Жаҳон | 20:20 / 01.01.2018
23178
2 дақиқада ўқилади

Эрон президенти намойишларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида гапирди

Фото: © РИА Новости

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний маълум қилдики, бошланиб кетган намойишлар тўлқини  мамлакатдаги ички муаммолар ифодасидир. У шунингдек, бу намойишлар ортида бир қанча бошқа давлатлар турганини ҳам тусмол қилган. Бу ҳақда Mehr ва Fars агентликлари хабарларида айтилади.

Оммавий тартибсизликлар 28 декабрь куни Эроннинг энг йирик шаҳарларидан бири Машҳадда бошланганди. Ўша куни 200 киши тухум нархи кескин кўтарилишидан норозилик билдирганди. Полиция намойишга чиққанларнинг 52 нафарини ҳибс қилди. Бу эса мамлакатда норозилик тўлқинини пайдо қилди ва кейинги кунларда Ришт, Шероз, Исфаҳон, Кирмоншоҳ ва Ҳамадон шаҳарларида йирик намойишлар бошланди.

Охирги хабарларга кўра, намойишлар вақтида ҳалок бўлганлар сони 12 нафарни ташкил қилмоқда.

«Кўчага чиққанларнинг барчаси ҳам хорижий давлатлар томонидан бошқарилмаяпти. Намойишчилар орасида шахсий туйғулари ва муаммолари сабабидан кўчага чиққанлар ҳам бор», дея Руҳонийнинг сўзларини келтирган Mehr агентлиги.

У бу вазиятдан «муаммо сабабларини аниқ ўрганиш»да фойдаланиш кераклигини қўшимча қилган.

Fars агентлиги Руҳоний шунингдек, айрим давлатлар, хусусан, Саудия Арабистони Эронда «тартибсизликлар келтириб чиқаришга урингани» ҳақида гапиргани ҳақида ёзган.

«Саудияликлар Теҳронда муаммолар бўлишини исташлари ҳақида очиқ гапиришганди», деган президент.

Унинг сўзларига кўра, «Эроннинг душманлари унинг муваффақиятлари ва тараққиётидан ғазабга тушишган».

Мавзуга оид