи уни самолётга сумкасига солиб олиб чиққан ва салоннинг олд қисмидаги юкхонага жойлаган.
Стюардессанинг кейинги тақдири
Ўшанда Весна Вулович Стокҳолмдан Белградга учаётган самолёт бортига тасодифан келиб қолган эди. У университетда ўқиш билан бирга стюардессаларни тайёрловчи махсус курсда ўқирди.
Қиз қишки таътилда инглиз тилини яхшироқ ўзлаштириш учун Лондонга жўнайди. Британия пойтахтида бир муддат яшаган Весна у ерда дугоналаридан бирини учратиб қолади. Дугонаси уни Стокҳолмга таклиф этади ва у Стокҳолмга боради.
Белградга қайтиш вақти бўлганда стюардесса бўлган дугонаси Веснага Стокҳолм-Заграб йўналишида ўзининг ўрнига амалиётчи сифатида учишни таклиф этади. Қиз рози бўлади.
Шу тариқа тақдирнинг аччиқ зарбасига дуч келишини билмаган қиз ортга қайтишда самолётга йўловчи эмас, амалиётчи стюардесса сифатида чиқади.
Ҳалокатдан сўнг қиз анча пайт комада ётади. Шифокорлар унинг танасида ўндан ошиқ операция ўтказишади. Бир неча ойдан сўнг у ўзига келади.
Самолётда портлаш содир бўлганда қиз ўриндиқлардан бирида бўлган. Бироқ у ўзига келгач портлаш пайтида самолётнинг қайси қисмида бўлгани ва нима билан банд эканини эслай олмайди.
Қиз салонда бўлганини ва йўловчиларга хизмат қилиб турганида портлаш овозини эшитганини ва ҳушини йўқотганини айтади.
Қиз текшириб кўрилганда унинг умуртқа поғонасига ва у ердан ўтган нерв томирларига шикаст етгани маълум бўлади. Шу сабабли анча пайт қиз танасининг белдан паст қисми ишламайди. Унда яна ноёб операциялар ўтказилади.
Қиз комадан чиққанидан сўнг 10 ой давомида ўрнидан қўзғала олмай ётади. У ҳалокатдан бир ярим йил ўтиб соғаяди ва оёққа туриб кетади.
10 минг метрдан тушиб кетиб тирик қолган Весна ўша пайтда нафақат Югославияда, балки жаҳонда машҳур бўлади. У Югославияда миллий қаҳрамон даражасига чиқади.
Қиздан кўплаб маҳаллий ва хорижий газеталар ҳамда телеканаллар интервью олишади. Весна ҳақида ҳужжатли филм суратга олишади, уни турли кўрсатувларга чақиришади.
Весна соғайиб кетгач эски иш жойи JAT авиакомпаниясига стюардессаликка қайтишни хоҳлайди. Бироқ авиакомпания уни ишга олишни рад этади.
Бироз ўтиб жамоатчилик босими билан қизни стюардессаликка эмас, авиакомпания идорасига ишга олишади. У 1990 йилгача авиакомпания идорасида хизмат қилади.
1990 йилда Весна социалистик тузумга қарши намойишларда актив қатнашади. Шундан сўнг авиакомпания уни ишдан бўшатади.
1992 йил бошида иттифоқдош республикалар ўз мустақиллигини эълон қилади ва Югославия парчаланиб кетади. Белград қўл остида фақат Черногория қолади.
Ўша пайтларда Югославиядан ажралиб чиққан мустақил республикалар ва Сербия ўртасида қуролли можаролар бошланади. Бу можароларда Европа Иттифоқи ва НАТО мустақил республикаларни қўллайди. Оқибатда Сербия ва Европа Иттифоқи муносабатлари ёмонлашади.
Ана шундай вазиятда Весна Сербиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши тарафдори бўлган Демократик партия сафига киради. У вафотигача мазкур партия аъзоси сифатида сиёсий тадбирларда фаол қатнашади.
2016 йилда 66 ёшли Весна Вулович бир неча кун Белграддаги уйидан чиқмайди. Шунда унинг дугоналари полицияга қўнғироқ қилишади. Полиция эшикни бузиб кириб, аёлни жонсиз ҳолда топади.
Весна Вулович 1985 йилда энг баланд жойдан ҳимоя воситалари бўлмаган ҳолда қулаб тирик қолган инсон сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
21:10 / 10.11.2024
Тошкентдан Жиддага учган самолёт ортга қайтишга мажбур бўлди
12:02 / 02.11.2024
Мюнхендан Шанхайга учаётган самолёт Тошкентга фавқулодда қўнди
11:56 / 02.11.2024
Авиация тарихидаги ғалати ҳалокат: учувчи нега самолётни тоғга олиб бориб урганди?
22:43 / 21.10.2024