Ўзбекистон | 11:56 / 06.01.2018
26601
3 дақиқада ўқилади

Ҳаж сафарига талабгорларни саралаш бўйича суҳбатлар бошланди

Фото: Дин ишлари бўйича қўмита

2018 йилда ҳажга борувчиларни саралаш бўйича суҳбатлар бўлиб ўтмоқда. Тошкент шаҳри “Шайх Зайниддин” (Кўкча) масжидида махсус ҳайъат талабгорларни бирма-бир суҳбатдан ўтказмоқда. Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов, “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари раҳбарлари томонидан ҳар бир аризачининг оиласи ўрганилмоқда, маҳалладаги жамоат ишларида фаоллиги текширилмоқда. Шунингдек, талабгорнинг ислом арконларини бажарганлиги, ҳаж амалларини билиши, ушбу муқаддас ибодатга боришдан мақсади сўралмоқда.

Қайд этиш керакки, ҳажга борувчиларни суҳбатдан ўтказиш ҳақида хабарлар тарқалганидан сўнг фуқаролар орасида ҳаж амалларини ўрганиш, маҳаллада жамоатчилик билан ишлаш бўйича комиссияларга аъзо бўлиш ҳаракатлари бошланиб кетган. Маълумотларга кўра, Чорсу бозори яқинидаги китоб дўконларида бошланғич диний маълумот берувчи китобларни сотиб олиш айниқса кучайган.

“Ўрнимга бошқа одам борақолсин”...

“Суҳбатга келганлар китоб варақлаб ўтиришибди. Имом бераётган саволларга тайёргарлик кўришяпти. Асосан диний амалларни билиши, маҳаллага қандай фойдаси теккани, оиласида фарзандлари нима натижаларга эришгани ҳақида сўрашмоқда. Ўзим гувоҳи бўлдим. 40 га кирган бир йигит савол-жавобдан ўтолмайман, ўрнимга бошқа одам борақолсин, деб кетиб қолди”, - дейди суҳбатда қатнашган фуқаролардан бири.

Бу йилги ҳаж тадбирлари аввалги йилларникидан кескин фарқ қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиёев 2017 йил 1 сентябрь куни Хастимом мажмуасида уламолар билан мулоқот чоғида ҳажга ҳар томонлама муносиб инсонларни юбориш бўйича айтган фикрларидан сўнг ҳар бир ҳудудда исломнинг бешинчи рукни бўлган ибодатни амалга оширмоқчи бўлган фуқаролар билан махсус суҳбатлар ташкил қилинмоқда.

“Ночор оилага 3 хонали уй совға қилди”

Ёши кекса отахон-онахонлар билан енгил суҳбат қилинмоқда. Уларни ортиқча савол-жавоб қилишаётгани йўқ. Суҳбатлар катта мажлислар залларида бўлиб ўтмоқда. Ҳамма савол-жавобни ўзи кўриб, билиб турибди. Ҳар бир талабгор ўз маҳалласининг раиси билан бирга қатнашмоқда. Маҳалла раиси ҳажга борувчининг оиласи ҳақида, маҳалладаги фаоллиги бўйича маълумот бермоқда.

“Жуда ибратли бир ҳолат бўлди. 50 ёшлар чамаси бир фуқаро билан суҳбат қилишди. Онаси билан ҳажга бормоқчи экан. Маҳаллага қандай фойдангиз теккан, деган савол беришганида: “Қўлдан келганча ҳаракат қиляпмиз”, деб жавоб бериб қўя қолди. Шунда маҳалла раиси ўша фуқаронинг маҳалладаги ночор оилага 3 хонали уй совға қилганини айтиб берди”, - деди суҳбатда қатнашган фуқаро.

Энг асосийси, суҳбат барчанинг кўз ўнгида, шаффоф ўтказилмоқда. Суҳбат натижалари маҳалла фуқаролари йиғини биноси ва масжидларга осиб қўйилади.

Мавзуга оид