Ўзбекистон | 09:26 / 02.08.2023
3463
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон – Миср Ишбилармонлар кенгаши тузилди

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси (ССП) ва Миср ишбилармонлар уюшмаси (МИУ) раҳбарияти ўртасида видеоконференция алоқаси воситасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Тадбирда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестиция  ҳамкорлигини кенгайтириш, ўзаро товар айланмаси ва экспорт ҳажмини ошириш, тадбиркорлар иштирокида бизнес форумлар, учрашувлар ўтказиш, Порт Саид шаҳридаги эркин иқтисодий зоналарда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг саноат кооперацияси ва дистрибуция марказини тузиш, омборхоналарни ижарага олиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

МИУ жорий йил август ойида Қоҳирада Ўзбекистон - Миср тадбиркорлари бизнес форумини ўтказишни режалаштирган. Сентябрь ойида эса мамлакат ССП делегациясининг сафари кутиляпти, унинг доирасида Порт Саид ЭИЗда Ўзбекистон саноат кооперацияси ва дистрибуция марказини тузиш имкониятлари ўрганиб чиқилади.

Тадбир қатнашчилари ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш, икки давлат ишбилармонлари сафарлари уюштирилишини жадаллаштириш, бизнес форумлари, тақдимотлар, кўргазмалар, В2В ва В2G шаклдаги учрашувларни ўтказишга келишиб олди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Миср ишбилармонлар уюшмаси ўртасида Ишбилармонлик кенгашини тузиш ҳақидаги ҳужжат онлайн тарзда имзоланди.

Мавзуга оид