Ўзбекистон | 10:30 / 27.12.2017
15740
2 дақиқада ўқилади

Президент совғалари ҳудудларга етказилди

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистонда ёш авлодга бўлган ғамхўрлиги ва эътиборининг ёрқин ифодаси бўлган “Президент арчаси” байрам тантаналари болажонларнинг энг севимли байрамларидан бирига айланиб улгурган, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

“Президент арчаси” тадбирини мазмунли ва кўтаринки руҳда ташкил этиш мақсадида, Халқ таълими вазирлиги ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, бугунги кунга келиб Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари ўғил-қизлари, “SOS – болалар маҳаллалари”, Гўдаклар уйи, Оилавий болалар уйи тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, юртимиз тинчлиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фарзандлари учун 12 номдаги ўқув қуроллари ва 15 номдаги ширинликлардан иборат бўлган 11 минг дона Президент совғалари тайёрланди. Жорий йилнинг 26 декабрь куни, Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳрига жами 3734 дона Президент совғалари автотранспортларда, 6265  дона Президент совғалари “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг самолётлари орқали жорий йилнинг 25-27 декабрь кунлари жадвал асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва 9 та вилоятга етказилди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Совғалар 29-30 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда ташкил этиладиган “Президент арчаси” тадбирларида кичкинтойларга тантанали равишда топширилади.

Мавзуга оид