Ўзбекистон | 09:25 / 02.11.2017
16350
3 дақиқада ўқилади

Эксперт: Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи - ўзаро муносабатлардаги янги саҳифа

Фото: aa.com.tr

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Анқарага расмий ташрифи Туркиянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларида янги саҳифа очди, деб ёзмоқда Каппадокия Университети асосчиси ва биринчи ректори, профессор Ҳасан Али Қорасор «Анадолу» нашрида.

Мутахассисларнинг фикрича, ушбу тарихий ташриф туфайли Туркия ва Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро сиёсатдаги ўрни келгуси 10 йилда ўсиб боради.

Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги дипломатик алоқалар 25 йил олдин - 1992 йилда ўрнатилган. Ўтган чорак аср мобайнида икки давлат ўртасидаги биродарлик муносабатлари вақт синовидан ўтди.

Ўтган йил давомида Туркия ва Ўзбекистон президентларининг қатъий қадамлари туфайли икки мамлакат ўртасида яқин ҳамкорлик изчил йўлга қўйилмоқда. Мирзиёев ва Эрдўған 2016 йилнинг ноябрида Самарқандда, 2017 йил май ойида - Пекинда, 2017 йил сентябрида - Остонада, кейин Нью-Йоркда учрашишган. Бундан ташқари, йил давомида Туркия ва Ўзбекистон президентлари телефон орқали мулоқотлар ўтказдилар, икки давлат делегациялари ташрифлари давомида эса давлатлараро муносабатларнинг келажакдаги моделлари муҳокама қилинди.

Шу вақт ичида президентларнинг топшириғига биноан ташқи ишлар вазирлари, икки мамлакат иқтисодиёт ва мудофаа вазирлари ўртасида учрашувлар, ҳукуматлараро комиссия мажлислари, бизнес-форумлар бўлиб ўтди.

Ўтган бир йил давомида икки давлат ўртасидаги муносабатлар Туркия ва Ўзбекистон бош вазирлари раҳбарлигида профессионал тарзда йўлга қўйиб борилди, Мирзиёевнинг Анқарага ташрифи эса бу занжирнинг охирги ҳалқаси бўлди.

Ўзбекистон - Марказий Осиёнинг тарихий, маданий ва иқтисодий маркази, шунинг учун Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик Евроосиёда ҳамда бутун дунёда минтақавий ривожланиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, Ўзбекистон Туркия орқали транспорт йўналиши ёрдамида Европа билан алоқа ўрнатиш имкониятини қўлга киритади. Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг дунё океанига чиқиш йўлаги йўқлиги каби факт тўсиқ бўла олмайди. Тарихий Туркистон шаҳарлари «Буюк ипак йўли» халқаро савдонинг асосий йўналиши бўлган даврда тараққий топган эди. Замонавий дунёда «Темир Ипак йўли» орқали минтақа ўзининг эски шуҳратини қайта тиклаши мумкин.

Мавзуга оид