Байден АҚШ президентларининг «иммунитети»ни чеклашни таклиф қилди
АҚШ президентининг фикрича, мамлакатда ҳеч ким қонундан устун бўлмаслиги керак, ҳатто президент ҳам, Олий суд судяси ҳам.
АҚШ президенти Жо Байден Оқ уй раҳбарларининг дахлсизлигини чеклашни таклиф қилмоқчи. У мамлакатга бундай чора нега кераклигини The Washington Post газетасида чоп этилган мақолада тушунтирди.
Хусусан, у президентларнинг федерал таъқибдан дахлсизлик ҳуқуқига эга эмаслигини аниқ кўрсатувчи ўзгартиришни Конституцияга киритишни таклиф этмоқчи.
Аввалроқ, 1 июл куни Доналд Трамп иши бўйича Олий суд президентлар «расмий лавозимдаги хатти-ҳаракатлари» учун жиноий жавобгарликка тортилишдан дахлсизликка эгалигини тасдиқлаган эди. Байден ушбу меъёрни ўзгартириш тарафдори эканини айтди.
«Ҳозир содир бўлаётган воқеалар оддий ҳол эмас ва бу суд қарорларига, шу жумладан шахсий эркинликларга таъсир қиладиган қарорларга бўлган ишончни йўқотади», деди Байден.
Шунингдек, у ўз мақоласида Қўшма Штатларда ҳеч ким қонундан устун эмаслигини қўшимча қилди:
«Миллат оддий, аммо жиддий тамойил асосида шаклланган: ҳеч ким қонундан устун эмас. АҚШ президенти ҳам, Олий суд судяси ҳам. Аммо Олий суднинг 1 июлдаги президентларга ўз лавозимида содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортилишдан кенг иммунитет бериш ҳақидаги қарори давлат раҳбари хатти-ҳаракатларига ҳеч қандай чекловлар йўқлигини англатади, бу фақат Оқ уй раҳбари ўзи белгилайдиган чекловлар бўлади».
Politico нашрининг эслатишича, Байден таклиф қилган чоралар Конгресс томонидан маъқулланиши керак ва конгрессменлар томонидан бу таклифни қабул қилиш имконияти кам. Агар демократлар сайловдан кейин иккала палатани назорат қилсалар ҳам, улар Сенатда тўсиқни бартараф этиш учун зарур бўлган 60 овозга эга бўлиши даргумон.
Конституцияга ўзгартириш киритиш янада қийин бўлиб, Конгресс иккала палатасининг учдан икки қисми ёки штатларнинг учдан икки қисми томонидан қўллаб-қувватланган конвенцияни, шунингдек, штат қонун чиқарувчи органларининг тўртдан уч қисми томонидан тасдиқланишини талаб қилади.
Мавзуга оид
07:30
Трамп кичик Кеннедини ССВ раҳбари лавозимига таклиф қилди
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
21:08 / 14.11.2024
Президентлар учрашуви: Байден ва Трамп Оқ уйда икки соат гаплашди
20:38 / 14.11.2024