Шолц Эрдўғанни ноқонуний муҳожирлар чиқариб юборилиши ҳақида огоҳлантирди
Олаф Шолц ва Ражаб Тоййиб Эрдўған ўзаро учрашувда ноқонуний миграция, Украинадаги уруш, Яқин Шарқ ва Кавказортидаги вазиятни муҳокама қилди.
Германия канцлери Олаф Шолц 17 ноябр, жума куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан Берлинда бўлиб ўтган учрашувда Туркиядан Германияда қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган бошпана изловчиларни тезроқ олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Бу ҳақда dpa ва Reuters агентликлари Берлиндаги ҳукумат доираларига таяниб хабар берди. Агентликлар суҳбатдошларига кўра, канцлер Германияда бундай хорижликларнинг кўп сонини ҳисобга олган ҳолда, ҳимоя мақомини олмаганларни ватанига қайтаришнинг ишончли механизми бўлиши кераклигини таъкидлади.
Германия ва Туркия раҳбарлари янги ташкил этилган ички ишлар бўйича икки томонлама ишчи гуруҳи жадал иш олиб бораётганини олқишлади ва унга имкон қадар тезроқ ўзаро мақбул натижага эришиш бўйича топшириқ берди. Аввалроқ, Шолц қўшма матбуот анжуманида Германиянинг Европа Иттифоқи ва Туркия ўртасидаги миграция келишувини давом эттиришдан манфаатдор эканини эълон қилган эди.
Украина, Яқин Шарқ ва Кавказортидаги урушлар
Шолц ва Эрдўған ўртасидаги учрашувда бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. Иккала сиёсатчи ҳам Россия Украинага қарши тажовузкор урушини зудлик билан тўхтатиши керак деган фикрга келди.
Исроилнинг ҲАМАС гуруҳига қарши урушини муҳокама қилиш чоғида томонлар асосий эътиборни гуманитар масалаларга қаратган ва минтақада можаро авж олиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Ғазо секторининг эҳтимолий истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Шолц Германиянинг Исроил билан бирдамлик позициясига ва Берлиннинг ҲАМАС ҳужумини тўлиқ қоралашига ишора қилди. Аввалроқ Эрдўған матбуот анжумани чоғида Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини кескин танқид қилган эди.
Олаф Шолц ва Ражаб Тоййиб Эрдўған Туркиядан уламоларни юборишни босқичма-босқич тўхтатиш учун Германияда улар учун таълим жараёнини кенгайтиришга келишиб олди.
Арманистон-Озарбойжон можаросини муҳокама қилиш чоғида улар, жумладан, Туркия ва Арманистон ўртасидаги чегаранинг эҳтимолий очилиши масаласини кўриб чиққан. Томонлар Арманистон ва Озарбойжон ўртасида тинчлик битими 2023 йил охирида тузилиши кераклиги ҳақида келишиб олди.
Мавзуга оид
13:15
Шолц: Путиннинг Украинадаги уруш ҳақидаги қарашлари ўзгармади
10:36 / 16.11.2024
Зеленский Шолцнинг Путинга қўнғироғини танқид қилди
08:00 / 16.11.2024
Reuters: Зеленский Шолцни Путин билан гаплашмаслик ҳақида огоҳлантирган
22:03 / 15.11.2024