Жамият | 12:10 / 20.08.2017
16144
2 дақиқада ўқилади

Хабаровскда пауэрлифтинг бўйича жаҳон ва Европа чемпиони ўлдирилди

Пауэрлифтинг бўйича жаҳон ва Европа чемпиони Россиянинг Хабаровск шаҳри марказидаги кафе ёнида юз берган муштлашув туфайли ҳаётдан кўз юмди, деб хабар бермоқда Россия тергов қўмитасининг ўлка бўйича бошқармаси матбуот хизмати.

«2017 йилнинг 20 август куни соат тахминан 07:00да Хабаровск марказида жойлашган кафе ёнидаги кўчада, ушбу кафега келган икки шахс ўртасида муштлашув юз берди, унинг давомида 1992 йилда туғилган эркак 1985 йилда таваллуд топган бошқа бир шахсга бир неча зарбалар берган. Жабрланувчи олинган жароҳатлар туфайли шифохонада вафот этди», - дейилади хабарда.

Дастлабки маълумотларга кўра, ўлимга бош мия жароҳати сабаб бўлган.

Хабар қилинишича, қотил воқеа жойидан қочиб кетган. Унинг шахси аниқланди, қўлга олиш жараёни бўйича тезкор қидирув ишлари олиб борилмоқда.

«Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳалок бўлган шахс спорт билан профессионал тарзда шуғулланган, пауэрлифтинг бўйича жаҳон ҳамда Европа чемпиони эди», - дея қайд этишган тергов қўмитасидан.

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, ҳалок бўлган эркак пауэрлифтинг бўйича жаҳон ҳамда Европа чемпиони бўлган Андрей Драчёвдир.

Аввалроқ Байкалда эркин кураш бўйича Европа чемпиони Юрий Власко ўлдирилганди

Мавзуга оид