Спорт | 18:17 / 18.10.2017
24594
2 дақиқада ўқилади

Одил Аҳмедов Осиё чемпионлари лигаси финалида ўйнамайди

Осиё чемпионлар лигасининг яримфинал жавоб ўйинлари тугади.

Кеча Эроннинг «Персеполис» клуби ўз майдонида Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» жамоасини қабул қилиб, 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган, аммо икки ўйин натижасига кўра, 6:2 ҳисобида устун келган саудияликлар финал йўлланмасини қўлга киритган эди.

Бугун Япониянинг «Урава Ред Даймондс» клуби ўз майдонида Хитойнинг «Шангҳай СИПГ» жамоасини қабул қилди ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Дастлабки ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилгани сабабли, японияликлар финал йўлланмасига эга бўлишди. Меҳмонлар таркибида ҳамюртимиз Одил Аҳмедов 90 дақиқа ҳаракат қилиб, бир марта огоҳлантириш олди. 

Бу билан «Урава Ред Даймондс» клуби ўз тарихида иккинчи марта финалда тўп сурадиган бўлди. 2007 йилда жамоа бош совринни қўлга киритганди.

Яна бир финалчи «Ал-Ҳилол» ўз тарихида 6-марта Осиёнинг нуфузли мусобақаси финалида ўйнайдиган бўлди. Жамоа 1991 ва 2000 йилларда турнир ғолиблигини қўлга киритган бўлса, 1986, 1987 ва 2014 йилларда мағлубиятга учраган.

Эслатиб ўтамиз, финал ҳам икки баҳсдан иборат бўлиб, 18 ва 25 ноябрь кунлари ўтказилади.

ОЧЛ, 1/2 финал. Жавоб баҳси
18 октябрь

Урава Ред Даймондс (Япония) - Шангҳай СИПГ (Хитой) - 1:0
Гол: Силва Рафаэл (11)
Дастлабки ўйин: 1:1

Мавзуга оид