Жаҳон | 15:53 / 21.04.2024
12839
10 дақиқада ўқилади

Авиакомпаниянинг ёпилиб кетишига сабаб бўлган ҳалокат – McDonnell Douglas самолёти нега қулаб тушганди?

1998 йилда Швейцария авиакомпаниясига қарашли McDonnell Douglas самолёти Ню-Йорк-Женева йўналишида ҳавога кўтарилганидан бир соат ўтиб, Канаданинг Янги Шотландия провинцияси яқинида, Авлиё Маргарет қўлтиғига қулаб тушади. Оқибатда, самолётдаги барча ҳалок бўлади. Ҳодисадан кўп ўтмай компания банкрот деб эълон қилинади ва ўз фаолиятини тўхтатади.

Фото: airliners.net

Фуқаро авиацияси тарихида энг кўп одам вафот этган ҳалокатлар рўйхатида Швейцариянинг Swissair авиакомпаниясига қарашли McDonnell Douglas самолётининг қулаб тушиш ҳодисаси 25-ўринда туради.

Ушбу ҳодиса Swissair авиакомпанияси тарихида, шунингдек, McDonnell Douglas самолётлари билан содир бўлган ҳалокатлар орасида энг йирик ҳодиса ҳисобланади.

Канада ҳудудида содир бўлган энг йирик ҳалокатлар орасида эса иккинчи ўринда туради (биринчиси 1985 йилда Ньюфаундленд оролида содир бўлган ҳалокат, унда 256 киши вафот этган).

Ушбу ҳодиса яна бир иш билан аҳамиятли – ҳодисадан кўп ўтмай Swissair авиакомпанияси банкрот бўлади ва ўз фаолиятини тўхтатади.

Swissair ва McDonnell Douglas тарихи

Швейцариянинг Swissair AG авиакомпанияси 1931 йилда ташкил этилган. Бошқа авиакомпаниялардан фарқли ўлароқ Swissair ҳар доим Швейцария ҳукумати томонидан молиявий қўллаб келинган.

Авиакомпания энди ташкил этилган пайтда унинг 64 нафар ходими бўлган. Улардан 10 нафар учувчи, 7 нафар алоқачи, 8 нафар механик, қолганлар борт кузатувчи бўлган.

Ўша пайтда авиакомпания еттита маршрут бўйича парвозларни амалга оширган. Фуқаро авиацияси тарихида илк бор стюардессаларни ишга олишни айнан Swissair бошлаб берган.

McDonnell Douglas

Авиакомпания аввалига Швейцариянинг ўзида, шунингдек, қўшни Германия ва Австрияга парвозларни амалга оширган бўлса, кейинчалик янги самолётлар сотиб олиниши ортидан Европанинг турли шаҳарларига, кейинчалик бошқа қитъаларга уча бошлаган.

Авиакомпания иккинчи жаҳон уруши йилларида кўплаб йўналишларни ёпишга мажбур бўлади. Уруш тугагандан сўнг Swissair яна оёққа туради ва янги самолётлар сотиб олиб, парвозлар сонини кўпайтира бошлайди.

1960 йилларга келиб Swissair кўплаб McDonnell Douglas самолётларини сотиб олади ва улар дунёнинг барча чеккаларига уча бошлайди. Ўша пайтларда Ғарб давлатлари ва социалистик лагерга кирувчи давлатлар ўртасида алоқалар яхши эмасди. Шу сабабли улар ўртасида ўзаро авиақатновлар ҳам бўлмаган.

1970-йиллар бошида вазият бироз ўзгаради. 1975 йилда Swissair Пекин ҳамда Шанхай шаҳарларига парвозларни йўлга қўяди ва Хитойга уча бошлаган иккинчи авиакомпания бўлади.

Гарчи 1970-йиллардан кейин Boing компанияси ишлаб чиқарган замонавий самолётлар энг харидоргир ҳисобланса ҳам, Swissair McDonnell Douglas самолётларига содиқ қолади ва унинг янги русумда ишлаб чиқарилганларини харид қилишда давом этади. Компания Boing ва Airbus самолётларини 1990-йилларга келиб сотиб олган.

Boeing-747

Швейцариянинг нейтралитет мақомида бўлиши Swissair авиакомпаниясига дунёнинг турли қутбларида жойлашган давлатларига нафақат йўловчи ташиш, балки тижорий парвозларни амалга оширишга имконият яратади.

Бундан ташқари, турли давлатларнинг Швейцария банкларида сақланадиган олтинлари ҳам айнан Swissair самолётларида ташилган. Шу сабабли бу авиакомпания самолётлари «Учар банк» деб атала бошланган.

1980-йиллар охири ва 1990-йиллар бошида Европадаги аксарият авиакомпаниялар халқаро алянсга бирлашади. 1992 йилда ўтказилган референдумда Швейцария аҳолиси Европа иқтисодий зонасига қўшилишга қарши чиқади.

Референдумдан кейин Swissair’нинг Европадаги алянсларга қўшилиши имконсиз бўлиб қолади ва авиакомпания ўзаро рақобатда бошқа авиакомпанияларга ютқаза бошлайди. Алалоқибат, Swissair ўз мавқейини ҳам йўқотади.

1993 йилда Swissair Нидерландиянинг KLM, Скандинавия давлатларининг (Дания, Норвегия ва Швеция) SAS, Austrian Airlines авиакомпаниялари билан «Алказар» деб номланган алянсга бирлашади. Аммо бу ҳам авиакомпанияга мураккаб вазиятдан чиқиб кетишга ёрдам бермайди.

1998 йилда Swissairʼга қарашли McDonnell Douglas самолёти Ню-Йорк – Женева йўналишида ҳавога кўтарилганидан бир соат ўтиб, Канаданинг Янги Шотландия провинцияси яқинида, Авлиё Маргарет қўлтиғига қулаб тушади. Оқибатда, самолётда бўлган барча ҳалок бўлади.

Swiss International Air Lines самолётлари \ Фото: shutterstock.com

Шундан сўнг авиакомпаниянинг кўрсаткичлари кескин тушиб кетади. Ҳатто швейцарияликлар ҳам Swissair самолётларида учишдан кўра, қўшни давлатларга ўтиб парвоз қила бошлайди. Шу тариқа авиакомпания банкротлик ҳолатига келиб қолади.

2001 йилда авиакомпания бош директори ишдан ҳайдалади. Swissair Crossair авиакомпанияси эгалигига ўтади. Орадан бироз ўтиб Crossair SAirlines гуруҳи таркибига ўтиб кетади. Ўша йили кузга бориб Swissair самолётлари парвозларни бутунлай тўхтатади.

2002 йилда Crossair Swiss International Air Lines деб қайта номланади. Шундан сўнг Swissair барча самолётлари, ходимлар янги авиакомпания таркибига ўтиб кетади. Шу тариқа 71 йил фаолият кўрсатган авиакомпания йўқликка юз буради.

Ҳалокат

1998 йил 2 сентябр куни Swissairʼга қарашли McDonnell Douglas самолёти Ню-Йорк – Женева йўналишида парвозни амалга ошириш учун маҳаллий вақт билан соат 00:18 да Жон Кеннеди номидаги аэропортдан ҳавога кўтарилади.

McDonnell Douglas \ Фото: airliners.net

Ушбу самолёт 1991 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, парвозгача 6400 км учиш-қўнишни амалга оширган ва жами 36 041 соат парвоз қилган эди. Ўша куни самолётда икки нафар учувчи ва 11 нафар борт кузатувчилари, бир нафар авиамеханик ва 215 нафар йўловчи бўлган.

Ҳавога кўтарилгандан 50 минут ўтиб, экипаж командири ва унинг ёрдамчиси учувчилар кабинасида қўланса ҳид чиқаётганини сезиб қолишади. 10 минутдан кейин учувчилар кабинаси тутунга тўлади.

Шу пайтда учувчилар ўзлари учиб ўтаётган ҳудудга энг яқин бўлган Канаданинг Ню-Брансуик провинциясида жойлашган Монктон шаҳри аэропортининг диспетчери билан боғланиб, вазият ҳақида ҳақида хабар беришади.

Орадан бир дақиқа ўтиб, Монктондаги диспетчер уларга Канаданинг Янги Шотландия провинциясида жойлашган Галифакс шаҳридаги аэропортга қўнишга рухсат беради.

Шундан сўнг самолёт Галифаксга қўниш учун йўналишини ўзгартиради. Учувчилар ҳар эҳтимолга қарши самолётдаги авиакеросинни тўкиб ташлашга қарор қилишади. Ўша пайтда самолёт Галифакс аэропортидан 46 километр узоқликда эди.

Соат 01:24 да энг аввал самолётдаги автоматик бошқарув ускунаси ишдан чиқади. Орадан бир минут ўтиб бошқа ускуналар ҳам ишламай қолади.

Шундан сўнг учувчилар диспетчерга жавоб беришмайди. Аммо у учувчиларнинг немис тилида бақириб гаплашаётганини ва учувчилар кабинасида келиб чиққан ёнғинни ўчиришга уринаётганини эшитиб турарди.

1998 йилда ҳалокат содир бўлган жой

Орадан 5 минут ўтиб, самолёт Галифаксдан 56 километр узоқликда жойлашган Маргарет кўрфазига қулаб тушади. Оқибатда унинг бортида бўлган 229 кишининг барчаси ҳалок бўлади.

Гувоҳлар самолёт қулаб тушгач портлаб кетганини ва ундан чиққан олов тўлқини ҳамма ёқни ёритиб юборганини кўришган.

Самолёт қулаб тушган жойга зудлик билан 12 та қидирув-қутқарув самолётлари ва вертолётлар ҳамда иккита кема жўнатилади. Улар ҳодиса юз берган жойга етиб борганда бўлакларга бўлиниб кетган самолёт океан тубига 55 метр чуқурликка тушиб кетган, жасадларнинг бир қисми сув юзасида эди.

Ҳодиса юзасидан суриштирувлар

Ҳалокат юзасидан ўтказилган суриштирувлар 4 йил давом этди ва унга Канада ҳукумати 40 миллион АҚШ доллари сарфлайди. Ҳалокат сабабларини ўрганиш учун самолёт бўлаклари тўлиқ океан тубидан олиб чиқилади ва бу ишларда 4 минг одам қатнашди.

2003 йил 27 март куни Канада транспортда хавфсизлик бўйича кенгаши якуний хулосаларни эълон қилди. Унга кўра ҳалокатга йўловчилар фойдаланиши учун ўрнатилган кўнгилочар видеотизим ускуналарида содир бўлган қисқа туташувлар сабаб бўлган.

Самолёт қулаб тушган жойда ўрнатилган ёдгорлик

Учувчилар кабинасида тутун чиқа бошлагач экипаж командири ва унинг ёрдамчиси инструкция бўйича иш тутиши ва барча ускуналарни, шунингдек, самолётнинг дум қисмида жойлашган ҳаво ҳайдагични ўчириши лозим эди.

Аммо улар бундай қилмаган. Оқибатда самолётнинг дум қисмидаги қурилмадан ҳайдалаётган ҳаво учувчилар хонасида ёнғинни баттар кучайтирган.

Самолёт қулаб тушишидан 6 минут аввал барча ускуналар ишдан чиқади ва ҳатто учувчиларнинг овозларини ёзиб олиши лозим бўлган қора қути ҳам ишламай қолади. Ҳисоботда учувчилар оловни ўчиришга урингани ва бунинг уддасидан чиқолмагани келтирилади.

Самолётдаги оловнинг кучайиб кетишига унинг салонидаги темир конструкцияларни ўраб турган елимли полипропилен ўрамлар ҳам сабаб бўлади. Шу туфайли ушбу ҳалокатдан сўнг фуқаро авиациясида хизмат қилаётган самолётларнинг бундай ўрамларни ишлатиши тақиқланади.

Банкрот бўлган Swissair

McDonnell Douglas самолётининг ҳалокатга учраши шундоқ ҳам оғир кунларни бошидан ўтказаётган Swissair авиакомпаниясининг банкрот бўлиб, ёпилиб кетишини тезлаштиради.

Ҳалокатдан сўнг авиакомпания самолётларида парвоз қилувчилар сони кескин камайиб кетади. Оқибатда кўплаб йўналишларда парвозлар тўхтатилади.

2001 йилга бориб компания банкрот деб эълон қилинади. 2002 йилда унинг самолётлари ва ходимлари бошқа авиакомпания ихтиёрига ўтиб кетади.

Шу тариқа 71 йил давомида фаолият кўрсатган, 1970-йилларда дунёнинг йирик авиакомпанияларидан бири бўлган Swissair йўқликка юз тутади.

Унинг барча активлари ва самолётлари Crossair авиакомпаниясига сотиб юборилади. Кейинчалик Crossair ўз номини Swiss International Air Lines деб ўзгартиради. Ҳозир ҳам шу номда фаолият олиб бормоқда.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид