Иқтисодиёт | 19:24 / 06.01.2017
6569
2 дақиқада ўқилади

Хитой ва Туркманистон ўртасида савдо айланмаси ҳажми камайгани маълум қилинди

Жаҳон иқтисодий инқирози сабабли охирги икки йилда Туркманистон ва Хитой ўртасида савдо айланмаси ҳажми камайди. Бу ҳақда Хитойнинг Ашхободдаги элчиси Сунь Вэйдун "Нейтральный Туркменистан" нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Туркманистон ва Хитой ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллигига бағишланган нашрдаги мақолада Хитой элчиси агар 1992 йилда икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 4,5 млн долларни ташкил қилган бўлса, 2013 йилга келиб бу кўрсаткич 10 млрд доллардан ошиб кетганини айтди.

Элчининг айтишича, "Хитой охирги 5 йил ичида Туркманистоннинг энг йирик савдо ҳамкори ҳисобланади".

Охирги икки йил ичида икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми пул эквивалентида камайган, бироқ ҳажм аввалгича қолган. 2016 йилнинг 11 ойи ичида савдо айланмаси 5,4 млрд долларга етган. 

Хитой элчисининг айтишича, 2009 йилда узунлиги 1800 км ни ташкил қилувчи Туркманистон-Хитой трансчегаравий газ қувурининг ишга туширилиши билан Хитой Туркманистондан 160 млрд куб метр газ сотиб олган ва туркман газининг энг йирик импортчисига айланган. Элчининг таъкидлашича, Пекин аҳолиси истеъмол қиладиган газнинг учдан бир қисми туркман гази ҳисобига тўғри келади. 

Туркманистон газ захиралари бўйича дунёда 4-ўринда туради, Хитой эса энергетика захираларининг энг йирик истеъмолчиси ҳисобланади. 

 

Мавзуга оид