Спорт | 12:10 / 16.01.2018
35055
2 дақиқада ўқилади

Одил Аҳмедов Ўзбекистон терма жамоаси учун қандай мураббий кераклигини айтди

Фото: KUN.UZ

Хитойнинг «Шангҳай СИПГ» ва Ўзбекистон терма жамоаси яримҳимоячиси Одил Аҳмедов миллий терма жамоани бошқариши мумкин бўлган мураббий қандай бўлиши лозимлиги ҳақида фикр билдирди

«ЎФФ раҳбарияти Осиё футболини яқиндан биладиган, жаҳон чемпионатида ишлаш тажрибасига эга таниқли мураббий олиб келиш ҳаракатида. Айтилишича, ҳозир музокаралар давом этяпти. Тез орада янгилик эшитсак, ажабмас. Мана, Марокаш ва Эрон термаларига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Менимча, шу ўйинлар муддатига қадар янги мураббий билан танишсак керак.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, кучли мутахассис тайинланиши тарафдоримиз. Битта ёрқин мисол: италиялик Марчело Липпи Хитой термасини қисқа фурсатда кескин кучайтирди. Буни ҳамма кўрди. Тўғри, хитойликлар биз каби мундиалга чиқа олмади. Аммо фикримча, Хитой жамоаси ўз потенциалидан юқорироқ натижага эришди. Оддий таққосласак, биз аслида Хитой термасидан сезиларли даражада кучли бўлсакда, бу натижада акс этмади. Эрон термаси муваффақиятида эса футболчилардан кўра, Карлуш Кейрушнинг ҳиссаси катта. Демоқчиманки, бизга ҳам Кейруш ва Липпи даражасидаги мураббий керак», дея Одил Аҳмедовнинг сўзларини келтириб ўтган «Интерфутбол» нашри.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов терма жамоа бош мураббийлиги учун мураббийлар билан музокаралар ўтказиш мақсадида хорижда бўлиб турибди. Ўзбекистон терма жамоасини бошқариш учун сербиялик Славолюб Муслин асосий даъвогар бўлиб турибди.

Мавзуга оид