Ўзбекистон | 21:45 / 14.08.2023
14792
6 дақиқада ўқилади

Талабаларни ётоқхона билан таъминлаш масаласи бўйича муҳим қоидалар айтилди

Кимлар ётоқхонага жойлашишда устунлик ҳуқуқига эга? Ётоқхона пулидан кимлар озод қилиниши мумкин? Ётоқхонага жойлаша олмаган талабаларнинг квартира ижараси харажатларини қоплаб бериш тартиби қандай?

Hudud24 шу каби саволларга оид муҳим қоидалар тўғрисида маълумот берди. 

1. Ётоқхона кимларга берилади?

Бошқа ҳудуддан келиб ўқиётган ва ўқиш жойида ўзининг ёки ота-онасининг уйи бўлмаган талабалар ётоқхона билан таъминланади. 

2. Ётоқхонага жойлашишда кимларга устунлик берилади? 

Ётоқхонага талаб ва эҳтиёж юқори бўлганида талабалар қуйидаги мезонлар асосида кетма-кет жойлаштирилади:

– чин етим талабалар;

– «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчилари;

– ногиронлиги бўлган талабалар;

– ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар (шунингдек, турли ижтимоий дафтарга киритилган оила фарзандлари, 2 ёки ундан кўп боласи контрактда ўқиётган оила фарзандлари);

– чет-эллик талабалар;

– 1-2 курс талабалари;

– талаба қизлар;

– ёшлар иттифоқининг фаоллари;

– халқаро миқёсдаги фан олимпиадаси ғолиблари;

– ётоқхонада талабалар кенгаши раиси, қават сардори ва бошқа жиҳатлари билан доимий фаоллик кўрсатган талабалар. 

3. Ётоқхона тўловида кимларга имтиёз берилади? 

Ётоқхона тўлови бўйича имтиёзни олий таълим муассасаси Кенгаши белгилайди ва бу имтиёз қуйидагиларга берилиши мумкин:

– кўз касалликлари бўйича 1-2-гуруҳ ногиронлари, чин етимлар (ота-онасининг ҳар иккиси вафот этганлар) ва етимлар (ота-оналаридан бири вафот этганлар), «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчилари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар – ётоқхона тўловларидан бутунлай озод этиш тарзида;

– умумий касалликлар бўйича 2-гуруҳ ногиронлари, вазифасини намунали бажараётган талабалар Кенгаши раиси, қават сардори ҳамда ётоқхона кутубхонаси учун масъул талабалар – умумий тўловдан 50 фоиз чегирма тарзида. 

4. Ижара тўловининг бир қисми барча талабаларга қоплаб бериладими? 

Йўқ, ётоқхона билан таъминланмаган ва ижарада турган талабаларнинг 60 фоизиники қоплаб берилади. Бундай талабалар ижтимоий мезонлар асосида аниқланади. 

Ижаранинг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида – БҲМ 1 баравари (330 минг сўм), қолган ҳудудларда – БҲМ ярим бараварини (165 минг сўм) ташкил қилади. 

Бунинг учун ижара шартномаси солиқ органларида рўйхатдан ўтказилган бўлиши лозим. 

5. Бир квартирада бир неча талаба турса, қайси бири учун ижара тўлови қопланади? 

Бир уйда 2 ва ундан кўп талаба ижарада бирга яшаса, уларнинг барчаси ижара шартномасида қайд этилиши керак. Бунда ижара учун тўлов уйда ижарада турган барча талабалар ўртасида тенг бўлинади ҳамда ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш ҳар бир талабага тўғри келадиган ижара суммасидан келиб чиқиб амалга оширилади. 

Масалан, Тошкентдаги квартирада 4 нафар талаба биргаликда яшайди ва ижара тўлови 4 млн сўм қилиб белгиланган. Бунда 4 млн сўм талабалар ўртасида тенг тақсимланади, яъни ҳар бирига 1 млн сўмдан тўғри келади. Уларнинг ҳар бирига 330 минг сўмдан компенсация берилади. 

6. Грантда ўқийдиган талабаларга ижара учун тўлов қоплаб бериладими? 

Ижара учун тўлов фақат кундузги таълимда, бюджет ёки контрактда ўқишидан қатъи назар, ижарада яшаётган талабаларга қоплаб берилади. 

7. Кимга мурожаат қилиш керак? 

Ижара учун тўловни олиш учун талабалар факультетнинг ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари ёки талабаларни турар жой билан таъминлаш бўлимига икки нусхада анкета-ариза билан мурожаат қилади. 

Ижара тўлови ўқув йили давомида, яъни 1 сентябрдан 1 июлгача қоплаб берилади. 

8. Кимларга биринчи навбатда устунлик берилади? 

Аризага қуйидагиларни тасдиқловчи маълумот илова қилиниши лозим ва ижара тўловини тўлаш шу мезонлар асосида аниқланади:

- кам таъминланган оила фарзанди;

- боқувчисини йўқотган кўп болали оила фарзанди;

- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

- тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганлар;

- васийлик ёки ҳомийлик белгиланган ва оилага тарбияга (патронат) олинган болалар;

- «Темир дафтар»га киритилган оила фарзанди;

- онаси «Аёллар дафтари»га киритилган оила фарзанди;

- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг фарзанди;

- оила аъзолари ичида «Меҳнат-миграция» дастурида рўйхатдан ўтганлар ҳамда хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётганлар;

- ота-онаси ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганлар;

- олий таълимда икки ва ундан ортиқ боласи контрактда ўқиётган оила фарзанди;

- Олий таълим муассасасида ўрнак кўрсатган ва фаол бўлганлар (фан олимпиадалари ва спорт мусобақалари, кўрик танловлар ғолиблари, кўрсаткичлари юқори бўлган, маънавий-маърифий ва спорт тадбирларида фаол қатнашганлиги, жамоатчилик асосида тарғибот гуруҳларидаги волонтёрлик фаолияти). 

9. Аризани кўриб чиқиш тартиби қандай? 

Ариза берилганидан сўнг бир ҳафтада талабанинг юқоридаги ижтимоий мезонларга мувофиқлиги ўрганилади. 

Шундан сўнг, ҳужжатлар ижарани қоплаб бериш бўйича махсус комиссияга берилади (комиссиянинг намунавий таркиби бу ерда). 

Комиссия ҳужжатларни ўрганиб чиқиб 1 кунда қарор қабул қилади. 

Зарурат бўлганда, маълумотларга аниқлик киритиш учун талабалар Комиссия йиғилишига суҳбат учун чақирилиши мумкин. 

Комиссия томонидан ижара тўловини қоплаб бериш ёки рад этиш тўғрисида қарор чиқарилади ва мазкур қарор асосида ректор буйруғи қабул қилиниб ижара тўлови қоплаб берилади. 

10. Ариза қайси ҳолатларда рад этилади? 

Ариза рад этилганда у асослантирилган бўлиши лозим. Қуйидаги ҳолатларда ариза рад этилиши мумкин:

- ижтимоий тоифаларга оид маълумот ёки ҳужжат тўлиқ тақдим этилмаганда;

- тақдим этилган маълумотлар мезонларга мос келмаганда;

- талаба ижара шартномасида кўрсатилган манзилда яшамаганда, ижарада яшаётган уй талабанинг ота-онасига тегишли бўлганда, ижара шартномаси тегишли тартибда расмийлаштирилмаганда;

- ҳужжатларда нотўғри ёки сохта маълумотлар мавжуд бўлганда;

- ариза топшириш муддати ўтиб кетганда. 

Мавзуга оид