Наманганда судланувчига енгилроқ жазо тайинлаш учун 20 минг доллар талаб қилган суд раиси ушланди
ДХХ ходимлари томонидан Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман суди раиси, Чуст шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса докторант пора билан қўлга олинди. Уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Мингбулоқ тумани суди раиси ҳамда Наманган давлат университетининг 3-босқич докторанти ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинди.
Маълум қилинишича, Наманган туманида чорвачилик фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖга замонавий чорва комплекси биносини қуриш ва мавжудларини таъмирлаш мақсадида АТ «Халқ банки»нинг вилоят филиали томонидан 5 млрд 287,5 млн сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган. Мазкур кредит маблағларини ноқонуний ўзлаштириш ва расмий ҳужжатларни калбакилаштириш ҳолатлари бўйича Жиноят Кодексининг 167 ва 228-моддалари билан қўзғатилган жиноят ишини суд муҳокамасида кўриб чиқиш жараёнида Мингбулоқ туман суди раиси судланувчига нисбатан енгилроқ жазо тайинлаш эвазига, унинг отасидан 20 минг АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ ходимлари томонидан Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман суди раиси сўралган пулдан 2 минг АҚШ долларини ўзининг бошқарувидаги Lacetti машинасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Кредит бўйича етказилган зарар тергов давомида судланувчи томонидан тўлиқ қопланган бўлган. Ҳозирда Мингбулоқ туман суди раиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, жуда кўп миқдорда пора олганлиги ҳолати бўйича, унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бошқа ҳолатда эса Наманган давлат университетининг 3-босқич докторанти тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган Чуст туманида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, унга мазкур туман марказида жойлашган умумий ўрта таълим мактаби балансидаги қўшимча 2 қаватли бинони ҳокимият тизимида ишловчи мансабдор танишлари орқали олиб бериш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан Чуст шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пулдан 10 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 28, 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Олдинроқ Самарқандда Миллий гвардия ходими ва адвокат пора билан қўлга олинганди.
Мавзуга оид
12:11 / 22.10.2024
Намангандаги ЙТҲда икки киши ҳалок бўлди
10:10 / 22.10.2024
3,2 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди
10:54 / 20.10.2024
ЭТК монтёри билан тил бириктириб электрдан ноқонуний фойдаланган шахсга жиноят иши қўзғатилди
10:36 / 19.10.2024