Ўзбекистон | 11:00 / 30.01.2017
88578
2 дақиқада ўқилади

Лола Каримова-Тиллаева: Юракларимизда мангу қолажаксиз

30 январь — Ўзбекистоннинг биринчи президенти, марҳум Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг таваллуд айёми куни муносабати билан президентнинг қизи Лола Каримова-Тиллаева Facebook саҳифасида отасини хотирлади.

«Ҳамиша 30 январь куни биз Сизни таваллуд айёмингиз билан қутлашга ошиқар эдик. Бугун эса ўзгача… Сиз энди бизнинг орамизда йўқсиз, азиз отажоним… Шундай бўлса-да, биз дилдан доимо сизнинг борлигингизни ҳис этиб турамиз… То қалбларимиздаги муҳаббат абадий яшар экан, сиз ҳам юракларимизда мангу қолажаксиз», — деб ёзди у.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни 78 ёшида вафот этди.

Марҳум президентнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорга имзо чекди.

Унга кўра, Тошкент шаҳрида, Ислом Каримов туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида ва у биринчи раҳбар бўлиб ишлаган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида президент сиймоси тасвирланган ҳайкаллар ўрнатилади.

Ҳар йили Ислом Каримов таваллуд топган сана — 30 январь куни кенг нишонланади, 2 сентябрь куни Хотира куни сифатида ёд этилади.

Олий ўқув юртлари талабалари учун Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси жорий этилади.

Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий ва бадиий асарлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратилади ҳамда Ислом Каримов сиймоси акс эттирилган махсус почта маркалари чиқарилади.

Мавзуга оид