Жаҳон | 14:22 / 15.12.2017
13041
2 дақиқада ўқилади

Улюкаев пора олишда айбдор деб топилди ва 8 йилга қамалди

Фото: РИА «Новости»

Москва шаҳрининг Замоскворецкий суди Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги собиқ раҳбари Алексей Улюкаевни пора олганликда айбдор деб топди, дея хабар бермоқда РИА Новости мухбири суд залидан.

Суднинг аниқлашича, Улюкаев “Роснефть” раҳбари Игорь Сечиндан “ўзининг хизмат ваколатларига кирувчи хатти-ҳаракатлар” – “Роснефть” томонидан “Башнефть”нинг сотиб олиниши тўғрисидаги битимга ижобий баҳо хулоса учун 2 миллион доллар миқдорида пора олган. "Улюкаев мансабдор шахс бўлгани ҳолда, пора олганликда айбдордир", - дея қарор чиқарди судья Лариса Семенова.

Маълум бўлишича, Москванинг Замоскворецкий суди Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги собиқ раҳбари Алексей Улюкаевни саккиз йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарган.

Бу муддат ичига унинг уй қамоғида ўтирган вақти ҳам кириб кетади. Шунингдек у пора суммасининг Россия рублидаги қийматига тенг жаримани ҳам тўлаши лозим. Бу, судьянинг сўзларига кўра, тахминан 130 млн рублни ташкил этади. Суд қўшимча жазо сифатида Улюкаевни озодликка чиққанидан сўнг саккиз йил давомида ҳокимият органларида лавозимни эгаллаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилди. Прокуратура эса 10 йил колония ва 500 миллион рубль миқдорида жарима жазоси тайинланишини сўраган.

Шу тариқа, Улюкаев Россиянинг замонавий тарихида коррупция учун судланган илк федерал вазирга айланди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сўралган жазо муддати анча катта эканига қарамай, бу барча жазолар ичидаги энг қаттиғи эмаслиги хабар қилинганди. Россия Федерацияси Жиноят кодекси порахўрлар учун максимал 15 йиллик қамоқни назарда тутади. Бунга прокуратуранинг айбловни бироз юмшатиш, “пора талаб қилиш” бўйича эслатмани олиб ташлаш ва “олиш”нинг ўзини қолдириш бўйича илтимоси таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид