Жаҳон | 22:18 / 27.12.2023
12117
2 дақиқада ўқилади

Украиналик эркаклар янги сафарбарлик қонуни туфайли мулкларини яқинларига ўтказмоқда — ОАВ

Улар кўчар ва кўчмас мулкларини хотини, онаси ёки яқин қариндошлари номига расмийлаштирмоқда. 

Фото: РИА Новости

Сафарбарлик ва ҳарбий рўйхатга олиш масалаларини такомиллаштириш бўйича янги қонун лойиҳаси эълон қилингач, украиналик эркаклар оммавий равишда нотариусларга мурожаат қила бошлади. Бу ҳақда украиналик журналист Егор Чечеринга таяниб, УНИАН хабар берди. 

«Тегишли қонун лойиҳаси рўйхатга олинганига бир ярим кун бўлди. Украиналик «жасур» эркаклар эса нотариусларга навбатга турмоқда. Минтақавий сафарбарлик марказларига эмас, айнан нотариусларга» деб ёзди журналист. 

Таъкидланишича, янги қонун лойиҳаси сафарбарликдан бўйин товлаган шахсларга кўчар ва кўчмас мулк билан боғлиқ ҳар қандай операцияларни амалга оширишни тақиқлайди. Шу сабабли, украиналик эркаклар оммавий равишда кўчар ва кўчмас мулклари, квартиралар, автомобиллар, қимматли қоғозлар ва бошқа мол-мулкларини хотини, онаси ёки яқин қариндошлари номига расмийлаштирмоқда. 

«Замонамизнинг қайғули ҳақиқати. Ўз армиясида хизмат қилишни истамаганлар душман қўшинида хизмат қилади. Вақтинчалик босиб олинган Мелитопол, Донецк, Луганск ёки Новая Каховкадаги воқеалар шундан далолат бермоқда», деб ёзди журналист. 

25 декабр куни Украина Вазирлар Маҳкамаси Олий Радага сафарбарлик ва ҳарбий рўйхатга олишни такомиллаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди, унда ҳарбий хизматдан бўйин товлаганлар учун қатъий чекловлар мавжуд. 

Жумладан, чет элга чиқишни тақиқлаш, кўчар ва кўчмас мулк билан боғлиқ барча операцияларни тақиқлаш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ва шахсий автомашинани бошқаришни тақиқлаш, ўз маблағлари ва бошқа бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш кабилар бор. 

Мавзуга оид