Жаҳон | 16:49 / 01.03.2017
8682
3 дақиқада ўқилади

Франция президентлигига номзод Фийоннинг рафиқаси ҳибсга олинди

Франция собиқ бош вазири, мамлакат президентлигига номзод Франсуа Фийоннинг рафиқаси Пенелопа қўлга олинди ҳамда қамоққа жойлаштирилди. Айни дамда тинтув ўтказилмоқда, деб хабар беради РИА Новости.

Бу ҳақда Mediapart нашри ходими Эллен Салви Twitter’даги саҳифасида ёзган. 

“Пенелопа Фийон қамоққа олинди, тинтув ўтказилмоқда. "Республикачилар" партиясига яқин бўлган манба”, - дея ёзган журналист.

Чоршанба куни Фийон рафиқасининг ишга жойлаштирилиши бўйича сўроққа чақирилгани маълум бўлди. Номзоднинг партиядаги тарафдорлари бу борада ҳеч қандай изоҳ беришмади.

Аввалроқ Фийоннинг машҳур Париж қишлоқ хўжалик кўргазмасига чоршанба кунига режалаштирган ташрифи бекор қилингани хабар қилинганди. Бу ерга ҳар йили барча даражадаги сиёсатчилар, хусусан давлат раҳбари ҳам келади.

Шу билан бирга, Figaro маълумотларига кўра, "Пенелопа уйда ҳамда у билан ҳаммаси жойида". Бу ҳақда нуфузли нашрга Фийон оиласига яқин манба хабар қилди. У Mеdiapart’нинг Франция президентлигига номзод рафиқаси қўлга олингани ҳақидаги хабарини рад этди.

Собиқ бош вазир рафиқаси Пенелопа Фийон билан боғлиқ можаро Canard enchaine ҳажвий газетасида, у саккиз йил давомида парламентарий Франсуа Фийоннинг ёрдамчиси сифатида иш ҳақи олгани ҳақида хабар эълон қилинганидан сўнг авж олди.

Шу билан бир қаторда, нашр тўлов бланкаларига асосланган – Пенелопа улар бўйича 1998-2002 йиллардаги даврда парламентарийлар хизматини тўлашга мўлжалланган фондлардан маблағ олган.

Бундай айбловлар Фийоннинг икки нафар фарзандига ҳам тегишли бўлди. Газета эса парламентда турли лавозимларга оила аъзоларидан бирини тайинлаш меҳнатга олишда сохта маълумотлардан фойдаланилмаса, қонунга хилоф эмаслигини ҳам келтириб ўтган.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, рўй бераётган ҳолат унинг номзодини сайловлардан четлатишга уриниш бўлиб, ОАВнинг бундай баёнотлари туҳматдир. 

Маълумки, Францияда президент сайловлари 23 апрель ва 7 май кунлари икки босқичда бўлиб ўтади.

Мавзуга оид