Жаҳон | 15:42 / 22.11.2023
5530
3 дақиқада ўқилади

FT: Чехия россиялик дипломатларнинг ҳаракатланишини чекламоқчи

Шенген зонасида чегара назоратининг йўқлиги Россия махсус хизматларининг потенциал ходимларини кузатишни қийинлаштирмоқда, деб ҳисоблайди Прага. 

Фото: РИА Новости / Максим Блинов

Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари 12-пакети доирасида Чехия россиялик дипломатларнинг дипломатик хизматни бажараётган мамлакатдан ташқарига чиқиши имкониятини чекловчи чораларни ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда 21 ноябр, сешанба куни Financial Times нашри хабар берди

Нашр эслатишича, 2022 йилда Прага Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлаши, шунингдек, 2014 йилда Врбетицадаги ўқ-дорилар омборидаги портлашларга Россия разведка хизматларининг алоқадорлиги тахмини билан 70 дан ортиқ Россия фуқаросини чиқариб юборган. 

Энди Чехия Россия дипломатлари визалар ва мамлакатда қолиш учун рухсатномаларни фақат улар хизмат қиладиган давлатлар учун олишини хоҳлаяпти, лекин бу бутун Шенген зонаси учун амал қилмайди. Бундан ташқари, Прага россиялик дипломатларга ҳужжатлар фақат биометрик паспортлар асосида берилишини таъкидламоқда, уларни сохталаштириш қийинроқ, деб аниқлади FT. 

«Чехия ҳудудида «ГРУ» ва бошқа махсус хизматларнинг агентлари бор. Шенген зонасида буни назорат қилиш жуда қийин», - дея Чехия дипломатик доираларидаги исми ошкор этилмаган манбанинг сўзларини келтиради газета. Прага эҳтимолий бўшлиққа мисол сифатида БМТнинг Венадаги ваколатхонасида ишлаш учун Австрия Шенген визасини олган россиялик дипломатлар Чехия ёки бошқа Шенген зонаси давлатларига юборилгани бўйича вазиятни келтирмоқда. 

Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари 12-тўплами 

15 ноябр куни Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Еврокомиссия билан биргаликда Европа Иттифоқи кенгашига Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлаши муносабати билан қабул қилинган янги санкциялар пакети лойиҳасини тақдим этди.

Маълум қилинишича, ЕК амалдаги санкциялар рўйхатини «Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузишда» рол ўйнаган 120 та янги жисмоний шахслар ва компаниялар билан тўлдиришни таклиф қилмоқда. Европа ташқи ҳаракатлар хизмати пресс-релизида айтилишича, гап, бошқа нарсалар қаторида, Россиянинг ҳарбий, мудофаа ва IT-соҳалари вакиллари, шунингдек, «бошқа муҳим иқтисодий операторлар» ҳақида бормоқда. 

The Guardian нашрининг ёзишича, санкция таклифлари Россиянинг тижорат даромадларидан фойдаланишни чеклашга қаратилган чора-тадбирлардан иборат. Хусусан, гап Европа Иттифоқида Сибир конларидан қазиб олинган олмос ва қимматбаҳо тошлар бўлган заргарлик буюмларини сотишни тўлиқ тақиқлаш ҳақида кетяпти. ЕИ маълумотларига кўра, бу Россия даромадларини йилига 4,5 миллиард еврога камайтириши мумкин.

Аввалроқ Bloomberg Европа Иттифоқидан олинган ҳужжатларга таяниб, Европа Иттифоқи санкцияларнинг 12-пакети доирасида Россия Украинада қўлланган қуролларни ишлаб чиқаришда фойдаланадиган станоклар ва бутловчи қисмларни Россияга экспорт қилишни тақиқламоқчи эканини хабар қилган эди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Россияга кимёвий моддалар, литийли батареялар, термостатлар, серводвигателлар ва дронлар учун двигателлар олиб киришни тақиқлашни таклиф этмоқда. 

Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари 12-пакети жорий йил охиригача қабул қилиниши кутилмоқда.

Мавзуга оид