Жамият | 14:15 / 09.01.2018
10148
6 дақиқада ўқилади

Халқимиз ҳаётбахш янгиланишлардан мамнун — «Ижтимоий фикр»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида 2017 йилга баҳо берар экан, халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш бўйича янги тизим яратилган йил бўлди, деб айтишга тўла ҳақли эканимизни алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши Ҳаракатлар стратегиясидаги устувор мақсад ҳамда вазифаларни рўёбга чиқаришда муҳим қадам бўлди. Аввало, давлат органлари фаолиятида туб бурилиш кузатилди. Бунда «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган ғоя асосий мезонга айланган.

Фуқароларимизнинг айни масала юзасидан фикр-мулоҳазалари, хулосалари қандай?

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мингдан зиёд респондентлар ўртасида ўтказган галдаги тадқиқотда ушбу саволга жавоб изланди.

Мониторинг кўрсатишича, халқимизнинг давлат бошқаруви ва жойлардаги ижро ҳокимияти органлари фаолиятига берган баҳосида ижобий тенденция кузатилди. Хусусан, 2017 йилнинг биринчи чорагида респондентларнинг 47,1 фоизи давлат идоралари ишидан қониқиш ҳосил қилган бўлса, тўртинчи чоракка келиб мазкур кўрсаткич 52,3 фоизни ташкил этди.

Аҳолининг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш бўйича давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятидан фуқаролар қониқишининг энг юқори даражаси Сурхондарё (86,7 фоиз), Наманган (75,6 фоиз) ва Сирдарё (75 фоиз) вилоятларида аниқланди. Фарғона ва Жиззах вилоятлари аҳолисининг бу борада берган баҳоси мамлакат бўйича ўртача даражадан паст бўлди.

Тадқиқот жараёнида фуқаролар жойлардаги ижро ҳокимияти органлари фаолиятига доир ахборотнинг очиқлик даражасини ҳам белгиладилар. Ҳар иккинчи респондент айни жабҳадаги ахборот очиқ ва улардан фойдаланиш мумкин, деб ҳисоблайди. Тўрт чорак мобайнидаги сўровлар мониторинги бу кўрсаткич 10,5 фоизга ўсганини тасдиқлади. Шунинг баробарида, ҳар учинчи респондент давлат идоралари фаолияти ҳақидаги ахборот ҳаммага ҳам очиқ эмаслигини ва улардан барча бирдек фойдалана олмаслигини таъкидлайди.

Сўровда 81,4 фоиз фуқаро мамлакатда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга барҳам беришда самарали чоралар кўрилмоқда, деб ҳисоблайди. Сўровнома иштирокчиларининг 80,6 фоизи инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, хавфсизлиги юқори даражада таъминланганига урғу берди.

Сўралганларнинг 78,5 фоизи пенсиялар, стипендиялар ва нафақаларнинг ўз вақтида тўланишидан қониқмоқда. 75 фоиз респондентнинг фикрича, улар яшаётган ҳудудда тадбиркорлик ҳамда фермерлик фаолияти учун зарур ва қулай шарт-шароитлар яратилган. 72,7 фоизи эса ёлғиз ва кексаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ҳамда тиббий ёрдамни ташкил қилиш саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолайди.

Аҳоли томонидан бирламчи тиббий муассасаларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли хизмат кўрсатишни таъминлашида сезиларли ўзгаришлар юз бергани, шунингдек, йўловчи транспорти иши ва электр қуввати, газ, ёқилғи таъминоти яхшилангани қайд этилди.

Тадқиқот асносида яшаш жойи, ёши ҳамда ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, аҳолининг аксарият қисмини ўйлантираётган ўткир муаммолар ҳам назардан четда қолмади. Таҳлиллардан аён бўлишича, бандлик масаласи ҳамон долзарб бўлиб турибди. Ўтган йилнинг биринчи чорагида фуқароларнинг 38,3 фоизи ишга жойлашиш ўзи учун ҳаётида ҳал қилувчи аҳамият касб этаётганини айтган бўлса, тўртинчи чоракда сўралганларнинг 29,1 фоизи бу муаммонинг ўткирлигини кўрсатди. Юртдошларимизнинг фикрича, муносиб иш ҳақи тўланадиган яхши, барқарор ишни топиш анча мураккаб ва меҳнат бозоридаги таклиф талабга нисбатан анча камдир.

Мониторинг аҳолини ёқилғи (газ, кўмир ёки ўтин) билан таъминлаш соҳасидаги амалий ишлар ўз натижасини бера бошлаганини кўрсатди. Айни чоғда тоза ичимлик сувининг йўқлиги ёки етишмовчилигига дуч келаётган фуқаролар фоизи камайди (биринчи чоракда бу 20,9 фоизни ташкил этгани ҳолда йил охирига келиб 17,7 фоизга тушди). Бухоро, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятлари аҳолисининг ярмидан кўпи сифатли ичимлик суви ўз вақтида ва узлуксиз берилмаётганини кўрсатиб ўтдилар.

Маълумки, бугун юртимизда бунёдкорлик ишлари тобора жадал тус олаётгани аҳолининг тураржой таъминотида салмоқли кўрсаткичларга эришишда муҳим омил бўлмоқда. Бу ўтказилган сўровда ҳам яққол акс этди. Жумладан, сўралганлар орасида уй-жойга муҳтожлар 21,9 фоиздан 17,2 фоизга камайди. Давр талабларига мос равишда сифатли таълим олиш ва олий ўқув юртида ўқиш ҳақини тўлаш, малакали тиббий хизмат ҳамда дори-дармон сотиб олиш, коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаш фуқароларнинг айрим тоифалари учун муайян қийинчиликлар туғдираётгани ҳам ҳақиқат.

Шахсий тураржойлар учун кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифати ҳамда барқарорлиги билан боғлиқ саволга эса 55,6 фоиз респондент марказлашган иситиш тизими хизматидан мунтазам фойдаланиш имкониятига эга эмаслигини билдирди. Аҳамиятлиси, кўпчилик (80,9 фоиз)нинг фикрича, шаҳарларда ҳам, қишлоқларда ҳам аҳолига электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш бўйича вазият яхшиланди.

Олиб борилган мониторинг юртимизнинг айрим ҳудудларида коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятини замонавий талаб ва меъёрларга мос янада модернизациялаш ҳамда такомиллаштириш айни зарурат эканидан далолат беради.

Умуман олганда, фуқароларимизнинг давлат идоралари фаолиятидан қониқиш ҳиссининг ортиб бораётгани Ҳаракатлар стратегияси доирасида замонавий инновацион тараққиёт тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда, давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ошириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш мақсадларига йўналтирилган ислоҳотларнинг нечоғли ҳаётбахшлигини исботлайди.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази маълумотлари асосида Ф.МАҲКАМОВА тайёрлади.

Мавзуга оид