Самарқанд ва Тошкент вилоятларида “валютчик”лар ушланди
Чирчиқ шаҳри ва Самарқанд туманида ўтказилган тезкор тадбирларда аввалдан валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган шахслар ушланган.
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг хабар беришича, департаментнинг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан Чирчиқ шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган С.С. 3 000 АҚШ долларини фуқаро Э.М.га 37,2 млн сўмга сотган вақтида ушланган.
Текширув давомида унинг ёнидан яна 1 304 АҚШ доллари, 100 евро ва 70 минг Қозоғистон тенгеси ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, департаментнинг Самарқанд туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган М.О. 3 200 АҚШ долларини фуқаро А.А.га 39,6 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.