Эрондаги «қора қути». Ислом Республикаси боши берк кўчага кириб қолдими?
Эрон бугунги кунда норозилик намойишлари гирдобида қолди, ушбу акциялар сўнгги ўн йилликдаги энг кенг кўламлисига айланди, деб ёзмоқда Der Spiegel. Бироқ улар бошланганидан ҳаттоки бир ҳафта ўтиб ҳам кўп нарса тушунарсизлигича қолмоқда: намойишчилар аслида нимани хоҳлашмоқда ва норозилик акциялари якунда режимнинг ўзига қўл келмайдими?
"2017 йил Эрондаги режим учун ғалабали якунланди: Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланаётган жангарилар Ливан, Сурия, Яман ва Ироқнинг бир қисмини назорат қилмоқда. Эрон Ислом Республикаси азалий рақиби Саудия Арабистони билан минтақавий курашдаги ўз позицияларини анча мустаҳкамлади", - дея ёзади мақола муаллифи Кристоф Сидов.
“2018 йил режим учун янада мушкул келиши кутилмоқда. Бу кўпроқ ички сиёсий вазият билан боғлиқдир”, - дея таъкидлайди журналист. У мамлакат деярли бир ҳафта давомида норозилик намойишлари гирдобида қолганига ишора қилмоқда. “Улар президент Ҳасан Руҳонийга худди кутилмаган қор каби бўлди”, - дейди Сидов.
“Ўз кучига ҳаддан ташқари ишонаётган режим учун бу намойишлар 2009 йилдан кейинги энг катта акцияларга айланиб, зарба бўлиб тушди. Ўшанда, - дея эслатади журналист, - миллионлаб эронликлар президентлик сайловлари давомида Маҳмуд Аҳмадинажод фойдасига сохталаштиришлар юз берганига қарши норозилик билдирганди”.
Ҳатто бир ҳафтадан кейин ҳам намойишларда қанча эронликлар иштирок этаётгани номаълум бўлиб қолмоқда. 2009 йилги воқеалардан фарқли ўлароқ, бу акциялар Теҳрон билан чекланмади. “2009 йилда, - дея давом этади журналист, - асосан ўрта ва юқори ижтимоий қатламлар вакиллари ўз норозилигини билдирганди, бугунги кунда эса асосан мамлакатдаги камбағал фуқаролар кўчаларга чиқди. Бундан ҳодисаларга гувоҳ бўлганлар далолат бермоқда. Режим норозилик намойишларни ёритишни анча чеклаб қўйди, интернетга киришни блоклади ва акцияларни суратга олишни тақиқлади”.
Рўй бераётган ҳодисаларни аниқ тасаввур қилиш қийин, дея таъкидлайди муаллиф. Интернетдаги видеороликларга қараб баҳо бериладиган бўлса, эронликлар мамлакатда ўсиб бораётган ижтимоий тенгсизликка қарши курашишмоқда.
Бундан ташқари, намойишчилар “режим Суриядаги урушга ва Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ташкилотини молиялаштиришга миллионлаб маблағларни бераётганидан норози”, дейилади мақолада.
Норозилик акцияларидан олинган фото ва видеода уларда аёллар ҳам иштирок этаётганини кўриш мумкин. Улар, хусусан, бош қисмини ёпиб юриш зарурлигига қарши норозилик билдиришмоқда.
Мақола муаллифига кўра, акцияларда тилга олинаётган “Диктаторга ўлим” ва “Биз Ислом Республикасини истамаймиз” каби шиорлар қанчалик кенг тарқалганини тушуниш бироз мушкулдир. “Бир нарса аниқ: Ислом инқилобидан 40 йил ўтгач, сиёсий тизим аҳолининг кенг қатламига фойда бериши мумкин бўлган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга қодир эканини исботлай олмади”.
Режим асабийлашаётгани аниқ, дея хулоса қилади нашр. “Ҳуқуқ-тартибот идоралари намойишчиларга қарши куч ишлатмоқда. Расмий маълумотларга кўра, бир ҳафтада акцияларнинг тахминан 21 нафар иштирокчиси ҳалок бўлди”, - дея хабар беради муаллиф.
Агар 2009 йилда норозилик намойишлари Теҳронда бошланиб, ушбу шаҳарда хорижий журналистлар борлигида, яъни жаҳон жамоатчилиги нигоҳи остида ўтказилган бўлса, бугунги акциялар асосан вилоятлар марказларини қамраб олди ҳамда режимга анча қаттиқроқ ҳаракат қилишга йўл бермоқда.
Бундан ташқари, муаллифнинг кўрсатишича,”норозилик акциялари иштирокчилари ўзларини 2009 йилдагидан фарқли равишда анча тажовузкор тутмоқда. Кўплаб шаҳарларда улар полиция участкалари, ўт ўчириш станциялари ва банкларга ҳужум қилишди. Бу эса акцияларда бу сафар йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ бўлганлар қатнашаётганидан дарак беради”.
Теҳрондаги режим норозилик намойишларни уюштиришда ташқи кучларни айбламоқда. Бунга исботлар йўқ, аммо “АҚШ президенти Дональд Трамп Эрондаги режимни ўзгартириш истаги борлигини ҳеч қачон яширмаган. Масалан, 2017 йилда Оқ уй маъмурияти Эрон бўйича тезкор бўлимга Майкл Д'Андреа исмли шахсни раҳбар сифатида тайинлади, унинг лақаби эса Оятуллоҳ Майкдир”. Баъзи маълумотларга кўра, у Эронда Америка махсус хизматлари таъсирининг кенгайиши билан шуғулланиши керак эди. “Бундан олдин у Марказий разведка бошқармасининг терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи бўлган ва бин Лодинга уюштирилган овни ҳамда “Ал-Қоида”га қарши дронлар урушини мувофиқлаштирган”, - дея хабар беради Der Spiegel.
Бироқ, муаллифнинг таъкидлашича, “Теҳронда режимнинг тезлик билан ўзгариши эҳтимоли анча шубҳали. Намойишчиларнинг манфаатлари турлича, мамлакатдаги элита ҳамон катта таъсирга эга бўлиб қолмоқда, Ироқ ва Суриядаги жанговар ҳаракатларда иштирок этиш тажрибасига эга бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жуда яхши қуролланган".
Келгусида намойишлар ҳатто президент Руҳонийга ҳам фойда бериши мумкин, дея ҳисоблайди Эрон бўйича эксперт Сорен Фаика. “Намойишлар шуни кўрсатмоқдаки, Эронга ислоҳотлар ва либераллашув зарур. Руҳоний айнан шунинг тарафдоридир. Президент тартибсизликлар ёрдамида сиёсий капитални қўлга киритиши мумкин: улар шу пайтга қадар Руҳоний томонидан таклиф этилган либераллашув курсига қарши бўлган консерватив кучларнинг позициясига зиён етказмоқда”, - дея экспертларнинг сўзларини келтиради Сидов хулоса ўрнида.
Мавзуга оид
16:58
Эронда WhatsApp ва Google Play блокдан чиқарилади
20:58 / 24.12.2024
Bloomberg: Россияга Эрон қуролларининг чорак қисмини бизнесмен Ҳусайн Шамҳаний етказиб бермоқда
19:06 / 22.12.2024
Асаднинг қулаши — Эрон ташқи сиёсатидаги муваффақиятсизлик
14:52 / 20.12.2024