Ўзбекистон | 23:06 / 19.12.2017
194083
3 дақиқада ўқилади

МХХ раиси Рустам Иноятов Путин билан учрашувда иштирок этди

Россия президенти Владимир Путин МДҲ давлатлари хавфсизлик идоралари ва махсус хизматлари раҳбарлари билан учрашди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати маълум қилди.

Фото:kremlin.ru

Учрашувда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов ҳам иштирок этди.

“Айтишни истардимки, хавфсизлик идоралари ҳамиша, шу жумладан халқларимиз учун мураккаб вақтларда ҳам жуда муҳим давлат вазифаси – мамлакат манфаатларини ва унинг фуқароларини ташқи тажовузлар, турли хил суистеъмолликлар, террорчилик, уюшган жиноятчиликдан ҳимоя қилган ва жиддий йўқотишларга учраган”, деб айтди Путин учрашув бошида.

Учрашув давомида Путин МДҲ давлатлари Сурияда ИШИД жангарилари яксон қилингандан кейин қолган бошқа террорчилар қаерга қайтиши ва қочишига бефарқ эмаслигини таъкидлаб ўтди.

Фото:kremlin.ru

“Террорчиликка келсак, бу ерда сизга ҳеч нарса айтиш шартмас, сиз ҳаммасини ўзингиз ҳам яхши биласиз. Бу йўналишлар бўйича айнан сизлардан зарур маълумотларни оламиз. Биз учун бу борада нима юз бераётганини кузатиш жуда муҳимдир. Дунёда вазият жуда кескинлашиб кетди ва сизга маълум бўлгандек, Россия қуролли кучларининг Суриядаги самарали ҳаракатларидан кейин бу террорчилар қаерга қайтиши ва қочишига биз бефарқмасмиз. Биз бу газандалар қаерга кўчиб ўтаётганини тушунамиз ва бу “кўчиб ўтишлар” давлатларимиз ва халқларимиз учун қандай хавф туғдиришини биламиз. Шунинг учун бу борада ҳамкорлик қилишимиз муҳимдир”, деб ўз сўзларини давом эттирган Путин.

“Биз доимо тўқнаш келадиган уюшган жиноятчилик, ноқонуний миграция ва бошқа муаммоларга келсак, бу ҳам сизнинг жавобгарлигингиз доирасига киради. Иш мураккаб, оғир, афсуски, йўқотишларсиз эмас. Бироқ бунинг барчаси бежизга қилинмайди, бунинг барчаси давлатларимизни ичидан ва умуман, бирдамлигимизни мустаҳкамлайди”, деб айтган Путин. 

Россия президенти махсус хизматлар раҳбарларига ҳамкорлик ва тақдим қилинаётган маълумотлар учун миннатдорлик билдирди. 

“Биз ҳам сизларни ўз вақтида хабардор қилиш учун барча ишни амалга оширамиз. Ва сиз билан бирга, шу пайтгача бўлгандек, давлатларимиз ва одамларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарурий тадбирларни амалга оширамиз”, деб таъкидлаб ўтган Путин.

Путин сўзлари якунида ҳамма йиғилганларга миннатдорлик ва келгусида ҳам самарали иш олиб борилишига умид билдирди.

Мавзуга оид