Ўзбекистон | 12:10 / 25.09.2016
33406
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда шахсий ҳаёт дахлсизлиги қонун билан ҳимояланди

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик Кодекси ва Жиноят Кодекси янги моддалар билан тўлдирилди. Ўзгартиришлар шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарликни кўзда тутувчи меъёрларни кўзда тутади. Кодексларга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган. Бу ҳақда UZ24 «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарига асосланиб хабар берган.

Тузатишлар 24 сентябрдан бошлаб кучга кирди.

Маъмурий жавобгарлик кодексининг 46-моддасига кўра, фуқаронинг шахсий ҳаёти ҳақида маълумот тўплаш, унинг шахсий ёки оила сири бўлган маълумотларни унинг розилигисиз тарқатиш энг кам иш ҳақининг 10 баравардан 40 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят Кодексининг 141-моддасига мувофиқ, худди шундай ҳаракатлар энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача қамоқ жазоси билан жазолашга сабаб бўлади.

Оғир оқибатларга олиб келган, ғаразли мақсадда ёки хавфли рецидивист томонидан амалга оширилган шундай ҳаракатлар учун энг кам иш ҳақининг 100 дан 200 баробаригача жарима ё 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш чоралари қўлланилади.

Шундай ҳаракатларни содир этган шахс айбига иқрор бўлиб, жабрдийда билан ярашган ва етказилган зарарни қоплаган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкинлиги кўзда тутилган.

Мавзуга оид