Спорт | 15:48 / 02.05.2016
9215
2 дақиқада ўқилади

ОАВда Венгер «Арсенал»ни қачон тарк этиши ҳақида маълум қилинди

«Арсенал» жамоаси бош мураббийи Арсен Венгер жамоа мухлисларининг норозиликларига қарамасдан кейинги мавсумда ҳам жамоани бошқаришда давом этади.

Лекин 66 ёшли ушбу мутахассис 2017 йилнинг ёзигача тузилган шартномаси охиригача ишлайди ва кейин бош мураббийликдан кетади. Бу ҳақда The Telegraph хабар ёзган.

Хабарда айтилишича, у 2016/17 йилги мавсумдан кейин жамоа бошқарув тизимида фаолият кўрсата бошлайди. У «Арсенал»нинг болалар ва ёшлар жамоаларини назорат қилади. Венгер шунингдек, жамоанинг трансфер сиёсати устидан назоратни давом эттиради.

Эслатиб ўтамиз, АПЛнинг 36-турида «Норвич»га қарши учрашув вақтида «Арсенал» мухлислари Арсен Венгерга қарши ўз норозиликларини ифода этишди. Трибунадаги мухлислар уни истеъфога чақириб, қўлларида «Ўзгаришлар даври келди», «Венгер режимига йўқ деймиз», «Венгер - 12 йил, узрлар. Раньери - 9 ой, чемпионлик» каби ёзувлар туширилган баннерларни кўтаришди.

Венгер эса бунга жавобан жамоанинг омадсизликларига мухлислар ҳам айбдорлиги, муҳим паллаларда уларнинг қўллаб-қувватлови футболчиларга етишмагани, шунга қарамасдан жамоа кейинги 3 йил давомида анча кучайгани ҳақида иддао қилган. У жамоанинг янги стадиони туфайли бир қатор етакчиларни сотишга тўғри келгани, катта харидлар амалга оширишнинг иложи бўлмагани ҳақида гапириб, жамоа мухлисларини «Ливерпуль» мухлисларидан ўрнак олишга чақирган.

Мавзуга оид