Жамият | 18:40 / 05.04.2017
61599
4 дақиқада ўқилади

Довруғи оламни тутган Катта Фарғона каналининг бугунги аҳволи (фото)

ХХ асрнинг улкан қурилишларидан бири бўлган, Марказий Осиё халқларининг турмуш даражасини яхшилаш борасида катта бурилиш ясаган Катта Фарғона каналининг тарихи барчамиз учун қизиқарли ва ҳайратланарлидир. Бунинг боиси шундаки, у асосан қўл кучи билан тупроқ қазилиб, ўз ниҳоясига етказилган ва Фарғона водийсида бунёд этилган энг йирик гидротехник иншоотдир.

Аслида инсонлар қадим-қадимлардан ҳаёт учун зарур бўлган сув манбааларини бўйсундириш учун канал қазиб, ариқ чиқариб, ерларни ўзлаштириш билан шуғулланиб келадилар. Ўлка аҳолиси деҳқончилик билан шуғулланиб келар экан, доимо сув танқислиги, суғориш иншоотларининг камлиги оқибатида унумдор ерлар чўлга айланар эди. Катта Фарғона каналининг қурилиши эса аҳолининг унумдор ерларга бўлган эҳтиёжини қондириб, бир неча асрлар мобайнида қамиш босиб ётган ботқоқликлар ҳамда қум барханларининг ўрнида экинзорлар боғлар ва токзорларни яратиш имконини берди. 

1939 йил 1 августдан бошланган халқ ҳашари билан Катта Фарғона канали жуда қисқа муддатда 45 кунда қуриб битказилди. Шундан кейин Катта Фарғона Канали 1940 йилда Тожикистон ҳудудида яна узайтирилди. Халқ ҳашарида 180 минг нафар ишчи ва деҳқон ҳамда 3000 нафар муҳандис-техник ходим қатнашди. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудидаги 500 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланди, янги ерларни ўзлаштириш имконияти пайдо бўлди. 

Ўша даврнинг машҳур санъаткорлари Тамарахоним, Ҳалима Носирова, Лутфихоним Саримсоқова, Гавҳар Раҳимова ва бошқалар ҳалол меҳнат қилаётган ҳашарчиларни маданий хизмат кўрсатиш билан қўллаб-қувватладилар. 

Хўш, ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб қолган бу катта Фарғона каналини асраб-авайлаяпмизми? Уларнинг меҳнатини нечоғлик қадрлаяпмиз?

Ижодий жамоамиз билан канални суратга олар эканмиз. Сувдан турли буюмлар чиқиндиси, ўт-ўланлар оқиб келаётганига гувоҳ бўлдик. Бу шунчаки, ўз-ўзидан келиб, тушиб қолган чиқиндилар эмас. Шу атрофда истиқомат қилувчи аҳоли томонидан ташланган ахлатлардир.   

Кимдир бу ўт-ўланлар, шох-шаббалар шу канал атрофидаги дарахтнинг шохлари, барглари оқиб келаётганни айтиб, баҳона қилиб қўяди. Бироқ, кўзимиз тушган, гувоҳ бўлганимиз турли аҳоли чиқиндилари дарахтда ўсмайдику.  

Шу ўринда бизда ҳақли савол туғилди. Канал атрофида истиқомат қилувчи аҳоли хонадонига туман ободонлаштириш башқармаси томонидан чиқинди машинаси ажратилмагандир. Аҳоли чиқиндиларни қаерга олиб чиқишни билмай, каналга ташлаётгандир. Мазкур муаммо билан ободонлаштириш бошқармасига мурожат қилдик.

Қўштепа тумани ободонлаштириш бошқармаси маълумотига кўра 8 та чиқинди машиналари аҳоли чиқиндиларини олиш учун ажратилган. Шу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли хонадонида  чиқиндиларни олиш учун шартнома имзоланган. Киши бошига бир ой учун 1300 сўмдан маблағ ҳам тўланган. Ҳафтада 3 маротаба қишлоқ фуқаролар йиғини, кўчаларга ташриф буюрувчи ободонлаштириш бошқармаси машинаси чиқиндиларни келишилган вақтда олиб кетаяпти.  

Бир ёқадан бош чиқариб, катта меҳнат ғалабаси билан якунланган халқ ҳашари самараси ўлароқ, Фарғона водийси аҳолисининг турмуш тарзининг юксалишида муҳим аҳамият касб этди. Қолаверса, Ўзбекистон боғ-роғларини гуллатаётган, эл дастурхони тўкин бўлиши учун ҳосилдор ерларни сув билан таъминлаётган Катта Фарғона канали ўзбек халқининг чин маънодаги миллий бойлигига айланганига шак-шубҳа йўқ. 

Бугун биз лоқайд инсонларни қилаётган ишларини тасвиримиз орқали кўрсатдик, огоҳлантирдик, хулоса чиқаринг ва меҳнатни қадрланг. Биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Аҳрор Зиё, Фарғона

 

Мавзуга оид