Жаҳон | 12:33 / 27.03.2023
10440
2 дақиқада ўқилади

Россия томонидан босиб олинган Мелитополда портлашлар юз берди

27 март куни эрталаб Россия қўшинлари томонидан Запорижжя вилоятида босиб олинган Мелитополда бир нечта портлашлар содир бўлди, деб хабар бермоқда маҳаллий Telegram-каналлари. 

Қайд этилишича, хусусан, Россия қўшинларига алоқадор куч тузилмалари ходимлари жойлашган бинога зарба берилган. 

Портлашлар ҳақидаги маълумотни маҳаллий расмийлардан бири, «Запорижжя вилояти маъмурияти бош кенгаши аъзоси» Владимир Рогов ҳам тасдиқлади.

Аввалроқ, декабр ойи охирларида Мелитополда ичида Россия ФХХ ходимлари бўлган автомобил портлатиб юборилганди.

Мелотопол қонуний мэри Иван Федоров ўз Telegram-каналида портлатиб юборилган машина ичида «рус босқинчилари бўлганини» ёзган. Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Герашенко портлаш Горкий хиёбони олдида содир бўлганини билдирган.

«Жабрланганларнинг шахси аниқ эмас, улар ФХХ ходимлари ёки босқинчи ҳукумат вакиллари бўлиши мумкин», деганди Герашенко.

Россиялик ҳарбий блогерлар ҳам портлатилган машина ичида «ФСБ» ходимлари бўлгани ҳақида ёзди. Уларнинг ўлгани ёки тириклиги ҳақида маълумот йўқ. Баъзи манбалар машина ичидаги бир кишининг танаси парчаланиб кетганини ёзган.

Мавзуга оид