Жамият | 13:27 / 29.09.2016
7960
2 дақиқада ўқилади

Америкаликлар Samsung кир ювиш машиналарининг портлаш хавфидан огоҳлантирилди

Истеъмолчи маҳсулотлар хавфсизлиги бўйича Давлат комиссияси (CPSC) америкаликларни баъзи Samsung кир ювиш машиналарининг "хавфсизлик муаммоси" ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақида CNN хабар берди. 

CPSC маълумотларига кўра, 2011 йилнинг март ойидан 2016 йилнинг апрелига қадар ишлаб чиқарилган вертикал юкловли Samsung кир ювиш машиналаридан фойдаланиш пайтида портлаш хавфи мавжуд. 

Samsung кир ювиш машиналари эгаларига комиссияда "нафис кийимларни ювиш" режимини қўллаш тавсия этилди. Шунда қурилма пастроқ тезликда айланади ва унинг зиён етказиш хавфи камаяди. 

Samsung кир ювиш машиналари эгалари компаниянинг бир қатор маҳсулотлари портлаганидан кейин уни судга беришди. Шундан сўнг CPSC расмий огоҳлантириш билан чиқди. 

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, улар кир ювиш машиналаридан фойдаланаётган пайтда "бомба портлашига ўхшаган" баланд товушни эшитишган. Техаслик аёлнинг қурилмаси ҳатто турган жойидан қўзғалиб кетган ва гараж деворида сезиларли из қолдирган. Даъвогарларнинг фикрича, Samsung ўзининг кир ювиш машиналаридаги муаммоларни кенг оммадан яширишга уринган. 

Компаниянинг расмий маълумотида "аномал тебранишлар" кир ювиш машиналари эгалари учун ҳақиқатдан ҳам хавф манбаи бўлиши мумкинлиги қайд этилади. Шунга қарамай, Samsung'да бундай ҳолатлар камдан-кам рўй бериши таъкидланган. 

Samsung компанияси маҳсулотларига бўлган эътибор унинг Galaxy Note 7 смартфонидаги муаммолар билан боғлиқдир, янги қурилмаларда батарея портлаш ҳолатлари кузатилганидан кейин компания 2,5 миллион смартфонни ортга қайтаришига тўғри келган. 

Кўрилган чораларга қарамай, Samsung қурилмаларидаги камчилик ва муаммолар ҳақидаги хабарлар кўпаймоқда. Куни кеча Delta Airlines самолёти Samsung планшетининг тутаб кетиши натижасида фавқулодда қўнишни амалга оширгани ҳақида хабар берилди. 
 

Мавзуга оид