Жамият | 15:45 / 21.04.2023
34879
12 дақиқада ўқилади

Ўзбекнинг “Темир эркаги”га айланган санъаткор – Мурод Ражабовни хотирлаб

“Ажойиб хаёлпараст” фильмидаги қишлоқ болаларининг француз тили ўқитувчиси, “Тўйлар муборак”даги сартарош, “Тангалик болалар”да Парижга кетиш орзусида бўлган Ориф ака, халқимизнинг “Темир эркаги”га айланган Мурод Ражабов энди орамизда йўқ.

Ўзбекистон халқ артисти, таниқли актёр, ўзбек кино хазинасидан жой олган бир қатор фильмлардаги роллари билан томошабинлар меҳрини қозонган Мурод Ражабов 8 апрел куни узоқ давом этган касалликдан сўнг 74 ёшида вафот этди. “Севимли” телеканалида марҳум санъаткор хотирасига бағишланган махсус кўрсатув эфирга узатилди. Kun.uz кўрсатувда Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабовнинг дўстлари, ҳамкасблари, шогирдлари тилидан янграган иқтибосларни жамлади.

Исамат Эргашев, кинорежиссёр, актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

Фото: МТРК

– Ёш гвардиячилар театри 1968 йилда очилганда, Малик Қаюмов ҳаммамизни кинога олган. Шунда бир йигит келиб, мен билан сўрашди. Шу театрда ишламоқчиман, деди. Шунақа тарзда танишганмиз биринчи. У пайтда институтда ўқир эди. Театрда чироқ берувчи эдим, Мурод менга ёрдамчи бўлиб келган. Кейинчалик спектаклларда бирга ўйнадик, мен кинога ўтиб кетгач, у театрда қолди. Сўнг кинолардаям бирга ўйнадик.

Бир куни «Исамат ака, бир асар бор, мен бош ролда ўйнасам, сизга бераман» деб қолди. Олдин ўқийлик дедим, сўнг «Темир хотин» пьесасини олиб келиб берди. Мен ҳам бош ролда Муродни кўрдим. Раҳбарлар бошқа одамни айтишди, мен ҳеч кимни синамайман бошқа, Мурод Ражабов ўйнайди, деганман.

Мурод билан ишлаш жуда мароқли эди. Албатта, нимадирлар ўйлаб топарди ва асарга қўшиларди шу. «Темир хотин»да ҳам Шароф Бошбеков, сценарийчи Маҳмуд Тўйчиевлар билан бирга Чуст туманида олганмиз кинони, қийналмаганмиз.

“Кино “ўлган”, лекин актёрларни ўқитишда давом этяпмиз” — Мурод Ражабов билан катта интервью

Фарҳод Бобожон, тележурналист:

Фото: МТРК

– Мурод Ражабов билан 17 ёшдан дўст эдик. Отаси темирйўлда ишларди, уйларига тез-тез бориб турардим. Жуда самимий оила эди. У битта ўғил бўлгани учун эркароқ эди.

Мурод мақтанчоқликни жуда ёмон кўрарди. Биров зўр чиқибди деб гапирса, ғаши ҳам келарди. Кейин, ҳар бир ишга масъулият билан ёндашарди. Съёмка олди кечаси билан тайёргарлик кўрарди. Бир куни уйига борсам, ўғлим ҳеч қаерда чиқмаяпти деб йиғлаб қолди. Муродга айтсам, йўқ деди. Сценарийни кўрсатгач, ёқиб қолди. Ўша кўрсатув жуда машҳур бўлиб кетган.

Зулфиқор Мусоқов, кинорежиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби:

— Бу инсонларсиз мен кино қилолмасдим. Вафот этган актёрларимиз кўпайиб кетди. Римма Аҳмедова, Тўйчи Орипов, Рихсибой Муҳаммаджонов, Анвар Эргашев, Ҳожиакбар Нурматов, Фатҳулла Маъсудов, Тўти Юсупова, Пўлат Саидқосимов, Ҳусан Шарипов, энди эса Мурод ака... Мен учун қийин. Худди «Осмондаги болалар»даги режиссёр қаҳрамондек вокзалда бир ўзим қолдим, ҳамма кетди.

Мурод ака юморни маромига етказарди. «Темир хотин»даги сигир соғиш саҳнасини кўриб, кулиб, йиқилиб тушганман. Ҳақиқий ўзбекка, халқчил образ олиб чиқиб, юракка етказадиган қобилиятлари бор эди. Мелис Абзалов таъбири билан айтганда, зира ҳиди бор эди Мурод ака ижодида.

Мурод ака импровизацияни яхши кўрарди. Актёр ва режиссёр образ устида ишлаётганда бир-бирига ёрдам бериши керак. Мана шундай пайтлар энг бахтли онларим бўлган Мурод ака билан. Жуда берилиб ишларди образлар устида. «Кичкина табиб» фильмида набираси йиқилиб тушган жойидаги йиғлаган саҳнани бир дублда олганмиз. Мен ҳам йиғлаб юборганман. Кейин бир-биримизни қучоқлаб йиғлаганмиз шу пайтда.

«Кичкина табиб» сценарийси ёзилаётганда, Мурод ака, сиз учун мана бу рол, деб айтиб қўйганман. Сенинг хоҳлаган сценарийингда ўйнайман, деган. Хушчақчақлик билан, жуда ажойиб муҳитда олганмиз кинони.

Ғаллаоролга томошабинлар билан учрашувга борганмиз. Шунда «Зулфиқор, менинг ҳам ёшим ўтиб қолди. Мени бош қаҳрамон қилиб сценарий ёз» дегандилар, бошлагандим ҳам сценарийни...

Ҳусан Мусабоев, продюсер, актёр ва режиссёр:

Фото: MY5

— Санъатни яхши кўрадиган, икир-чикиригача эътибор берадиган характер Мурод Ражабовнинг отасида бўлган. У киши най чалган. Ота-оналарини кўрганман мен.

Менга доим айтарди: «Тракторчи ролини ўйнасанг, ўшанинг ижобий тарафларини кўпроқ оч. Ташқи кўринишга эътибор бер. Тракторчиларнинг тирноғининг ичи, қўл қадоқлари қора мой бўлиб туради, шу нарсаларгаям эътибор бер». Мана шундай нарсаларгаям эътибор қаратарди. Мурод акам туғма актёр эди.

Доим китоб кўтариб юрарди. Кўпроқ жаҳон адабиётига қизиқарди. Айниқса, Нозим Ҳикмат, Азиз Несинни кўп ўқирди. Азиз Несин асари бўйича сценарий ҳам ёзганди.

Мирзабек Холмедов, актёр ва қизиқчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

Фото: YouTube / Mirzo teatri

— Юсуфжон қизиқ Шакаржонов ҳақида спектакл қўйилган эди. Ўша спектаклда устозни ўйнарди Мурод Ражабов. Биз шу спектаклнинг декарациясини қурганмиз. Спектакл тугаганда рус миллатига мансуб кишилар йиғлаб юборарди. Нега йиғлаяпсиз деб сўраганимда, бундай ижрони кўрмаганман, дейишган. Мурод ака жиддий ролларни жуда маромига етказиб ўйнарди.

Мурод Ражабов ғийбат қилмасди. Бирор даврада кимдир ҳақида гап кетиб қолса, қўйинглар бунақа гапларни, бошқа нарсани гаплашамиз, дерди. Лекин, жуда қаттиқ жаҳли чиқарди. Кайфияти яхши бўлса, жаҳлини чиқариб бўлмасди. Ҳеч кимга ҳасад қилмаган, ҳақиқий шахс эди. Тўғрисўз эди.

Эргаш қўрбоши ролини ўйнаган эди. Жуда маромига етказиб қўйган. Лекин совет тизимининг киноси бўлгани учун, ҳозир тўғри келмайди. Ўша кино съёмкасидан кейин «Ажойиб хаёлпараст» фильмида ўйнаган, олдинги кино учун сочини кал қилгани сабабли парик кийиб ўйнаган бу кинода. Мурод Ражабов барча йўналишдаги ролларни маромига етказиб ўйнарди. Улуғ устоз эди.

Дубляжда ишламаган бўлсалар ҳам, жуда чиройли овозлари бор эди. Раж Капурнинг «Менинг исмим Масхарабоз» киносига овоз берган эдилар. Дубляждан кейин кино қайта туғилгандек бўлган.

Мурод акамдан кўп фойдаланса бўларди. Фақат комедияда эмас, драмаларда, трагедияларда фойдаланса бўларди. Насиб қилмади... Мустақилликдан кейин кино оёққа турмаган вақтда ижтимоий комедияларда рол ўйнади, ваҳоланки, улуғ инсонлар образини гавдалантирган бўларди.

Санъаткор инсон ўз касбининг устаси бўлса, ўша инсоннинг ўрнини ҳеч ким босолмайди. Яхшироқ қилиш, яхшироқ етказиш мумкин, лекин унингдек қилолмайди. Мурод аканинг оддий туришида рол бор эди.

Шоҳира Ҳамро, киношунос–журналист:

Фото: Facebook / Шоҳира Ҳамро

— Мурод Ражабовнинг ижодий ҳаёти иккига бўлинади. «Босмачилар» ҳақидаги фильмлар у даврда қолиб кетди, мустақилликдан кейин эса Мурод аканинг янги қирралари очилди. «Темир хотин» фильми ҳаётий аччиқ ҳақиқатларни очиб берган фильм эди ўша даврда.

Мурод Ражабовни театр актёри сифатида жуда кам одам билади. Лекин ҳозирги Ўзбек Миллий драма театрининг энг етакчи актёрларидан бири бўлган. Мустақилликнинг илк йилларида театр ва кинода инқироз даври бўлди, ўша пайтлар тадбиркорлик ҳам қилганлар маълум муддат. Барибир пешонасига актёрлик битилган экан, кинога қайтдилар.

Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» асарини Шуҳрат Аббосовга Мурод ака олиб борган шуни қўяйлик деб. Шундай асарларни тушунган, қадрлаган инсон сифатида жуда ҳам зиёли актёр эди. Бугун бундай фикрлайдиган, китоб ўқийдиган актёрлар кам.

Ҳамма жойда файз бериб турарди Мурод ака. «Ошга марҳамат» кўрсатуви орқали ҳам кўп ҳисса қўшдилар миллийлигимизга. Муқимий театрга директор бўлиб борганда, интервью олганман, шунда қўшиқ ҳам куйлаб бергандилар. Афсуски, сақланиб қолмаган у интервьюлар. Театрда ҳам нималардир қилишга ҳаракат қилдилар. Мурод ака фильмларда қолди, чексиз муҳаббат билан томошабин ҳам қолди.

Охирги йилларда Мурод ака жуда кам интервью берарди. Охирги марта борганимда онангиз ўтиб қолгани учунми, деб сўраганимда, ҳа, киноларгаям, интервьюларгаям онам учун борардим, деганлар. Бир марта Мурод акадан мукофот ва бошқа нарсаларини сўрашганда, йиғмаганман, деган экан, лекин оналари мен йиғганман деб олиб чиққан экан катта архивни.

Матёқув Матжонов, актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

— 1976 йилда театрга борганимда, биринчи кўрган инсоним Мурод Ражабов бўлган. Бахтиёр Ихтиёров таклифи билан кўплаб ёшлар театрга борган эди. Ўшанда биз, ёшлар кўпроқ Мурод акам билан кўпроқ чиқишиб кетдик. Ўзига одамларни тортувчи энергияси бор эди. Баъзи актёрларга ўхшаб ғайирлик, ёшларни чиқиштирмаслик қилмасдилар. Актёрлик маҳоратини, сирларини ёшлардан беркитмасди. Мен ва мен тенги актёрларни театр ва кинога олиб чиққан инсон Мурод Ражабов бўлади.

Бошқаларга ўхшамайдиган тарзда суҳбатлашарди одамлар билан. Ниҳоятда жайдари, халқчил сўзлар билан тушунтириб қўярди бирор нимани. Театрда «Ҳамлет»ни қўйинг деб илтимос қилди ёш актёрлар. Шунда ҳаммага ролларни бўлди, Озрик роли тушган актёр жуда кам сўзи бор экан, бир марта кўринаркан деб нолигандек бўлди. Мурод акам «Биласанми, Озрик бу. Ер-суви кўп, бой одам бўлади» деганди, у актёр ҳам содда эди, шундан хурсанд бўлган. Демоқчиманки, халқчил, оддий гаплашарди, бизгаям шуни ўргатганлар.

Мурод аканинг шунчаки ўтиб кетадиган роли йўқ. Оддий эпизодик рол бўлса ҳам жуда муваффақиятли чиққан. «Тўйлар муборак» фильмидаги кичкинагина роли ҳам халқимизнинг кўпроқ эсида қолган бошқа ролларга нисбатан.

Соғлиқлари билан боғлиқ ҳолатда ижоддан узилиб қолдилар. Иш, ижод деб кўп эътибор бермасдилар ўзига. Касбини, қилаётган ишини ниҳоятда севадиган инсон эди. Маза қилиб ишларди. Ўзбек киноси Мурод аканинг имкониятларидан тўлиқ фойдалана олмади. Кўпчилик охирги комедик ролларини билади, лекин Мурод ака буюк трагик актёр эди. Шукур Бурҳонов даражасида эди. Театрда ҳам, кинода ҳам фойдалана олишмади.

Маълум вақт кинога умуман эътибор бўлмади. Кейинчалик шахсий фильмлар чиқа бошлади, улар эса иқтисодни ўйлайди. Халқимиз комедияни яхши кўради, шунинг учун шу ролларда ўйнашга мажбур бўлади актёр. Тирикчилик қилиш керак. Бир куни Мурод акамга каттароқ нарсаларда ўйнашингиз керак, кичик нарсаларда нима қиляпсиз, десам, менинг бошқа тирикчилигим йўқ, нима қилай, қани ўша катта асарлар, деди. Энди секин-секин чиқяпти катта асарлар. Лекин шундай актёр кетди...

Охирги марта касалхонада реанимацияда кўргандим. Машҳур ижодкорлар тўғрисида туркум ҳужжатли фильмлар олаётгандик. Мурод акам ҳақида ҳам оламиз деб, суратга олиш кунини белгиламоқчи эдик, керакмас дедилар. Кўндирдим. Совуқ бўлгани учун табиат яшиллашсин, кейин оламиз деди, аммо мана армон бўлиб қолди, ололмадик. Касалхонага тушиб қолгач, мени олиб кетинглар бу ердан, дедилар. Токи тирик эканмиз, ҳеч қачон хотирамиздан Мурод Ражабов ўчмайди.

Мавзуга оид