Ўзбекистон | 20:58 / 01.04.2024
28203
7 дақиқада ўқилади

1 апрелнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Қишлоқларни ривожлантириш учун инвестиция, овозлар сони сунъий оширилаётган «опенбюджет», 15 суткага қамалган собиқ имом ва Шаҳрисабзда отиб кетилган самбочи — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг.

Ислом тараққиёт банки Ўзбекистон қишлоқларини комплекс ривожлантириш учун маблағ ажратади

2024-2028 йилларда Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг 21 та туманида қишлоқлар инфратузилмаси яхшиланади. Бунинг учун Ислом тараққиёт банкидан 20 йил муддатга 260 млн долларлик имтиёзли қарз жалб қилинмоқда.

Лойиҳа доирасида 20 мактаб (19 таси Самарқандда), 14 боғча, 10 та оилавий шифокор пункти (барчаси Самарқандда) қурилади, 200 км ичимлик суви, 368 километр электр тармоғи тортилади, 53 та трансформатор ўрнатилади. Қарийб 330 километр йўл инфратузилмаси яхшиланиб, бунинг учун 717 млрд сўм сарфланади.

Ўзбекистонда йиллик инфляция 8 фоиздан пастлагани маълум қилинди

2024 йил март ойида йиллик нисбатдаги истеъмол секторидаги нархларнинг ўсиш даражаси 7,98 фоизга тушган, дея маълум қилди Статистика агентлиги.

КУН РАҚАМИ

205 млн АҚШ доллари — Ўзбекистон билан Халқаро тараққиёт уюшмаси ўртасида имзоланган молиялаштириш битими доирасида «Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш» лойиҳасини амалга ошириш учун 5 йиллик имтиёзли давр билан 30 йил муддатга жами 142 млн АҚШ доллари миқдорида қарз маблағлари ажратилади. Progreen траст жамғармаси ҳамда Корея Республикасининг KWPF жамғармаси ўртасида тузилган грант битимлари доирасида жами 11 млн АҚШ доллари миқдорида грантлар жалб этилади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 205,45 млн АҚШ долларига тенг, Ўзбекистоннинг улуши эса 52,45 млн долларни ташкил этади

Метан газ учун белгиланган энг баланд чакана нархнинг амал қилиш муддати узайтирилади

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан, метан газ учун белгиланган энг баланд чакана нархнинг амал қилиш муддати узайтириляпти. Энергетика вазирлигига кўра, 1 апрелдан бошлаб 2024 йил 1 июнгача метан заправкаларда газнинг энг баланд чакана нархи 3350 сўм бўлади. Аммо ижтимоий тармоқларда газнинг чакана нархи кубига 3800 сўмдан сотилаётгани ҳақида хабарлар берилган. 

Ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳаво ҳарорати янада кўтарилади

«UzHydroMet» хабарига кўра, 2–3 апрел кунлари республика ҳудудига Каспий денгизининг жанубий ҳудудларидан нам ҳаво кириб келади.

Тоғли ҳудудларда 2-4 апрел кунлари вақти-вақти билан ёғингарчилик бўлади, қор кўчиши хавфи сақланиб туради. Ҳарорат 2–3 апрелда +16...+19 даража, 4–5 апрелда +19...+22 даража бўлади. Кечалари асосан +5...+10 даража илиқ бўлади. 

Ўзбекистонда «Энг тоза маҳалла» танлови ўтказилади

Ҳукуматнинг «Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» ва «Энг тоза маҳалла» танловларини ўтказишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Унга кўра, ҳар йили энг узоқ ва садоқатли хизмат кўрсатган ходимлар учун «Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» танловини ўтказиш ҳамда улардан 100 нафарининг давлат олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга кирган бир нафардан фарзанди ёки неварасига тўлов-контракт суммасини (БҲМнинг 30 бараваригача бўлган қисмини) Экология жамғармаси ҳисобидан тўлаб бериш, ҳамда «Энг тоза маҳалла» танловини ўтказиш ва танлов натижалари бўйича ғолиб бўлганларни рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш белгиланган

Давлат таълим стандартларини ишлаб чиқиш тартиби такомиллаштириляпти

Ҳукуматнинг Давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

2024 йил 1 августга қадар Таълим соҳасида ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидагиларни назарда тутувчи dts.uz — Давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларининг ягона очиқ муҳокама порталини ишга тушириш режалаштирилмоқда

Дарсликлардаги камчиликлар бўйича катта база тўпланмоқда

Шу кунгача нашр қилинган ва энди чиқиши кутилаётган янги дарсликлар учун катта платформа ишга туширилади. Мактабгача ва мактаб таълими вазири маслаҳатчиси Азизбек Турдиевнинг айтишича, яқин кунларда оммага тақдим қилиниши кутилаётган бу платформа орқали дарсликлардаги хато-камчиликлар камаяди

«Шу кунларда катта платформани ишга туширяпмиз, [бу] айнан [дарсликлардаги] хатоликларга бағишланган бўлади. Шу кунгача нашр қилинган ва энди нашр этилажак дарсликларни ҳам шу платформада эълон қилиш устида ишлаяпмиз», – деди у. 

КУН ФАКТИ

2024 йилнинг январ-феврал ойларида Ўзбекистонда 53 минг 367 та енгил автомобил (махсус енгил автомобиллардан ташқари) ишлаб чиқарилди. 

«Ташаббусли бюджет»: овозлар сонини сунъий ошириш ҳолатлари текширилмоқда

Баъзи лойиҳалар учун охирги учта рақами бир хил бўлган мобил рақам ёки рақамлардан кетма-кет жуда кўп овоз берилган. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу борада ўрганиш олиб борилаётганини билдирди

Ўзбекистонда болалар камбағаллиги даражаси юқори бўлган ҳудудлар маълум қилинди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази UNICEF билан биргаликда Ўзбекистондаги болаларнинг монетар камбағаллиги даражасини баҳолади. Ижтимоий нафақалар бўлмаса, мамлакатда болалар камбағаллиги даражаси 1,6 баравар ошади.

Болалар камбағаллиги даражаси энг паст бўлган ҳудудлар Навоий вилояти ва Тошкент шаҳри бўлса, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида эса болалар камбағаллигининг нисбатан юқори экани қайд этилган

Сенат раиси Бекободдаги фожиа юзасидан текширувни назоратга олди

Бекободда турмуш ўртоғи томонидан мунтазам калтаклаб келинган аёл 5-қаватдан тушиб кетиб, вафот этгани хабар қилинганди. 28 ёшли аёл ўлими зўравонлик натижасида рўй бергани айтилмоқда. Унинг қариндошлари воқеа тафсилотларини ҳикоя қилиб беришди.

Сенат раиси Танзила Норбоева ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу ҳолат бўйича олиб бораётган ўрганиш жараёнларини ўз назоратига олди

Солихон домла Ортиқхўжаев 15 суткага қамалди

У МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилган. 

Шаҳрисабзда самбочи Тўра Авлоқулов отиб кетилди

Қашқадарёда самбочи Тўра Авлоқулов қўлбола усулда ясалган қуролдан олган жароҳати оқибатида шифохонада вафот этди. Унга ўқ узган фуқаро ҳодиса жойидан қочмоқчи бўлганида ИИБ тезкор ходимлари томонидан ушланган.

Мавзуга оид