Жаҳон | 18:57 / 14.12.2017
5318
2 дақиқада ўқилади

Disney кинокомпанияси 21th Century Fox’ни сотиб олиши аниқ бўлди

Фото: EPA-EFE/JUSTIN LANE

АҚШнинг 6 та йирик киностудиясидан бири ҳисобланган The Walt Disney Company Голливуднинг бошқа бир йирик киностудияси – 21st Century Fox’ни 52,4 млрд долларга сотиб олишга келишди. Бу ҳақда 21th Century Fox кинокомпанияси сайтида маълум қилинган.

Шу тариқа, Голливуднинг энг йирик кинокомпаниялари “етакчи олтилиги” “бешликка” айланмоқда. Бу “олтиликка” шунингдек, Warner Brothers, Universal Studios, Sony Pictures ва Paramount кинокомпаниялари киради. 

Битим акцияларни алмашиш йўли билан амалга оширилади. Янги ўзаро бирлашган компания таркибига 21st Century Fox’нинг кино ва телефильмлар ишлаб чиқарувчи, кабел телевидениеси ва халқаро телеузатиш бўлинмалари киради.

Харид жараёнида 21st Century Fox таркибидан алоҳида сотиладиган бир қисм активлар ажратилади. Гап Fox Broadcasting network телетармоғи ҳақида кетмоқда. Унинг таркибига Fox Broadcasting network ва Fox News каби телеканаллар киради. Бу активлар ҳозирда 21st Century Fox’нинг эгаси ҳисобланган медиамагнат Руперт Мердокнинг оиласи томондан сотиб олинади.

Мавзуга оид