Электр энергияси ва газдан қарздор бўлганларни тармоқдан узиш бошланди
Мажбурий ижро бюроси директори Ботир Қудратхўжаевнинг ЎзА билан суҳбатда айтишича, Марказий банк билан бирга электр энергияси ва газдан тушадиган маблағларни ҳамда суд ҳужжатлари юзасидан ундирувларнинг ягона банк ҳисоб-рақамларини очиш ишлари якунига етказилмоқда.
Маълум қилинишича, кундалик тушум “Ўзбекэнерго”, “Ўзтрансгаз” компаниялари маълумотларини банкдан олинган маълумотлар билан таққослаш орқали ўрганилмоқда. Ҳудудларга Бош прокурор ўринбосарлари ҳамда масъул ходимлар бириктирилган.
“Энергоресурслар ҳисоб-китобларининг электрон базаларига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш мақсадида улардан кўчирмалар олинди. Уларнинг қонуний юритилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш учун 423 нафар прокуратура ходими бириктирилди. Энергоресурслардан ва суд ҳужжатлари бўйича қарздорларнинг электрон базаси шакллантирилиб, таҳлил қилинмоқда. Электр энергиясидан қарздор бўлган 48 минг 376, табиий газдан қарздор бўлган 22 минг 146 истеъмолчи тармоқдан узилди”, - деган Қудратхўжаев.
Унинг айтишича, суд ижрочилари иш юритувидаги ижро ҳужжатлари билан бирга судларнинг 1991 йилдан ҳозирга қадар бўлган ижро ҳужжатлари хатловдан ўтказилмоқда. Хатлов натижасида фақатгина 18 кун ичида судлар томонидан 48 минг 239 (41,7 миллиард сўмлик) ижро ҳужжати мажбурий ижрога қаратилмаганлиги аниқланган.
2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб истеъмолчилар – жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10 санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари лозим. Муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлганда, истеъмолчи – жисмоний шахслар белгиланган тартибда электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан мажбурий узилади.
“Келгусида истеъмолчиларга энергия ресурсларини етказиб бериш 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Олдиндан ҳақ тўланмаган ҳолларда истеъмолчиларга нисбатан электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилади”, - дейди ижро бюроси директори.
Электр ва газ тармоқларидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улашда истеъмолчи – жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида, юридик шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўлов қайта улашни амалга оширган ташкилот ҳисобига маблағларни ўтказиш орқали ундирилади.
Мавзуга оид
21:05 / 22.12.2024
Қатар Европага газ етказиб беришни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди
13:29 / 22.12.2024
Самарқандда табиий газ ва электрдан қарздорликни йўқ қилиб бермоқчи бўлган ходимлар ушланди
15:57 / 21.12.2024
Ўзбекистонда газ, нефт ва бензин ишлаб чиқариш камайишда давом этяпти
07:40 / 21.12.2024