Иқтисодиёт | 20:33 / 08.02.2023
42789
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқидан Ўзбекистонга экспорт миқдори «шубҳали» тарзда ошаётгани айтилди

Евроиттифоқ Россияга санкцияларни четлаб ўтишда учинчи давлатлар ёрдам бераётган бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

Фото: Владимир Астапкович/РИА Новости

Европа Иттифоқининг санкциялар ижроси бўйича халқаро махсус вакили Дэвид О'Салливаннинг айтишича, ЕИ мулоқот орқали Россия ўзига қарши киритилган санкцияларни четлаб ўтиш имкониятига эга бўлмаслигини таъминлаш ниятида. Унинг сўзларини Gazeta.ru келтирди.

О'Салливан сўзларига кўра, Россия Федерациясига қарши санкцияларнинг 10-пакети феврал ойи охиригача тайёр бўлиши мумкин, аммо ҳозир бу чекловларга риоя этилиши ва уларнинг амалда эканига ишонч ҳосил қилиш муҳим.

«Менинг вазифам учинчи давлатлар, қўшниларимиз ва бошқа давлатлар билан бу санкцияларни четлаб ўтиш имконияти бор-йўқлигини муҳокама қилишдир», деди сиёсатчи.

Унинг сўзларига кўра, Россияга экспорт ҳажмини ошираётган давлатларга Европа Иттифоқи экспортининг «шубҳали» ўсиши қайд этилган. О'Салливаннинг таъкидлашича, бу нимадир нотўғри кетаётганини кўрсатиши мумкин. Мисол тариқасида у Сербия, Туркия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, шунингдек, келаси ҳафта сафар қиладиган Бирлашган Араб Амирликларини кўрсатди.

«Гап бу мамлакатларни танқид қилиш эмас, балки улар билан юзага келаётган муаммоларни муҳокама қилишда. Иттифоқчиларимиздан фарқли ўлароқ, бу давлатлар санкцияларга қўшилмаслик йўлини танлади, лекин улар санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам беришни истамаслигини айтди. Биз уларнинг ўз ваъдасига амал қилаётганини текширамиз, нима бўлаётганини, қандай чоралар кўрилаётганини ўрганамиз», деди О'Салливан санкцияларни четлаб ўтиш жиноят эканини эслатиб.

Мавзуга оид