Фан-техника | 23:42 / 14.08.2017
5562
2 дақиқада ўқилади

ХКСга Dragon кемасини элтиб қўювчи Falcon 9 ракетаси муваффақиятли учирилди

Фото : NASA

SpaceX компаниясининг Falcon 9 ракета-ташувчиси Халқаро коинот станциясига юк олиб борувчи Dragon кемаси билан Флоридадаги Канаверал бурнидаги космодромдан муваффақиятли учирилди.

Ракета парвозига белгиланган вақтда, яъни маҳаллий вақт билан соат 12:31да старт берилган. Тахминан 3 дақиқадан кейин ракетанинг биринчи поғонасининг ажралиши юз берган. У парвоздан 9 дақиқадан кейин старт жойи яқинида қўнган. АҚШ коинот агентлиги НАСА аввал ракетанинг биринчи поғонаси қўнишига эътибор қаратмай келганди, бироқ бу парвоз вақтида ракета учирилиши трансляцияси бошловчиси биринчи поғонанинг қўнишини батафсил ёритиб борган.

SpaceX коинотга парвозларни арзонлаштириш учун ракетанинг биринчи поғонасидан кўп марта фойдаланиш дастурини ишлаб чиқмоқда ва аввалроқ биринчи поғонанинг илк қайта парвозини амалга оширганди.

Биринчи поғона қўнгандан бироз ўтиб, юк кемасининг ракетадан ажралиши содир бўлган.

Dragon кемасининг ХКСгача саёҳати 2 кун давом этади ва у орбитал станция билан 16 августда туташиши белгиланган.

Юк кемаси ХКСга 3 тоннага яқин юк, жумладан озиқ-овқат маҳсулотлари, биринчи эҳтиёж буюмлари ва илмий тажрибалар учун материалларни етказади. Кема станцияга шунингдек янги суперкомпьютер, вазнсизликнинг инсон кўриш қобилиятига салбий таъсирини йўққа чиқариш имкониятини ўрганиш учун сичқонлар, Ерни паст ер атрофи орбитасидан ўрганиш учун телескоп билан жиҳозланган наноспутникни олиб кетмоқда.

Кема ХКСда бир ойча қолади, сўнгра ишланган материаллар ва илмий тадқиқотлар натижалари билан Ерга қайтади. Dragon бугунги кунда ХКСдан Ерга юк етказа олувчи ягона юк кемаси ҳисобланади.

Мавзуга оид