Жаҳон | 10:50 / 03.10.2024
3586
2 дақиқада ўқилади

Ҳамас Тел-Авивдаги ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди

Яффо ҳудудида ҳужумни амалга оширган икки шахс Фаластин гуруҳи аъзоларидир. Ҳужум қурбонлари орасида Гуржистон ва Украина фуқаролари ҳам бор.

Фото: Ammar Awad / Reuters

Ғарб ОАВ 2 октябр, чоршанба куни Хамаснинг ҳарбий қаноти «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» баёнотига таяниб хабар беришича, Фаластиннинг Ҳамас гуруҳи Тел-Авив жанубидаги Яффо туманида 1 октябр куни содир этилган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

The Times of Israel нашрининг ёзишича, ҳужумни амалга оширган шахслардан икки нафари - хевронлик Муҳаммад Месек ва Аҳмад Ҳимуний Ҳамас аъзоларидир.

Тел-Авивда икки киши ўткинчиларга қарата ўт очди

1 октябр куни Тел-Авив жанубий чеккасидаги Яффода содир бўлган отишмада олти киши ҳалок бўлди, камида тўққиз киши яраланди, деб хабар берди полиция. Ярадорлардан тўрт нафарининг аҳволи оғир. Икки киши ўткинчиларга қарата автоматлардан ўқ узган. The Jerusalem Post нашрининг хабар беришича, ҳужумчилар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўлдирилган.

Исроил матбуотига кўра, ҳужумчилар кўчада ўт очишдан олдин трамвайда ўқ узган, улар чиқишда кузатув камераси томонидан тасвирга олинган. Полиция воқеа содир бўлган ҳудудда отишма содир этганларнинг камида яна бир шериги бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Тел-Авивдаги отишма Эрон томонидан амалга оширилган кенг кўламли ракета ҳужуми сабабли Исроилда ҳаво тревогаси эълон қилиниши фонида содир бўлди. Исроилга жами 200 га яқин ракета учирилди.

Мавзуга оид