Йил якунлари. Жаҳон футболидаги энг асосий воқеалар
Воқеаларга бой бўлган 2017 йил ҳам тугаб бормоқда. Қувончли, аламли лаҳзаларга тўла бўлган даврда футбол оламида ҳам алоҳида қайд этиш учун етарлича воқеалар рўй берди. Tribuna.Uz ўтган йилнинг энг асосий воқеаларини тузиб чиқди.
Йил жамоаси — «Монако»
Ҳа, улар қуйи дивизиондан чиқиб дарҳол чемпионатни ютиб кетгани йўқ. Ҳа улар кетма-кет йигирматалаб ўйинни ютгани йўқ, ҳа улар кетма-кет икки марта ЕЧЛда ғалаба қозонишдек ишнинг ярмини ҳам бажара олишмади. Аммо Леонарду Жардим шогирдлари кўрсатган футбол ҳали ҳамон футбол турли пуллар ва шиширилган имкониятлардан устунроқ эканини кўрсата олди. Катта тезлик, юқори энергияга асосланган футбол эвазига жамоа ақлбовар қилмас пуллар сарфлаётган «ПСЖ»ни чемпионатда 8 очкога ортда қолдириб кетди. Европа чемпионлар лигаси ярим финалига қадар етиб борди. Буларнинг барчасига ультра-ҳужумкор ўйини билан эришгани таҳсинга сазовор.
Ҳа, айтганча, жамоа чемпионатда кетма-кет 16 учрашувда ғалаба қозониб, Франция рекордини ўрнатди. Лекин асосийси булар эмас. Энг асосийси «Монако» бу сафар «юлдузлар фабрикаси» ролини ўйнаб берди ва футбол оламига бир қатор янги юлдузларни етказиб берди. Килиан Мбаппе, Бернарду Силва, Бенжамен Менди, Фабиньо, Тома Лемар, Тиемуэ Бакойоко каби футболчиларни бир йил олдин кўпчилик танимасди. Аммо айнан 2017 йил улар кўрсатган ўйин билан икки марта кетма-кет ЕЧЛда ютган «Реал»нинг ва тотал футбол билан ҳаммани ҳайрон қолдираётган, енгилмас «Манчестер Сити»ни сояда қолдириб кета олди.
Йил инқилоби — VAR
ФИФА ёзда футболда инқилоб — янги технологиялар олиб кирилишини маълум қилди. Эндиликда учрашувда ҳакамлар видеотакрорлар ёрдамида ўйинларни бошқариши мумкин бўлди. Аввалига Россияда ўтган Конфедерациялар кубогида бу технологиялардан фойдаланиб кўрилди. Эндиликда Германия, Италия ва Шимолий Америка миллий чемпионатларида бу тизимдан тўлиқ фойдаланилмоқда. Кўринишидан ўйин темпини ўлдириб қўйиши мумкиндек кўринган бу янгилик қайсидир ўринда одилона қарорлари билан ҳам қўл келди. Ҳозирча баъзи саволлар ҳам мавжуд. Лекин энг асосийси, келаётган йилда футбол оламининг энг нуфузли мусобақаси - жаҳон чемпионатида ҳам бу технологиялардан фойдаланиши кутилмоқда. Шунингдек, Испания чемпионати ҳам бу борада деярли бир тўхтамга келди. Афтидан, бу тизим буткул йўқолиб кетмаслиги аниқ. 2017 йил эса унинг туғилиши сифатида тарихда қолади.
Йил кашфиёти
Сўзсиз, Килиан Мбаппе. Февралгача Франция чемпионатига ўта қизиқувчиларгагина маълум бўлган 18 яшар йигит ЕЧЛ 1/8 финалидан бошлаб майгача бўлган муддатга худди чақмоқ каби футбол оламига кириб келди. «Монако» учун аталган йилда жамоасининг ЕЧЛ ярим финалига қадар етиб боришида Килианнинг ҳиссаси катта бўлди. 6 ойлик юқори савияли ўйини учун унга 180 миллион евро беришгани эса бежизга эмас. Ҳозирча у «ПСЖ»да ҳам йўқолиб қолаётгани йўқ.
Йил муваффақиятсизлиги — Италия терма жамоаси
60 йил деганда Илк марта Италия терма жамоаси тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси жаҳон чемпионатида иштирок этмайдиган бўлди. Аввалига «Скуадра Адзурра» саралаш гуруҳ босқичида Испанияга ютқазиб биринчи ўринни бой берди. Кейинчалик плей-офф босқичида Швеция терма жамоасига қарши икки учрашувда бирорта ҳам тўп кирита олмасдан (0:0, 0:1) финал босқичидан қуруқ қолди.
ЖЧ-2018дан сўнг фаолиятини якунлаш ниятида бўлган Буффон кўз ёшлари билан бу ишни вақтлироқ амалга оширишга мажбур бўлди. Жампьеро Вентура шармандали равишда терма жамоа бош мураббийлигидан четлатилди. Ҳозиргача унинг ўрни бўш қолиб келмоқда.
Йил камбэки. «Барселона»
Балки бу барча даврларнинг энг яхши камбэкидир. Балки футболда бу каби катта қайтиш бошқа кузатилмас ҳам. Европа чемпионлар лигаси тарихида ҳали ҳеч бир клуб плей-оффнинг биринчи учрашувида 0:4 ҳисобида ютқазганидан сўнг жавоб учрашувида ўзи учун керакли натижа билан кейинги босқичга ўта олмаганди. Аммо «Барселона» буни уддалай олди. Уддалаганда ҳам даҳшатли тарзда, учрашувнинг сўнгги дақиқаларида киритилган 3 гол билан исботлади. Сўнгги гол эса 90+6-дақиқада киритилганди.
Агар ҳозирга қадар бу ўйинни кўрмаган бўлсангиз, албатта кўринг. Шунчаки «ҳайлайтс» ёки голлар билан буни ҳис қила олмайсиз. Ўйинни бошидан охирига қадар жонли шарҳланган ўйинни кўринг. Сиз (балки) яқин 100 йилликда бошқа такрорланмас воқеа бўлган бўлишингиз мумкин.
Йил мураббийи — Хосеп Гвардиола
«Англияга биринчи марта келганимда, кўпчилик бу ерда мен қурган услуб ўтмаслигини таъкидлаганди. Лекин шунда ҳам фикримдан қайтмадим. Биз бугун уларнинг фикри нотўғри эканини исботлай олдик. Фақат ғалабалардан эмас, буни айнан биз хоҳлаган ўйин услуби билан қўлга киритаётганимиздан бахтиёрман», деганди Гвардиола Англия премьер-лигасидаги ғалабали серия рекордини такрорлаган «МЮ»га қарши ғалабали ўйиндан сўнг.
Дарҳақиқат, Гвардиола Англияга ташриф буюрган дастлабки мавсумда кутилган натижаларга эриша олмади. Жамоа барча совринларни бой берди. Аммо ўтган мавсум сўнгига келиб, жамоа ўйинида сезиларли ўзгаришлар кўзга ташлана бошлаганди. Янги мавсумда эса барчаси юзага чиқди. «Бу ерда сенга, «Осасуна» ёки «Ҳанновер» йўқ, бу ер Англия, «Суонси» ёки «Вест Бромвич» ҳам сени қийнаб қўйиши мумкин», деганларга кетма-кет ғалабалари билан исботлаб қўйди.
Йил революционерлари — Кевин Де Брюйне ва Ҳарри Кейн
Футбол олами сўнгги 10 йилдан бери битта саволни ўзаро тортишиб келади. Месси ёки Роналду? Роналду ёки Месси. 2017 йилга келиб биринчи марта бу саволга қўшимча пайдо бўла бошлади. Кевин де Брюйне ҳозирнинг ўзида дунёнинг энг яхши футболчисими? Албатта 10 йил бир мавзуда гаплашган консерватив мухлис учун бу ғалати савол бўлиб кўриниши мумкин. Аммо сўнгги 4 ойда бельгиялик футболчи кўрсатган ўйин статистикаси ҳам, ўйин сифати ҳам энг камида шу саволни бериш учун етарли бўлди.
Тўғри, кўпчиликда Месси ва Роналдудан кейин Неймар асосий юлдуз бўлади. «Олтин тўп»ни у биринчи ютади деган фикр бор. Аммо Неймар буни исботлаш учун янги клубга ўтишига тўғри келди. Янги клубда буни исботлаш учун эса ҳозирча имкон бўлганича йўқ. «ПСЖ» Неймар келган 4 ойдан буён ҳозирча ҳал қилувчи ўйинларни ўтказмади ва унинг бу номга қай даражада муносиб эканини энг камида февралда «Реал»га қарши ўйинда билиб оламиз. Де Брюйне эса Гвардиола қўли остида фантастик мавсумни ўтказмоқда ва ҳақли равишда мутахассис ва мухлислар орасида ҳеч бўлмаса шу саволни пайдо бўлишига сабабчи бўлиб турибди: «Де Брюйне дунёнинг энг яхши футболчисими?»
Ҳарри Кейн эса ҳужумчи сифатидаги статистик кўрсаткич бўйича революцияни амалга ошира олди. 8 йилдан буён ё Месси ё Роналду тақвим йилида энг кўп гол уриб келишарди. Жорий мавсумда ҳам афтидан шу икки футболчи ўзаро ўйинда тўпурар номини аниқлаши кутилганди. Аммо якунда Кейн бу номни илиб кетишни уддалай олди. Инглиз ҳужумчиси нафақат АПЛ тақвим йилида гол уриш (39та) бўйича рекордни янгилади, балки Месси ва Роналду 8 йилдан буён гегемонлик қилиб келаётган барча мусобақалар тўпурари (56та гол) деган номни ҳам ўзиники қилиб олди.
Бу йилдан кейин келинган хулоса шу бўлдики, ниҳоят «Олтин тўп»ни бошқа футболчилар қўлга киритиши ҳам мумкин: бунинг учун мавсум сўнгида асосий совринларни қўлга киритиш катта қадам бўлади. Шу пайтгача эса ўша Рибериси ҳам, Нойер-у, Снейдер Иньесталар ҳам бу номга даъвогарлик қила олишмасди.
Йил трансфери — «ПСЖ» «дубли»
Франциянинг «ПСЖ» клуби Европа чемпионлар лигаси нимчорак финалидаги шармандали натижадан сўнг якуний қарорга келди. Молиявий «фейр-плей» талабларини бузиб бўлсада, жамоага ТОП-юлдуз олиб келиниши керак. Бунинг учун жанжалли бўлсада Неймар трансфери амалга оширилди. Олдинги трансфер рекордидан 2 баравар кўпроқ нархга бразилиялик футболчи сотиб олинди ва бу нафақат трансфер шов-шувини келтириб чиқарди. Балки, бозордаги мувозанатнинг ҳам бузилишига сабаб бўлди. 25 кун ўтиб жамоа энди ҳали 6 ой ўзини кўрсата олган Мбаппе учун 180 миллион евро тўлади.
Икки футболчи учун сарфланган 402 миллион евро ўзини оқлайдими-йўқми буни номаълум. Барча саволларга ЕЧЛнинг баҳорги мавсуми ойдинлик киритиб беради.
Бир сўз билан айтганда, 2018 йил 2017 йилгиданда қизиқроқ бўлиши кутилмоқда. Жаҳон чемпионати, лидерлари ўзгараётган Европа чемпионлар лигасининг ўзига хос интригалари ва бошқалар. Ҳозирча эса ўтган йилни ёдимизга солиб турган асосий воқеалар шулардан иборат. Бир йил ўтиб янада қизиқроқ воқеаларга тўхталишдан умидвормиз.
Азамат Муродов
Мавзуга оид
12:02 / 22.12.2024
«Барса»да инқироз, «Сити»да антирекорд. Кун ўйинлари
12:24 / 16.12.2024
«Барса» яна аутсайдерга ютқазди, «Сити» камбэк қурбони. Кун ўйинлари
11:17 / 12.12.2024
«Сити» яна ютқазди, «Барса»да муҳим ғалаба. ЕЧЛда кун ўйинлари
12:04 / 08.12.2024