Айрим талабалар учун контракт тўлаш муддати узайтирилди
Давлат олийгоҳларига 1-курсга ўқишга кирганлар ва ўқишини кўчиришга тавсия этилганлар учун тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддати 25 декабрга қадар узайтирилди.
Олий таълим вазирлигига кўра, бунда кўпчилик абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари ҳамда ОТМ раҳбарларининг мурожаатларини инобатга олинган.
Шу тариқа, давлат комиссиясининг тегишли баёни билан, 2023/2024-ўқув йилида олий таълим муассасалари бакалавриати ва магистратурасига тўлов-контракт, жумладан, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар, ўқиши кўчирилган (кўчириб тикланган) ва қайта тикланган талабалар ўқиши учун тўлов ҳақини ўтказиш ҳамда талабалар сафига қабул қилишни расмийлаштиришнинг сўнгги муддати 2023 йилнинг 25 декабри (шу куни ҳам) этиб белгиланди.
Қайд этилишича, амалдаги тартибга кўра, иккинчи ва ундан юқори босқич талабалар контрактини тўлаш муддати ОТМ раҳбари томонидан узайтирилиши мумкин.